«Навоий саноатни ривожлантириш комплекси» махсус саноат парки дирекцияси директори сифатида ишлаб келган Наримонжон Нўмонович Исмоилов Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ҳокими бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
14 июль куни шаҳарда Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросида йўл қўйилган камчиликлар ва навбатдаги муҳим вазифалар юзасидан таҳлилий маъруза қилди.


Мазкур йиғилишда 2022 йил май ойидан бери шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Насрулла Бабаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Маълумот учун, янги ҳоким Исмоилов 2017 йилда Тошкент шаҳри иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишга киришгани ҳам маълум.
Бир кун аввал Шавкат Мирзиёев янги йўлга қўйилган электропоездда Тошкентдан Бекобод шаҳрига борганди. Ташриф давомида давлат раҳбари Ўзбекистон металлургия комбинатидаги янги лойиҳалар билан танишди, шунингдек, «Дўстлик» маҳалласида бўлди.


