Хоразм вилоятидаги барча давлат боғчалари 14 июлдан 17 июлгача ёпилди. Муассасалар ўз ишини 20 июлдан давом эттиради. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Айни вақтда, Навоий вилоятида ҳам шундай чекловлар бор, фақат у айрим туманларга тааллуқли. 14 июлдан 17 июлгача Учқудуқ ва Нурота туманларидаги давлат боғчалари, шунингдек, Томди ва Конимех туманларидаги айрим мактабгача таълим муассасалари ёпилади.
Вилоятнинг қолган ҳудудларида боғчаларда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ва зарур шароитлар мавжудлиги текширилмоқда. Унинг натижаларига кўра, қўшимча чоралар кўрилиши мумкинлиги маълум бўлади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг Gazeta’га маълум қилишича, боғчалар фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича қарорлар ҳар бир ҳудуд томонидан Ўзгидромет, ҳокимиятлар ва СЭС хулосалари асосида мустақил равишда қабул қилинади.
«Улар вазиятни кўриб чиқади, ўрганади ва кейин ўзлари қарор қабул қилади. Бу боғчалар 100 фоиз ёпилади дегани эмас», — деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова.
13 июлдан бошлаб иссиқ об-ҳаво туфайли Нукус шаҳри ва Қорақалпоғистоннинг саккизта туманидаги давлат ва хусусий боғчалар вақтинча ёпилган.
Ўзгидромет аввалроқ 13 июлдан 17 июлгача Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келиши ҳақида огоҳлантирганди. Кундузи ҳаво ҳарорати +41…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +44…+46 даражагача исиши кутилмоқда.
