Доҳада бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Лусаил саройида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашиб, мулоқот аввалида унга отаси — собиқ амир Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.


Учрашувда шайх Ҳамад Ол Соний Қатар эришган кўплаб тарихий ютуқлар, улкан бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги жадал ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига улкан ҳисса қўшган сиёсат арбоби бўлгани таъкидланди.
Шу билан бирга, унинг бу икки мамлакат ўртасидаги яқин дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдаги самарали меҳнати алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Қатар бугунги кунда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрин эгаллаётгани, халқаро майдонда катта таъсирга эга «Доҳа овози» пайдо бўлганини эътироф этди.
Икки давлат етакчилари Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, кўп қиррали алоқаларни янги босқичга кўтариш, долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилди.
Ўз навбатида, Қатар амири Ўзбекистон президентига ушбу синовли дамларда шахсан ташриф буюриб, билдирган самимий ҳамдардлиги ҳамда дўстона қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари Қатар амирини ўзига қулай бўлган фурсатларда мамлакатга ташриф буюришга таклиф этди.


Шундан сўнг президент ташрифни якунланлаб, Доҳадан Тошкентга жўнаб кетди.




