Telegram мессенжерининг қисқа ҳаволалар учун фойдаланиладиган t.me домени бутун дунё бўйлаб ишламай қолди. Шу сабабли ушбу форматдаги ҳаволалар браузерда очилмаяпти.

Браузерларда Telegram’нинг t.me форматидаги қисқа ҳаволалари ишламай қолганидан кейин мессенжер telegram.me доменига ўтди. Масалан, илова ўрнига ҳаволасини таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, Telegram иловаларининг ўзи ҳали ҳам t.me форматидаги ҳаволаларни танимоқда ва уларни мессенжер ичида очмоқда.

«Код Дурова»нинг ёзишича, домен ҳозирча номаълум сабабларга кўра реестр даражасида блоклаб қўйилган — t.me сайтида serverHold статуси пайдо бўлган. Қайд этилишича, бундай статус ҳуқуқий низо, ички текширув, ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби, реестр қоидаларининг бузилиши ёки техник хатолик туфайли қўлланиши мумкин.

t.me домени Черногориянинг миллий домен ҳудудига тегишли бўлиб, реестр оператори doMEn компанияси ҳисобланади. Бу ерда гап «Роскомнадзор» ёки Россия алоқа операторлари томонидан блокланиш ҳақида кетмаяпти, деб таъкидлайди «Код Дурова».

Telegram асосчиси Павел Дуров X ижтимоий тармоғи орқали регистраторга мурожаат қилиб, блокланиш сабабини тушунтиришни сўради. «Эй domainME, t.me ҳаволалари ишламай қолди. Муаммо нимада эканини аниқлаштириб бера оласанми?» — деб ёзди Дуров.