2026 йил 1 августдан бошлаб Туркиянинг SunExpress авиакомпанияси илк бор Измир – Тошкент – Измир йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни амалга оширишни бошлайди. Парвозлар ҳафтасига тўрт марта 189 нафар йўловчига мўлжалланган Boeing 737-800 русумидаги ҳаво кемаларида бажарилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.
«Тарихда илк бор Тошкент ва Измир шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам авиаалоқа йўлга қўйилиб, бу икки мамлакат ўртасидаги туристик, бизнес ва маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, SunExpress Ўзбекистон авиация бозорига илк бор кириб келмоқда ҳамда мамлакатга мунтазам рейсларни амалга оширувчи учинчи Туркия авиакомпаниясига айланади. Бундан ташқари, авиакомпания келгуси йил бошидан Фарғона водийсидаги аэропортларга ҳам мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида мунтазам авиақатновлар Turkish Airlines ҳамда AJet авиакомпаниялари томонидан амалга оширилмоқда.
SunExpress — Туркиянинг етакчи лоукостер авиакомпанияларидан бири бўлиб, 1989 йилда Turkish Airlines ва Lufthansa компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган. Авиакомпания Анталия ва Измир шаҳарларида базалашган бўлиб, Европа, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Марказий Осиёнинг 37 та мамлакатидаги 250 дан ортиқ йўналиш бўйича мунтазам авиақатновларни амалга оширади.