Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида Мустақиллик шоҳ кўчасини комплекс янгилашнинг биринчи босқичи якунланиш арафасида. Йўлнинг бир қисмида асфальт ётқизиш ишлари тугалланди ва яқин кунларда ушбу ҳудуд транспорт ҳаракати учун очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар қилди.
Ишлар доирасида мутахассислар 23 минг квадрат метр эски асфальт қопламасини олиб ташлаб, шунча ҳажмда йирик донали асфальт-бетон ётқизди. Қарийб 29 минг квадрат метр майдонга базальт геотўри ётқизилди.
Ҳозирда 23 минг квадрат метр майдонга ПШМА-20 (энг йирик шағал донаси ўлчами 20 мм бўлган полимер-шағал-мастикали асфальт-бетон аралашмаси) қопламаси ётқизилмоқда. ЙҲТЭМ маълумотига кўра, ушбу қоплама юқори транспорт юкламаларига, иссиқ ҳавода деформацияланишга ва излар ҳосил бўлишига чидамли бўлиб, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган.
Шу билан бирга, сув қочириш тизими ҳам янгиланмоқда. 1,14 км узунликдаги сув қочириш лотоги янгиланди, 111 метр металл қувур алмаштирилди. 1,3 км янги бордюр ўрнатилди, йўл четидаги яна 1,14 км бордюр янгиланди. Ажратувчи тасмадаги 566 метр эски бордюр демонтж қилинди.
ЙҲТЭМ таъкидлашича, бу ишлар ёғингарчилик вақтида сувнинг йўл юзасида тўпланиб қолиши олдини олиш ва асфальт қопламасининг хизмат муддатини узайтиришга хизмат қилади.
Шоҳ кўчада ташқи ёритиш тизими ҳам янгиланмоқда. 34 та эски ёритиш устуни ўрнига 67 та янги устун ўрнатиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, бу ерда учта автобус майдончаси ташкил этилмоқда ва учта янги автобус бекати павильони ўрнатилмоқда. Йўловчилар учун кутиш ҳудудлари кенгайтирилиб, тактил йўналтирувчи плиталар билан жиҳозланади.
ЙҲТЭМ маълумотига кўра, ишларга 30 дан ортиқ махсус техника ва 250 нафардан зиёд ишчи ҳамда мутахассис жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, капитал таъмирлаш ишлари сабабли Мустақиллик шоҳ кўчасининг Мирзо Улуғбек кўчаси кесишмасидан Оққўрғон кўчасигача бўлган қисми 13 июлгача ёпилган эди. Бироқ ишларни белгиланган муддатда якунлашнинг иложи бўлмади.