15 июлдан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ҳамда таълим шаклини ўзгартириш бўйича аризалар қабули расман бошланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, аризалар 5 августга қадар (шу куни ҳам) transfer.edu.uz платформаси орқали онлайн қабул қилинади.
Тизим орқали талабалар ўқишни бир давлат ОТМидан бошқасига кўчириш, ўқишни қайта тиклаш ва таълим шаклини ўзгартириш учун мурожаат юборишлари мумкин.
Янги тартибга мувофиқ, ҳужжат топшириш жараёни соддалаштирилди. Энди умумтаълим фанлари ҳамда чет тили бўйича миллий сертификатлар ахборот тизими орқали автоматик тарзда аниқланади. Фақат хорижий сертификатларни юклаш талаби сақлаб қолинган.
Масъуллар талабгорларга аризаларни белгиланган муддатдан кечиктирмасдан тақдим этишни тавсия этмоқда.