• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда очиқ ҳаводаги ишларни соат 11:00 дан 16:00 гача қисқартириш тавсия этилди



Ўзбекистонда иш берувчиларга очиқ ҳавода ишлайдиган ходимлар учун меҳнат шароитларини қайта кўриб чиқиш ҳамда имконият бўлса, куннинг энг иссиқ соатларида бундай ишларни қисқартириш ёки тўхтатиб туриш тавсия қилинди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.

Инспекция қайд этишича, кучли иссиқлик иссиқ уриши, организмнинг сувсизланиши ҳамда юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш иш берувчининг қонуний мажбурияти экани таъкидланди.

Хусусан, иш берувчиларга очиқ ҳавода бажариладиган ишлар ҳажмини қисқартириш ёки уларни соат 11:00 дан 16:00 гача вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилди. Шунингдек, ушбу вақт оралиғида оғир жисмоний меҳнатга йўл қўймаслик таклиф қилинди.

Ходимлар етарли миқдорда ичимлик суви билан таъминланиши, шунингдек, улар учун сояли ва совитиладиган жойларда мунтазам дам олиш имкони яратилган дам олиш жойлари ташкил этилиши лозим.

Инспекция, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга қўймасликка чақирди. Очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун ҳаво ўтказувчи кийимлар ва қуёшдан ҳимоя қилувчи бош кийимлар назарда тутилиши тавсия этилди.

Иш берувчилар ходимларга иссиқ уришининг белгилари ва аҳвол ёмонлашганда қандай ҳаракат қилишни ўргатиши керак. Зарур ҳолларда жабрланган шахсга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим.

Аввалроқ Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси яқинлашиб келаётган аномал иссиқлик тўлқини муносабати билан фуқаролар ва давлат ташкилотлари учун тавсияларини эълон қилганди.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 13−17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати +41…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +44…+46 даражагача кўтарилади.

Иссиқ об-ҳаво фонида бошқа соҳаларда ҳам чекловлар жорий этилди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида юк машиналари ҳаракати чекланди, Хоразм, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистонда айрим боғчалар вақтинча ёпилди. 15 июлдан бошлаб Тошкент метросининг ер усти участкаларида поездлар тезлиги соатига 60 километрдан 40 километргача пасайтирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *