• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда электр истеъмоли бўйича янги рекорд ўрнатилди


Ўзбекистонда 14 июль куни электр энергияси истеъмоли бўйича янги суткалик рекорд қайд этилди — 284 млн кВт/соат, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу кўрсаткич ҳам 2026 йил 13 июлда ўрнатилган аввалги ёзги рекорддан (278,6 млн кВт/соат), ҳам 2026 йил 24 январда қайд этилган қишки максимал кўрсаткичдан (283 млн кВт/соат) ошиб кетди.

Ўтган сешанба куни электр энергиясининг суткалик ишлаб чиқарилиши 287,3 млн кВт/соатни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ҳам электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қишки максимал даражасидан (277,6 млн кВт/соат) 9,7 млн кВт/соатга ёки 3,49 фоизга кўп бўлди.

Вазирлик юқори истеъмол даврида барқарор электрни таъминлаш учун энергетика корхоналарининг авариявий-тиклаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишлаётгани таъкидлади. Куни кеча энергетиклар Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Сергели ва Олмазор туманларидаги электр тармоқларининг айрим участкаларида юзага келган носозликларни тезкорлик билан бартараф этганди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қарши, Косон, Кўкдала, Қамаши, Ғузор, Китоб ва Чироқчи туманларида кучли шамол туфайли айрим электр узатиш тармоқларида ўчишлар содир бўлган.

Энергетика вазирлиги, шунингдек, истеъмолчиларни электр энергиясидан оқилона ва тежаб фойдаланишга чақирди. «Кондиционерлардан 24−26 даража ҳароратда фойдаланишни ҳамда уларнинг фильтрларини мунтазам тозалаб туришни алоҳида тавсия этамиз. Бу ускунанинг самарали ишлашини таъминлайди, электр энергияси истеъмолини камайтиради, электр тармоқларининг қизиб кетишини олдини олади ҳамда саломатлик учун қулай ва хавфсиз шароит яратади», — дея қўшимча қилди вазирлик.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *