Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида дарахтлар, буталар ва бошқа яшил майдонларни суғориш ишлари кучайтирилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Мазкур чора-тадбирлар мамлакатга аномал иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши ва ҳаво ҳароратининг +44…+46 даражагача кўтарилиши муносабати билан кўрилмоқда.
Суғориш ишлари намликнинг буғланиши энг кам бўлган тонгги, кечки ва тунги соатларда олиб борилмоқда, дея қайд этди идора.
Бундан ташқари, юқори ҳароратнинг аҳолига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида махсус техникалар ёрдамида шаҳар кўчалари ва жамоат жойларига сув сепиш ташкил этилди.
Қўмита Андижон, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва бошқа вилоятларда олиб борилаётган ишлардан фотосуратларни эълон қилди.
Ўзгидромет аввалроқ 13−17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирганди. Кундузи ҳаво ҳарорати +41…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +44…+46 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда.
Иссиқ об-ҳаво фонида Тошкентда жорий ҳафта бошидан марказий кўчалар ва дарахтларга сув сепиш бошланди, фавворалар эса узлуксиз иш режимига ўтказилди.
Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида, шунингдек, Навоий вилоятининг айрим туманларида болалар боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилди, Сурхондарё вилоятида эса кундузи юк машиналари ҳаракати чекланди.
