• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда арматурани маркировкалаш ва қонунбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилди


Ўзбекистонда қурилиш арматураси бозори устидан назоратни кучайтириш, жумладан, маҳсулотларни рақамли маркировкалашни жорий этиш, уларнинг кузатув тизимини яратиш ҳамда қонунбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилди. Бу таклифлар президент Шавкат Мирзиёевга Бекободга ташрифи чоғида тақдим этилди.

Тақдимотда Ўзбекистондаги амалдаги тартиб Европа Иттифоқи, Туркия ва Япония тажрибаси билан таққосланди. Слайдни «Ўзбекистон 24» телеканали намойиш қилди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда арматура мувофиқлиги сертификатлаштириш орқали баҳоланади (Европа Иттифоқи ва Туркияда — декларация, Японияда — синов орқали), мувофиқлик белгиси эса ихтиёрий ҳисобланади (бошқа мамлакатларда — CE, TSE, JIS).

Шунингдек, бозорни назорат қилиш бўйича аниқ ваколатларга эга ягона давлат органи мавжуд эмас, ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаган, маҳсулотларни кузатиб бориш тизими амал қилмайди (кўрсатилган мамлакатларда эса QR-кодли маркировка қўлланилади).

Техник тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаровнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг арматурага бўлган йиллик эҳтиёжи 3,7 млн тоннани ташкил этади.

Мамлакатда йилига 3,2 млн тонна арматура ишлаб чиқарадиган 11 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчи фаолият юритмоқда, уларда 24 та сертификат мавжуд. Қолган эҳтиёж (0,5 млн тонна) эса 151 та сертификат берилган 32 та импортёр ҳисобига қопланади.

Унинг сўзларига кўра, хорижий тажриба ўрганилгандан сўнг президентга бозорни назорат қилишнинг янги тизими бўйича таклифлар тақдим этилган.

«Давлатимиз раҳбари янги тизимни, хусусан, маркировкалаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берди. Бу маркировка нима беради? У ишлаб чиқариш ёки импортдан тортиб қурилиш объектигача бўлган бутун занжирни тўлиқ кузатиш имконини беради», — деди Акмал Жуманазаров.

Акмал ЖуманазаровАкмал Жуманазаров

Хусусан, Туркиядаги IDIS тизими намунасида арматурани маркировкалашни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Давлат харидлари ва божхона органлари тизимларини бошқа давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, «қора рўйхат»га киритилган маҳсулотлар электрон харидларда иштирок этишига йўл қўймаслик таклиф этилмоқда.

Яна бир таклиф халқаро стандартлар талабларини, жумладан, циклик синовлар ва арматуранинг коррозияга чидамлилигини текширишни жорий этишга тааллуқли.

Ҳукумат маҳсулот мувофиқлигини баҳоловчи ваколатли органни ташкил этиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Европанинг NANDO тизими намунасида бундай органлар реестрини юритиш ва улар орқали арматуранинг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини баҳолаш таклиф қилинмоқда.

акмал жуманазаров, арматура, бекобод, ўзметкомбинат, шавкат мирзиёев

Талабларга жавоб бермайдиган арматурани утилизацияга юбориш таклиф этилмоқда. Қонунбузарликка йўл қўйган қурувчилар учун очиқ харидларда иштирок этиш ва шартномалар тузиш ҳуқуқини беш йилгача чеклаш мумкин.

Сифатсиз арматурани шунчаки муомаладан чиқариш эмас, балки уни товар-хомашё биржаси ёки электрон аукцион орқали металлолом сифатида сотиш таклиф этилмоқда. Кейин металлургия корхоналари, жумладан, «Ўзметкомбинат» уни қайта эритиб, хомашё сифатида яна фойдаланиши мумкин бўлади.

Тақдимотда, шунингдек, 17 та ҳолатда лаборатория синовлари арматуранинг механик ва кимёвий хусусиятлари бўйича стандарт талабларига мос эмаслигини аниқлагани маълум қилинди. Барча аниқланган ҳолатлар юзасидан Стандартлар бўйича агентликка тақдимномалар киритилган ва қонунбузарларга нисбатан қонунда назарда тутилган чоралар қўлланилган.

«Президент, шунингдек, сифатсиз ёки талабларга жавоб бермайдиган арматурани етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларга нисбатан қонунчиликни кучайтириш бўйича бир қатор топшириқлар берди. Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, жавобгарликни кучайтириш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритамиз», — деди агентлик директори.

Шунингдек, маҳсулот муомаласи занжирининг барча иштирокчилари учун жавобгарлик белгилаш, жарималарни ошириш ҳамда олти ойгача чеклов чораларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *