Ўзбекистонда ёшлар 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кам, вояга етмаганлар эса 4,5 фоиз кўпроқ жиноят содир этди. Бу ҳақда 14 июль куни ИИВда ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Унинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг ўтган олти ойида мамлакатда жами 14 342 та олдини олиш мумкин бўлган жиноят содир этилди. Бундай ҳолатларнинг 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2309 тага камайишига эришилган.
Рамазон Ашраповнинг таъкидлашича, қатор жиноятлар сони қисқарган бўлса-да, айримларида ўсиш кузатилган. Хусусан, январь-июнь ойларида аёллар 663 та жиноятга қўл урган. Бу рақамлар бир йил олдангига нисбатан 251 тага қисқарган. Ҳисобот даврида ёшлар 2872 та (2025 йил биринчи ярмига нисбатан 996 тага кам), муқаддам судланганлар 979 та (72 тага кам) жиноят содир этган. Шунингдек, ишсиз фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар 2025 йилда 830 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилга келиб бу 574 тагача пасайган.
«Лекин ярим йил ичида вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар ўтган йил мос даврига қараганда 4,5 фоизга кўпайган. Яъни мазкур тоифадаги болалар жорий йилнинг олти ойида 907 та жиноят содир этган, бу эса 2025 йил мос даврида 868 тани ташкил қилган», — дейди Ашрапов.
Аввалроқ олий таълим вазири ўринбосари Сардор Ражабов 2025 йилнинг дастлабки 11 ойида талабалар 585 та жиноят содир этгани — бу бир йил олдингига нисбатан 19 фоизга кам эканини айтганди. Ушбу жиноятларнинг сабаблари асосан осон пул топиш истаги, молиявий қийинчиликлар ва шахсий низолар билан боғлиқ.
