• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Карим, сен демократия қилдинг, биз кўтаролмадик». Карим Баҳриев бошчилигидаги «Ҳуррият» тарихи ва ундан айрим мақолалар


15 июль таниқли журналист, ёзувчи ва таржимон Карим Баҳриевнинг туғилган куни. Ижодкор ҳаёт бўлганида 64 ёшни қаршилаган бўларди. У 2026 йил 29 март санасида оғир хасталикдан сўнг вафот этди.

Карим Баҳирев. Фото: Шахсий архив

Карим Баҳриев узоқ йиллар турли босма нашрларда фаолият юритган, журналистика соҳасига оид ўнлаб китоб ва қўлланма ҳамда бир нечта шеърий ва публицистик асарлар муаллифи. Таржимон сифатида ҳам бир қатор машҳур асарларни ўзбекчалаштирган. Вафотидан қарийб бир йил аввал 150 га яқин мамлакат шоирлари шеърларини жамлаган «Дунё шеърияти» антологияси нашр қилинган.

Карим Баҳриев 2025 йил «Лолазор» подкастида меҳмон бўлган эди. У суҳбат давомида мустақил Ўзбекистондаги биринчи мустақил газета — «Ҳуррият» президент Ислом Каримов ташаббуси билан чиққани, ўша пайтдаги бошқа нашрлардан фарқли равишда цензорнинг қўлидан ўтмаганини таъкидлади.

«Ҳуррият»нинг дастлабки сонлари 5000 нусхада чиқиб, ҳеч қандай обунасиз ҳам қўлма-қўл бўлиб кетган. Иккинчи сонидан сўнг бош вазир ўринбосарларидан бири Карим Баҳриевни чақириб, «мувозанат сақлаш ҳақида» огоҳлантириш берган. Атиги бешта сонидан кейин унга президентнинг ўзи «Карим, сен демократия қилдинг, биз кўтаролмадик», деган.

«Ҳуррият»нинг нишона сони.«Ҳуррият»нинг нишона сони.

Хўш, мамлакат амалдорлари-ю, президентини ташвишга солган ўша газетада қандай мақолалар чиққан эди? Қуйида сана муносабати билан уларнинг айримларини эслаймиз. Ундан аввал Карим Баҳриевнинг ўзи «Лолазор»да айтиб бергани бўйича газета тарихига назар ташлайлик.

«Нега бизда мустақил газета бўлмаслиги керак?»

Ўзбекистон президенти 1996 йил Америкага бордилар. Самолётда учиб кетаётганда ҳам Билл Клинтон Ислом Каримовни қабул қилиш-қилмаслиги номаълум бўлган, Америкадаги яҳудий лоббилари Клинтон билан гаплашиб, 20 дақиқага рухсат олган, деган ҳар хил гаплар бўларди. Клинтон қабулда 18 дақиқа ўзи гапириб, қолган 2 дақиқасида [Ислом Каримовга] «энди сиз нима дейсиз?» деб сўз берган экан.

Кейин Ислом Каримовни Миллий матбуот клубига (National Press Club) жўнатган. Ўша эфирни биз ҳам кўргандик. Шу ерда у киши жуда берилиб гапирди, ҳамма саволга жавоб берди.

[Ўзбекистонда] 1992 йилгача Ислом Каримовга керак бўлса, BBC, «Озодлик»лар ҳам микрофон кўтариб борарди. 92 йиллардан кейин мухолифат, мухолиф матбуот йўқ бўлгач, бу киши билан суҳбатларда фақат «Ахборот», «Давр», «Ўзбекистон» радиоси қатнашадиган бўлди. Қолган журналистлар келмасди. Бора-бора журналистларга саволлар ёзиб бериладиган, у киши ҳам ўша саволларга жавоб тайёрлаб келадиган бўлди. Яъни кутилмаган савол ҳам бўлмасди-да.

Америкага борганда журналистлар турли-туман саволлар берган. Ҳатто биттаси «Сизни авторитар ҳукмдор дейишади», деса, «Ҳа, бу ўзи тўғри. Менинг амалдорларимда, «министр»ларимда ташаббус йўқ. Бу мамлакатдаги бир мих у ёқ-бу ёққа қимирласа ҳам мен ҳал қилишим керак. Бирортаси бир ташаббусни олмайди. Мен ҳам Финландиянинг президентига ўхшаб шанба-якшанба ҳовлимда дам олгим келади», — деб гапирганлар.

Ўша пайт Финландия президенти «Огонёк» журналидаги интервьюсида душанбадан-жумагача ишлаши, шанба-якшанба дачасида дам олиши ҳақида гапирган. Ислом Каримов ўша вақтлари жуда оддий эди, кечаси 11−12 гача ишлардилар. Энди ҳамма биринчи «срок»лар қаттиқ ишлайди, иккинчи «срок»да аста-аста манманлик, мендан бошқа одам одам эмас экан, дейиш бошланади-да.

Ислом Каримов АҚШ президенти Билль Клинтон билан Оқ уйда. 1996 йил 25 июнь. Фото: Getty ImagesИслом Каримов АҚШ президенти Билль Клинтон билан Оқ уйда. 1996 йил 25 июнь. Фото: Getty Images

Ўша ерда «Нега бизда мустақил бир газета, миллий матбуот клуби бўлмаслиги керак?» деб ўйланиб қолганлар. Ўзбекистон миллий матбуот маркази очиладиган бўлди. Кейин «Ҳуррият» номли газета чиқарайлик, деган ғоя пайдо бўлган. «Ҳуррият» — биринчидан, Беҳбудийлар замонидан қолган, ҳам озодлик деган маънони англатади.

«Бунақа газета чиқса, Карим чиқаради»

Мен бош-қошида ўтирмаганман, менга айтиб беришларича, [газетага бош муҳаррирлик учун] Хуршид Дўстмуҳаммад, Хуршид Даврон, Ёқубжон Хўжамбердиев номзодларини олиб киришган. Ислом Каримов кўрган эканлар-да, уларни йиртиб ташлаб, «Карим Баҳриев Америкага бориб келди-ку, шуни олиб келинглар, бунақа газета чиқса, шу чиқаради», — деган эканлар.

Чапдан ўнгга: Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ёқубжон Хўжамбердиев. Скрин: «Лолазор» подкасти Чапдан ўнгга: Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ёқубжон Хўжамбердиев. Скрин: «Лолазор» подкасти

Ислом Каримовдан олти ой олдин Америкага делегация билан мен ҳам боргандим. Шерикларимнинг ҳаммаси аппаратга яқин одамлар, уларнинг ичида бир мен «кўчадан борган» эдим. Лекин у квота менга президент аппаратидан келган, яъни президентнинг хабарлари бўлган.

Эрталаб уйда турсам болаларда баъзи бир дарсликлар йўқ экан. Мактабларда дарсликлар етмасди-да. Давлат матбуот қўмитасида ишлайдиган Жаббор Раззоқовга телефон қилиб, мана бу, мана бу синфлардаги фалон-фалон дарсликлар йўқ экан, дедим. «Ие, ҳамма нашриёт чиққан исталган китобдан бизга икки дона олиб келади. Менинг хонам тўла, топиб бераман», — дедилар.

Кейин Жаббор аканинг олдиларига бордим. Машинамни кўчага қўйиб, икки ярим-уч соат гаплашиб ўтирдим. Соат тахминан ўн икки-бирларга яқин у ердан чиқиб, машинамга ўтириб, 20 метр юрганимдан сўнг милициялар ўраб олди.

«Ҳуррият»нинг чиқиши ҳақида гап эрталаб бўлган, соат иккида Ислом Каримов ўша гуруҳни қабул қилиши керак экан. Қўл телефонлари йўқ, уйга телефон қилишса, «кўчага чиқдилар, қаерга кетганларини ҳам билмаймиз», дейишган.

Машинамнинг рақами маълум бўлган-ку, шу рақамли машина қаерда бўлса, тўхтатинглар ва президент аппаратига олиб келинглар, деб шаҳар ГАИга маълумот берилган экан. Олдимдан милициялар тушиб, президент аппаратига олиб кетди.

Бир давлат маслаҳатчиси «Соч-соқолларингизни олиб, галстук тақиб, костюм-шим кийиб, келинг, соат иккида қабул қиладилар, у гапни гапиринг, бу гапни гапирманг», дегандай қилди. «Ҳа» деб, қулоғимнинг бир ёғидан ўтиб кетди, мен сўраб, гаплашаманми?

Ўша куни, яъни 19 декабрда Ислом Каримов қабул қилдилар. Мана шунақа стол, тўрида Ислом Каримовга жой қилинган экан. «Мен тепада, булар пастда ўтирса, президиум ва зал бўлиб қолади. Мен шу Каримнинг тўғрисида ўтираман», дедилар. Ёнларида Темур Алиев, Ўткир Раҳмат, Мурод Муҳаммад Дўст ўтирди. Биз томонда Аҳмаджон Мелибоев, Амирқул Каримов, Рўзмат Сафоевлар.

Карим Баҳриев биринчи президент Ислом Каримов билан.Карим Баҳриев биринчи президент Ислом Каримов билан.

Амирқул Каримов [янги очилган] Миллий матбуот маркази раиси эди. «Ҳуррият»нинг муассиси Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий фонди бўлган. Унинг ижрочи директори, яъни пулга хўжайини Рўзмат Сафоев бўлган. Фондга Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмаджон Мелибоев ва Аҳмад Аъзамлар олти ой-олти ойдан алмашиб, раислик қилиши керак эди. Биринчи олти ой Аҳмаджон Мелибоев бўлдилар.

Энди айтаверса, гап кўп. Рост гап — мен президентга «Ҳуррият»га бошлиқ бўлмайман, дедим. «Нега?» дедилар. «Сиз чиройли гапларни гапирасиз, биз қанот чиқариб учамиз, кейин амалдорларингиз бу қанотни синдиради. Қайтиб кираман десак, қанча қўриқчингиз бор, бу ерга қайтиб кира олмаймиз», — дедим. Мени сиз деб тургандилар, «Сен ўзи мен билан ишлашни истамайсан! Шунча йилда мен ҳақимда бир оғиз илиқ сўз ёзмадинг!» деб, сансираб бир дўқ ургандилар, «Майли, бўламан» дедим. Қамаб юборадилар шекилли, деб қўрқиб қолдим. Шу билан рози бўлдик.

««Ҳуррият»ни чиқарсанг, шу амалдорларни танқид қил»

Кейин насиҳат қилдилар. Ислом Каримов, албатта, мураккаб шахс. Энди у киши сиёсатчи-да, доғули (муғомбир) бир сиёсатчи. Яхши, жасур қилган ишлари, гаплари ҳам кўп. Билмайди эмас, халқнинг аҳволини билардилар.

«Мен яқинда Наманганга бордим. Одамларга, „қалай сиёсатим“ десам, ҳаммаси яхши, деб турибди. Лекин кўзининг ичига қарасанг, бир дарди бор, лекин менга „яхши-яхши“ деб турибди. Кейин Бухорога бордим. Биласиз, мен мажлис қилсам, агар биров гаплашиб ўтирган бўлса, ё ўрнидан турғизаман, ё ишдан ҳайдаб юбораман. Шунинг учун мажлисимда ҳеч ким гаплаша олмайди. Ҳеч қайси гаплашмаяптию, кўзига қараб ўтирибман, „Ин ҳам мегузарад“ (тожикчада „бу ҳам ўтиб кетади“) деб ўтирибди», — дедилар. Яъни, Шароф Рашидов кетди, Иномжон Усмонхўжаев кетди, Рафиқ Нишонов кетди, бу ҳам кетади-да, Бухоро бизники деб турибди, — дедилар.

«Халқ бу амалдорларнинг қўлида порахўрлик, ўғриликдан қийналди. Сен „Ҳуррият“ чиқарсанг, шуларни танқид қил», — дедилар. Мана бунақа қарасангиз, билса бўладики, одамларнинг дардини ҳам кўрган, билган эканлар, дейман-да. «Сен бу амалдорларни, бу аблаҳларни ёз. Давлатнинг раҳбари деб мени ҳурмат қилсанг майли, ўзинг биласан, лекин бу аблаҳларни ёзиш керак», — дедилар. Мен ҳам жўшиб кетиб, беш сон ёзган эдим, кейин тугади-да.

«Ука, мувозанат қил»

Нишона сони 1996 йил 27 декабрда чиққан. Аввалги «Ҳуррият» очилганига олти ой бўлиб, чиқарганлар қамалиб, отилиб кетган. [Шунинг учун] биринчи сонида Бегали Қосимовнинг «Бу «Ҳуррият»нинг тақдири у «Ҳуррият»га ўхшамасин» деган мазмундаги мақоласини чиқардик.

Одамлар 1997 йил январида чиққан иккинчи сонини эрталаб газета дўконига келиб кутиб ўтирган. Соат саккизда сотилиб кетаверган, ҳали обуна бошлангани йўқ эди. Шу сондан кейин бош вазирнинг ижтимоий соҳа бўйича ўринбосари Алишер Азизхўжаев мен билан Аҳмаджон Мелибоевни чақирди. Энди ғалати гаплар [бўлди], бу ерга гапирсам, мен рости, миллатчилик, маҳаллийчилик, дин масалаларини кўп гапирмасликка ҳаракат қиламан. Одамларни ажратадиган бир нарсани айтмайман.

Лекин шу Алишер акада маҳаллийчилик бор эди-да, буни ҳамма гапиради. «Газета чиқишидан олдин кеча сени, поездга осилиб келганлар[ни] чақириб, Ислом Абдуғаниевич уч соат гаплашибдилар. Мен буни эшитдим. Лекин Ўзбекистонни фақат у киши бошқариб юргани йўқ, ука. Танқид қилиб урибсан», — деди.

«Алишер Аббосович, мана олдингизда газета турибди, дастурхондай бир гап, шунинг қайси сўзи нотўғри?» — дедим. «Ҳаммаси тўғри. Лекин мана сен Американи кўргансан, Москвада ўқигансан, ука, мувозанат қил. 30 та мақола танқидий бўлсин, 30 таси ижобий, қанақадир мувозанат бўлсин», — дедилар.

«Алишер Аббосович, Ўзбекистонда нечта газета-журнал бор?» десам, «1000 та», — дедилар. Ўша пайтда 600 тача газета, 400 тача журнал бор эди. «Шу битта газета ҳақиқатни ёзиб турибди, 999 таси ёлғон ёзибди. Бу ерда мувозанат қани?» десам, «Уч кун ичида газетангни ҳам ёпаман, ўзингни ҳам қаматаман. Нима деяпсан сан?» — деб сўкиб кетдилар-да.

Кейин мен ҳам «пошёл ты» деган гапни гапирдим. Аҳмаджон Мелибоев оёғимни босди, кўчага чиқдим-кетдим. Кейин Аҳмаджон ака «Бу қамаб юбораман деяпти-ку, шу гапларни бекор қилдиз», — дедилар.

«Бу қайси соҳага қарайди?», десам, ижтимоий соҳага, дейишди. Эркин Юсуфов деган яхши иқтисодчи олим бор эди, кейинчалик депутат бўлди. Шу йигитга «Ижтимоий соҳани таҳлил қилган мақолангиз борми?», дедим. Шартта шу мақолани босдим.

«Муҳаррирнинг вазифаси — тепадан келган босимларга туриб бериш»

Энг қизиғи, менинг ўзим «Ҳуррият»нинг бешта сонига бир сатр ёзганим йўқ. «Адабиёт» газетасининг тиражини 1 миллионга чиқарган Одил Ёқубов ҳам мақола ёзмаган-ку. Бош муҳаррирнинг вазифаси жасорат — яъни туриб бериш, тепадан бўлган босимларга чидаш-да. Иккита сонда кучли мақолаларни босганимиздан кейин битта-ярим [танқидий] мақола ёзиб, у ёқ-бу ёқдан қайтиб юрган журналистлар ҳам кела бошлади. Ёққанларини босавердим.

Ўзбекистоннинг ҳамма газета-журнали, ҳатто «Ўзбекистон темир йўллари» деган газеталаргача цензурадан ўтарди. Цензорнинг печатисиз газеталар босилмасди. Ўша учрашувда Ислом Абдуғаниевич «Каримнинг газетасига ўзи қўл қўйса, чиқаверади, бу цензура қилинмайди», деб ваъда берганлар. Қўл қўйдим, чиқиб кетди. Тўполон бўлиб, халқ газетани ўқиб ётибди.

Учинчи сонга келиш арафасида мени чақирдилар. «Каримжон, албатта, сенинг характеринг [бор], бир қайсар йигитсан. Лекин бизнинг цензоримиз, шу соҳада 40 йилдан бери ишлайди», — дедилар. Ўша цензор Эркин Комилов деган одам бўлиб, у 1933 йилда Сталиннинг фармони билан бўлган биринчи цензорнинг шогирди экан.

«Бу цензор жуда тажрибали. Ўнта мақолани олиб ташла, деса, тўққизтаси қолиб, биттасини олиб ташласанг ҳам бу сенга фойда бўлади. Эртага бир кун бу феълинг билан ўлиб кетасан. Мана, Гулистоннинг муҳаррири бўлган Иброҳим Раҳим ўлди, жанозасига кўп одам келмади, чунки фелетон ёзиб танқид қиларди. Эртага сен ўлсанг, жанозангга ким келади, шунинг учун сал мақтаб ҳам ёз, цензорга бир кўрсатиб ол», — дедилар.

Келдим-да, Рауф Парфининг атрофида юрадиган Малик Мансурга «„Сен зўрми, мен зўр, цензор?“ деган бир мақола ёз. Мен сенга сарлавҳасини айтдим, у ёғини ўзинг биласан», — дедим. Малик ўша пайтлар талаба эди, ёзди, учинчи сонда чиқди.

Кейин тўртинчи сонни чиқариб «Илтимос, битта кўриб беринг», деб цензорга бордим. «Мен сени кўришни ҳам истамайман!» деб ҳайдаб чиқарди.

«Ё бизни денг, ё шу „хулиган“ болани денг»

Бешинчи сонида Комил Жумаевнинг «Қора икра емаган журналист» деган мақоласини чиқардик. Ислом Каримов бақир-чақир қилиб «Нима, мен энди буларга икра олиб беришим керакми?» деб гапирибди-да. Бу кинояли мақола эди, ундай дейиш учун қанақа тушуниш керак, билмайман.

Ўша сонда телевидение ҳақида ҳам мақола чиққан эди. Менга президент аппаратидан телефон қилиб, «Каримжон, эртага телевидениега раис бўласанми?» — дейишди. «Tелевидениега раис бўлиш учун телевидениени танқид қилганим йўқ, агар тайинласанглар, ўзимга жой очиб олгандай бўламан», — дедим. «Эрталаб келинг, бир гаплашамиз», — дейишди.

Лекин билишимча, ўша кечаси 15 тача амалдор «Ё бизни денг, ё бир шу „хулиган“ болани денг, бўлмаса, биз ишламаймиз», дегандай қилиб президентнинг олдига «Ҳуррият»ни кўтариб кирган экан.

Эрталаб борсам, [президент] «Карим, сен демократия қилдинг, биз кўтара олмадик», — дедилар. Энди ўша пайтлар истиҳола ҳам бор экан деб қолдим-да дунёда. Бошида мен қилмайман, қанотларимни синдиришади, десам, «бос, ўзим орқангда турибман» деб, кейин «Cен демократия қилдинг, биз кўтара олмадик», дедилар.

Аввал «Ҳамма газетани цензура ўқийди, сеникини ҳам ўқисачи?» — дедилар. Мен «Цензура ўқийдиган газета раҳбари бўлмайман», — дедим. «Бўлмаса, сен «редколлегия»да қоласан», — дедилар. «Мен ёлғон газетанинг тагида исмим туришини ҳам истамайман», — дедим. «Майли, бошқа бир «редактор» фамилиясида чиқадиган газетага битта мақола ёз», — дедилар. Хуршид ака [Дўстмуҳаммад]нинг муҳаррирлиги билан чиққан олтинчи сонга «Балиқ ва қармоқ» деган мақола ёздим.

Кейин «Эртага BBC, «Озодлик»лар Ўзбекистонда демократия бўғилди, Карим Баҳриев ҳайдалди, дейди. Ўшаларга берган интервьюларингда мени ҳурмат қилсанг, мени гапирма, лекин мана бу аблаҳ «министр»лар кўтара олмади, деб буларни сўкавер», — дедилар. «Мен BBC, «Озодлик»ка бошқа интервью бермайман», десам, «Сен интервью бермасанг, Каримов шу қадар қўрқитган эканки, у интервью бермаяпти», деб айтади», — дедилар.

Кейин барибир ҳам Каримов ўлгунча уларга интервью бермадим. Ҳатто у киши бора-бора ўзига севгиси баланд бўлиб, ҳеч кимга қулоқ солмай қўйган замонларда ҳам мен шу ваъдамга содиқ қолдим.

«Ҳуррият»дан айрим лавҳалар

Маълумот учун, «Ҳуррият» газетасининг Карим Баҳриев бошчилигида чиққан сонлари Ўзбекистондаги энг йирик кутубхоналар — Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда «Турон» кутубхонасидан ҳам топилмади. Ходимларнинг маълум қилишича, биринчисида газетанинг 1997 йил июлидан, иккинчисида 1999 йилидан бошлаб чиққан сонлари мавжуд.

«Ҳуррият»нинг дастлабки сонларидаги айрим мақолаларни сиз ўқувчиларга етказишда Карим Баҳриевнинг рафиқалари — журналист Илмира Раҳматуллаева ёрдам бердилар. Таҳририят бунинг учун устоз журналистга миннатдорлик билдиради!

«Мен зўрми, сен зўр?! Ёки муҳаррир билан жанг»

Малик Мансуров. 1997 йил, 29 январь.

бегали қосимов, ислом каримов, карим баҳриев, малик мансуров, ҳуррият

Бугунги матбуотимизда ғалати бир дард бор, мабодо биз кимнидир «йўқ» қилишга ёки «кўтариш»га уриндикми, долзарб, оғриқли мавзуни ёздикми, юксак маърузалардан, ҳукумат қарорларидан «илоҳий куч» тариқасида фойдаланамиз. Шунинг ўзиёқ матбуот нуқтаи назарини йўққа чиқаради. Мен ҳам ана шу анъанани четлаб ўтолмадим.

Маълумки, яқинда Ўзбекистон Президенти томонидан матбуотни демократиялаштириш борасида яна бир «туртки» бериб ўтилди. Бу ҳақда матбуотга берилган хабарлардан барчамиз танишмиз. Айнан шу ҳақда тўхталишимизнинг сабаби ҳали эркинлик, демократиялаштириш жараёнига кўтарилиши керак бўлган матбуотнинг ўзида шундай намоёндалар учрайдики, улар билан курашиш учун беихтиёр ўша «илоҳий куч» тўқмоққа мурожаат қилишга тўғри келади (бошқа усулларни ахтариб овора бўлиб юрманг).

Матбуотни эркинлаштириш учун аввало унинг ичида қандайдир силкиниш керакка ўхшайди. Хўш, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаёт аксига айланиши керак бўлган матбуот нега… ҳалиги жониворнинг кейинги оёғи сингари оқсаяпти? Биринчи навбатда унинг ижодкори саналмиш журналистлар ҳаётига назар ташлайлик. (Моддий томони ҳақида кейин тўхталамиз).

Бизда матбуот қироллигига даъвогар журналистлар кўплаб топилади. Лекин айни пайтда нуқтаи назарни ифода эта оладиган бирор журналистни биласизми? Яхшиси, шу ифода жараёнига чуқурроқ қарайлик. Ҳозир кўпчилик мухбирлар учун ўша фикрий ифода этишнинг асло ҳожати йўқ. Нима бўлганда ҳам кўпроқ қалам ҳақи ишлаш лозим ва бу ҳозирги иқтисодий ҳолатда мутлақо табиий.

Бошқа тарафдан ёндашганда ҳам, дейлик, сиз ўзингизни анчадан бери қийнаб юрган, назарингизда ўқувчига нимадир бера оладиган мақолани ниҳоят тугатдингиз: мавзу масалан: мамлакатнинг қайси бир бурчагида, қандайдир киши етти боласини етим қолдириб, ўзини осди ёки сувга чўкди. Сиз «Хурсандсиз», ва, албатта фожиадан эмас. Бу воқеанинг илдизини очиб берганингиздан.

Бироқ қўрқув бор: бу чоп этиладими ёки йўқми? Бу қўрқувни сиз ёзиш жараёнида ҳам ҳис этиб тургансиз (турли нозик жойлардан қочишга уриниб). Барибир ғолиб жангчи сингари (ҳали асосий жанг олдинда) мақолани муҳаррир ўринбосари ҳузурига олиб борасиз. У виқор билан кўз югуртиради ва: «Бўпти, яхши, боравер», — дейди.

Шу билан кутинг. Бир, икки ва ҳоказо сонлар чиқиб кетади, бироқ мақоладан дарак йўқ. Охир-оқибат бош муҳаррирнинг олдига кирасиз. Аввало мақолаларнинг кўплиги рўкач қилинади. Табиийки, сиз мақоланинг анча вақт туриб қолганини айтасиз. Унга эса «оч қорним тинч қулоғим» керак ёки юқорироқ мақсад бор.

Хуллас, мавзу қалтислиги, биздан ўтса ҳам Катта муҳаррирдан ўтмаслиги ҳақида тортишасиз. Нима бўлганда ҳам босилиши шарт. Бу ёғини ўз бўйнингизга олишингизни, лозим бўлса, мақоланинг «керакли» жойларидан воз кечишингизни айтасиз. Албатта, бу вазиятда сиз томондан газета обрўси ҳақида қайғуриш зарар қилмайди.

Ниҳоят, муҳаррир асабий тарзда телефон гўшагини кўтариб, рақам тера бошлайди. (огоҳлантириш керак, тажрибалироқ бўлганда бу ишни сизнинг иштирокингизда қилмасди). Бошланади: «Ассалому алайкум акажон! Саломатмисиз, яхшимисиз, тинчмисиз…Ҳа, раҳмат… Акажон, шу бир нарса бераётгандик. Шунга сиз… Ҳа, сал анақароқми дейман-да… Қандай масалаҳат берасиз, акажон… Акажон…»

Симнинг у томонидаги «донишманд» нималар дегани сизга қоронғу. Эҳтимол, у ҳам кимнингдир олдидан ўтиши, огоҳлантириши керакдир. Агар ёшроқ, ақллироқ журналист бўлса, бу жиддийликдан дарҳол ҳушёр тортади. Тасаввур қилиб кўринг, ўзи йўқ, кўзи йўқ аллақандай бир вазмин даҳшат. Энг яхшиси севги-муҳаббат ҳақида ёзганим дуруст деб ўйласа не ажаб.

Шундай қилиб мақсадингизни муҳаррирдан чала ўлик ҳолатда олдингиз (таъкидламоқчиманки, у фараз, лекин шундай ҳолатни бошидан кечирмаган бирор «тирик» журналист борлигига ишонмайман).

Жангнинг иккинчи қисми Катта муҳаррир билан бошланади. У ўта сиёсий шахс. Жиддийроқ бўлиш керак. Шу билан бирга у «қайғу», «бахтсиз», «ғам», «ўлим», «ёлғиз» сингари пессимистик сўзларни жинидан баттар ёмон кўради. У сиздан давлат сирларини ошкор этмасликни, миллатлар ўртасида нифоқ солмасликни ва халқни ғалаёнга чорламасликни талаб этади.

Биз шу ерда катта муҳаррир билан мутлақо келишамиз. Ошкор этилмайдиган давлат сирларини журналист унинг орқасида йил бўйи югурганда ҳам ошкор этолмайди. Миллатлар ўртасига нифоқ солиш эса матбуотнинг иши эмас. Қолаверса, ҳар бир муаллиф ўз мақоласи учун масъулият сезади, буни ҳам инобатга олиш керак.

Халқни ғалаёнга чорламаслик хусусида. Аввало ғалаённи халқ эмас, оломон, тўда кўтаради. Оломоннинг матбуот фикри билан ҳисоблашиши ҳақиқатдан узоқ. Оломон пичоқ бориб суякка қадалгандагина қўзғалади. Ўшанда ҳам паншахалар билан. Маданиятли халқ ҳеч қачон кетмон билан ноҳақликка қарши бормайди. Нари борса, иш ташлаши, намойиш ўтказиши мумкин. Оломон қўзғалганда ким ҳақ, ким ноҳақлигига қараб ўтирмайди, ягона мақсад уриш, талон-тарож. Ғазаб алангаси сўнгунга қадар янчади, бузади, топтайди.

Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шунинг учун ҳам матбуот маданиятли халқни яратиши керак. Ўқиш, уқиш, яшаш маданиятини ўргатиши зарур. Демак, оломон бор экан, тазйиқдан қочиб қутулишнинг имкони йўқ. Айни пайтда миллатнинг тафаккури, турмуш тарзи (мен «жўякларда тақдири сочилиб ётган» халқни назарда тутяпман, улар миллатнинг етмиш фоизини ташкил қилади) бир неча асрлар олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шу ҳолатда. Вақт, илмий цивилизация кўрсатган ақлий туртки бундан ҳоли, албатта.

Биз унинг тафаккури, тушуниши, яшаш қобилияти, маданийлиги ҳақида гапиряпмиз. Яна ҳозирда авж олган «юксак маданиятимиз», «бой мерос» анъаналаримиз ва ҳоказолар ҳақида гапларни бас қилиш керак. Бу кўчадаги жулдирвоқига шоҳона сарполар кийдириб қўйгандек гап. Бировни еганини кўриб қорин тўйдириб бўлмайди-ку. Ҳа, биз юксак маданий иқтисодий савияга эришган эдик. Бироқ хотира қанчалик гўзал бўлмасин — ўтмиш.

Маданият тушунчасини ҳар бир шахс, индивид ўз тафаккур билан излаб топади. Унга «сен маданиятлисан», деб уқтириш гипноз ҳолатига туширишга ўхшаган нарса. Яхшиси, тариқдек сочилиб ётган халқдаги бефарқлик хусусида мулоҳаза маъқул эмасми? Ахир биз «буюк миллат» яратмоқчимиз.

Катта муҳаррир севимли кўзойнагини яна бир бор қулайроқ ўрнатадида «жангга» киришади. Ҳақиқатда унинг содиқлиги, фаолияти таҳсинга сазовор (эслашларича, у собиқ иттифоқ даврида ҳам шундай содиқлик ва жиддийлик билан ишлар экан). У ҳам бошқа бюрократлар сингари ниҳоятда инжиқ ва қўрқоқ. Шунинг учун сабр-тоқатли бўлиш талаб этилади. Муҳаррирингиз уни «Худонинг ердаги сояси» деб ўйлаганда янглишмагандир.

Мақолангиз қип-қизил алвон рангга кирганда ажабланиб ўтирманг: бу рангга у киши ўзгача бир эътиқод қўйганлар. Олис фараҳли хотираларни ёдга туширса керак. Катта билан ишлашни бир фойда томони, мабодо сизда шеър ёзиш қобилияти бўлмаса, қайғуриб ўтирманг, кўпроқ тажриба алмашиш мобайнида истеъдодли шоир бўлиб етишишингиз ҳеч гап эмас. Газетамизда босилган анчагина шеърларда салмоқли ҳиссам бор десам адашмайман (балким шунинг оқибатида шеър ёзишни бошлагандирман, бироқ ҳали босилиб чиқмаган).

Масалан, «бахтсиз»ни дарҳол «уйсиз», «ёлғиз»ни «тўйқиз» қилиб ташлашим мумкин. Афсус Катта бу билан қаноатланмайди, шунда ҳақиқий жанг бошланади: «Мен зўрми, Сен зўр?» Сиз бор найрангларингизни ишга солиб бошқа ёққа олиб қочишга уринасиз, лекин начора қизил қалам бешафқат. «Худонинг ердаги сояси» билан курашишни ўзи бўладими, муҳаррирингиз тан бериб турганда сизга нима бор тиришиб?

Шеърдаги «яроқсиз сатрлар» ўрнига «ям-яшилларини» тўқиш мумкиндирку-я, бироқ ўзи чалажон бўлган мақолани жонини суғуриб олишганда нима қилиш мумкин?

Хуллас, журналист фикрини турли инжиқликлар ва «Сен зўрлик» фаолияти таъқиб қилиб турар экан, у ҳеч қачон мавзу моҳиятига эркин ёндаша олмайди. Энг ёмони ана шу курашдан сип-силлиқ ўтишга мослаша бориш. «Маддоҳшунослик фаолиятига киришиш».

Бу ерда масаланинг моддий томони ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳозирги даврда бу жиҳатдан бироз бардошли бўлиш керакдир. Журналистни йўлдан оздирувчи «шайтоний» тарафларнинг бири шу. Тўғриси, камина ҳам бирор савлатлироқ амакини даҳолаштириб қорин тўйғазиш ҳақида ўйлаб кўрган.

Пул (айниқса, чўнтак ҳафталар мобайнида унинг ҳисини унутган бўлса) жозибали аёл каби ишвакор. Кўп нарсаларни унутишга мажбур этади. Ундан қутулишнинг бир йўли ўз касбингизни ўз қорнингиздан кўра кўпроқ севишдир. Ҳеч кимни даҳолаштирмасдан ҳам буларни енгиб ўтиш мумкин, фақат кўникиш оғир. Эркин ёндашиш учун пулнинг — моддий томоннинг тафсилотлари эмас, унинг аҳамиятини таъкидлаш билан тўхтаб қўя қоламиз.

Кайфиятни бузмаслик учун (агар у бўлса) телевидение ҳақида тўхталмасак ҳам бўлади. Гўё у ердагилар ўз кўнгилларини хушлаб, ризқ-рўзларини териб юрганга ўхшайди (ҳамкасбларимдан ўкинчим бу иборани шахсий иззат нафсониятлари даражасида тушунмасинлар). Гап ҳозир биз халққа нима бера олишимиз ҳақида.

Ҳозир кўпгина газеталарнинг ўз араваларини ўзлари тортолмаётганларининг сабаби ҳам шунда бўлса керак. Бундан «Сирли Олам» ва «Қалб кўзи» нашрларини мустасно қилиб кўрсатиш керак. Уларда фикр ва шакл эркинлиги мужассам, газеталарнинг қўлма-қўл бўлиб кетишига шу сабабдир. Иқтисодий аҳволлари ҳам бошқаларга нисбатан анча тузук (Бугун илоҳийлик, сеҳр, сайёралар мавзусини назорат қилишга ҳожат ҳам йўқ).

Эътибор берган бўлсангиз, ҳар бир газетанинг сўнгги саҳифасида жимжимадор қилиб «Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқланиши мумкин» деб ёзиб қўйилган. Бу шунчаки олифтагарчилик, холос. Муаллиф фикри олдин муҳаррир пайрови, кейин Катта ака назоратидан ўтгандан кейингина фикр бўлиши мумкин, агар ҳалиям ўз фикрлигини йўқотмаган бўлса.

Ўқувчининг меъдасига тегаётган нарса ҳам шу — бир хил қолипдан кўчирилган ғиштлар каби — шаклан ва маънан бир хил дунёқарашга эга бўлга маҳсулот. Ахир битта ҳодисага бешта нашр, беш хил қараши, ёндашиши мумкин-ку! Бизда эса бир хил — «ям-яшил».

Тўғриси, бу мақола… у ҳам ўқишини истар эдим, зотан бу унга очиқ хат эмас. Шунчаки бир мухбир сифатида бизда у киши ўйлаганчалик журналистлар қолипга тушиб қолмаганлигини, фақатгина уларга ўзларини кўрсатиш учун бошқачароқ муносабат, муҳит, майдон яратиш кераклигини билдирмоқчи эдим, холос. Кейин бизга ҳадеб ажнабий журналистларни ёллаш ҳам ҳеч қанақа каромат кўрсатмаса керак. Чунки улар етти дунёда ҳам бу антиқа аҳволни тушуниб етишмайди.

Матбуотда ҳали бироз қалтисроқ фикрни беришдан олдин юқорига сим қоқиб, «акажон»идан маслаҳат сўраб турувчилар, алвон содиқликка эгалар бор экан, бирор силкиниш бўлиши қийин. Қизиғи шундаки, (айтсам тилим, айтмасам дилим куяди дегани шу бўлса керак) бу муҳаррир қулайгина ўрнашиб олганча, нажоткорона тепага — гўё қандайдир илоҳий қўл уни учар гиламга ўтказиб Боғи Эрамга элтиши керакдай — боқишади.

Муҳаррирлик эса ҳу-ру пайкарлар висолига етишиш учун восита, холос. «Қаттиқроқ йўталиб» уни жаннатий хаёллардан чўчитиб кўрингчи? Энг даҳшатлиси, у сизни ҳам ана шу жаннатий хаёллар оғушига ғарқ қилиши мумкин.

«Қора икра емаган журналист ёки ҳовуздаги тилла балиқча»

Ҳумоюн Мирзо. 1997 йил, 5 февраль.

«Ҳуррият»нинг бешинчи сони.«Ҳуррият»нинг бешинчи сони.

Икки ҳамкасб «бир адашиб» пойтахтимизнинг «Чорсу» бозорига тушиб қолдик. Эътиборимизни ўтган-кетганни туртиб, қўлидаги шиша идишчаларга ишора қилганича «Икранинг додахўжаси бор, қора икра, қизил икра!» дея одамларни ўзига чорлаётган йигитча тортди. Қизиқиб нархини сўрадик.

— Сизлар учун арзон ока, бор-йўғи олти юз сўм.

— Ҳаммасими? — ажабланиб сўраймиз.

— Йў-ў, нима девоссиз, биттаси, ками бор, олларинг!

— Йўқ, кечирасиз, нархи бизбоп эмас экан, — дея бурилишимиз ҳамоно у биримизнинг қўлтиғимиздан олади.

— Ким бўлиб ишлайсиз, йигит?

Муомаланинг ўзгаришига қаранг, қитиқ-патимизга тегиб бўлса ҳам икрасини ўтказмоқчи.

— Мухбир, — деймиз истар-истамай. — Нима демоқчисиз?

У муомаласини яна 180 градусга буради.

— Ў, какрасс сизлар боп-де бу. Қора икра мий-яни чархлийди, юракни бақувват, кўзни равшан қилади. (Уддабуронлигини қаранг!)

Хуллас, биз бир амаллаб ундан қутиламиз. Ҳамкасбим киноя қилади: «Билмай юрган эканмиз, қора икра еб туриш керак экан-ку, укамиз мухбирлар врачими дейман».

Тўғриси, ҳозир гап қора икранинг ҳақиқатан мияни чархлаб, юракни бақувват қилиш-қилмаслиги ҳақида бораётгани йўқ, балки уни тановвул қилмаган журналистлар ҳақида, матбуот тўғрисида фикр юритмоқчимиз.

Ҳамкасбларим таъбири билан айтганда товонидан ўт чақнайдиган, қалами айни чархланган бўлиши керак ёшдаги бир журналист сифатида нега матбуотимиз давр билан ҳамнафас одимламаяпти, журналистларимиз нима учун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятига бориб, бу йўлдаги тўсиқларни, муаммоларни дадиллик билан очиб ташламаяпти, каби саволлар кўпдан бери менга ҳам тинчлик бермайди.

Агар тарихга назар ташласак, қалам аҳли, ижодкорлар доим янги, илғор ғояларнинг тарғиботчиси сифатида ҳам маънавий, ҳам руҳий жиҳатдан ҳаётдан бир поғона олдинда юрганларининг шоҳиди бўламиз. Нега бугун биз бунинг тескари пропорциясига дуч келдик? Нега матбуотимиз даврдан ортда қоляпти, тўртинчи ҳокимият вазифасини ўтамаяпти?

Мен ҳам журналистман, яъни ўша қолоқ матбуотимизнинг (гарчи бу сўз юрагимга жиз этиб тегсада) бир заррасиман. Рафиқам ҳам журналист. Ҳар иккимиз республикамизнинг етакчи нашрларида хизмат қиламиз. Келинг, яхшиси бизнинг ёш журналистлар оиласи мисолида, иш ва яшаш шароитларимиз таҳлилида юқоридаги саволларга жавоб қидирамиз. Аввало иқтисодий аҳволимиз ҳақида мулоҳаза юритай. Зеро, бу жуда муҳим.

Менинг ойлик маошим — 2250 сўм. Журналист аҳоли орасида юрмаса даврдан орқада қолиши табиий ҳол. Шунинг учун ҳам ишхона менга қўшимча 1000 сўм йўлкира ва овқат пули беради. Рафиқамнинг маоши 2015 сўм. Унинг ишхонасидан бериладиган шаҳар транспорти учун ойлик чиптадан кўпроқ мен фойдаланаман. Давлат солиғини ҳисобдан чиқариб ташласак, бир ойлик даромадимиз 4145 сўм. (Қалам ҳақи тўғрисида бироз кейин тўхталамиз).

Энди оиламиз учун сарфланадиган бир ойлик харажатлар ҳақида. Баҳс-мунозаларга ўрин қолдирмаслик мақсадида баъзи майда тафсилотларга ҳам тўхталиб ўтишга мажбурмиз. Икки нафар фарзандим бор. Каттаси 6 ёшда. Демакки, оилада тўрт жонмиз. Бир ойлик даромадимиздан кўриниб турибдики (гарчи ётоқхонада яшасак-да), шу йил январь ойидан бошлаб фарзандларимиз учун нафақа… табиий, олмаймиз.

Даромадимизнинг 600 сўми фарзандларимизнинг «Боғча ҳақи»га кетади. Энди кундалик зарур эҳтиёж маҳсулотлари сарф-харажатига тўхталсак. Кичик оиламиз бир кунда икки «буханка» нон истеъмол қилади. Бунинг учун 900 сўм сарфлаймиз. Қолган сарф-харажатларнинг бир ойлик минимум даражадаги таснифи қуйидагича:

1. Гўшт (4 кг) — 600 сўм.

2. Чой (0,5 кг) — 100 сўм.

3. Гуруч (4 кг) — 200 сўм.

4. Пахта ёғи (3 кг) — 300 сўм.

5. Картошка, пиёз, сабзи — камида 300 сўм.

6. Сут-қатиқ — 400 сўм.

7. Шакар (3 кг) — 180 сўм,

8. Тушлик овқатланиш (2 киши 22 иш кунида) — 2000 сўм (Бир кишига бир кунда ўртача — 46 сўмдан)

9. Совун-порошок — 120 сўм.

10. Йўл кира (бир кишига 22 кунда) — камида 264 сўм.

11. Ётоқхона ҳақи учун ойига — 500 сўм.

(Яхшиямки, ижарада турмаймиз, ижарада турувчи тенгқурларимиз бунинг учун камида 1500 сўм харажат қилишяпти).

Рўйхатга қора икра ёки қизил икра нари турсин ҳатто сариёғ, печенье, макарон, туз, тухум, ширинликлар, ҳўл мева, майиз-ёнғоқ дегандай турли витаминлар, меҳмонлар келганда қилинадиган қўшимча харажатлар ва айниқса, кийим (!) муаммосини киритмадик. Шуларсиз ҳам оиламизнинг ойлик харажати 6464 сўмга етяпти.

Демакки, рафиқам билан минимум даражадаги рўзғор харажатларини қоплаш учун қандай бўлмасин ойига яна 2319 (6464−4145=2319) сўм пул топишимиз зарур. Яна кийим-кечак ҳақида бош қотиришимиз шарт.

Қўшимча даромад топиш учун бизда қандай имконият бор? Эрталабдан кечгача (баъзан газетага навбатчилик қилсак кечаси соат бир-иккигача) таҳририятда ушланиб қолувчи журналист, албатта, яна қаламига суянмай иложи йўқ.

Уни тинмай ёзишга, иложи борича кўпроқ қалам ҳақи ишлашга ҳаёт мажбур қилади. Мана энди масаланинг энг муҳим жиҳатига етиб келдик. Чуқур таҳлилий, муаммонинг туб илдизни очиб берувчи, содда қилиб айтганда «яхши» мақола ёзиш учун журналистга камида бир ҳафта муҳлат керак бўлади. Албатта, жойлардаги мутасаддилар журналистга ҳамфикр бўлиб, керакли фактларни яширмай берган тақдирда.

Хўп, борингки, кутилган «яхши» мақола ёзилди ҳам дейлик. Журналист олдида янги муаммо пайдо бўлади, яъни мақолани кам-кўстсиз газета юзига олиб чиқиш муаммоси. Чунки ҳар қандай нашр раҳбари ҳам мухбирнинг изланишлари, танқидий фикрларига ишонч кўзи билан қарамайди, тўғрироғи, «эртага бирор гап бўлса» қабилидаги жавобгарлик масъулиятидан қочади. Натижада мақола узоқ вақт таҳририятда ушланиб қолади ва охир-оқибат «фактлар эскирди» баҳонасида ундан воз кечилади.

«Мард» муҳаррирнинг «эҳтиёткорлик шарт» таҳриридан ўтиб, газета юзини кўрган мақолани эса эртаси куни муаллифнинг ўзи ўқиб нима демоқчилигини тушунмайди. Бу мужмал мақола учун вақтини сарфлаб, ҳафсаласи пир бўлган мухбир ҳар қанча ватанпарвар бўлмасин, бундан кейин «жиддий» масалага қўл урмасликка ҳаракат қилади. Чунки у оиласи «бюджети»даги камомадни тўлдириши керак.

Ойида тўрт ёки саккиз марта чиқадиган газетанинг барчасига «илинган», яъни мақоласи чоп этилган тақдирдагина у оиласи бюджетидаги 2319 сўм камомаднинг учдан бир қисмини қоплайди. Қолган камомадни эса бошқа газеталарга (иложи борича қалам ҳақи кўпроқ тўлайдиганига) «ўтадиган» мақолалар ёзиш орқали қоплашга интилади.

Иккинчи жиҳат. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос қийинчиликлари матбуот воситаларини ҳаминқадар тасодифий журналистлардан тозалади. Ёзолмайдиган, қўшимча даромад тополмайдиганлар «жойлаб қўйган ака»ларини ранжитиб, бошқа «мойлироқ» соҳага юз тутди. Шунингдек, юқорида қайд этилган «оила бюджети»га кирим келажагини кафолатламагани учун бир қатор иқтидорли журналистлар ҳам (айниқса, уйсиз, бошпанасиз ёшлар) матбуотни тарк этяпти.

Бугун аксарият матбуот воситаларида бўш иш ўринлари мавжуд. Айни дамда матбуот соҳасида фақат оптимист ёшлар ва қалам тебратишдан бошқа иш қўлимдан келмайди, деб ўйлайдиган кишилар фаолият кўрсатяпти. Бўш иш ўринларини келиб тўлдираётган ёшларнинг катта авлод ҳамкасбларидан фарқланиб турадиган муҳим жиҳати шундаки, матбуотчиларга собиқ иттифоқ давридан мерос бўлиб қолган қўрқув, ҳадиксираш тушунчалари уларнинг руҳиятига ёт.

Демакки, уларга ҳур фикр айтиши учун имкон бериш керак. Тўғри, бу шижоатли ёшлар баъзан хато қилишлари мумкин, лекин муҳими улар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга тўсқинлик қилаётган иллатларни айтишда, ҳур фикр билдиришдан чўчишмайди.

Хўш, унда ёшларнинг ана шу жўшқинлиги, шижоати нега бугун матбуотимизда сезилмаяпти, деган ўринли савол пайдо бўлади. Бу муҳокама, мунозара талаб қилинадиган алоҳида мавзу. Биз унинг бир жиҳатига тўхталмоқчимиз.

Масалан, менинг мисолимда. Аввало мен нега бу соҳадан кетмадим? Ўз касбимга бўлган меҳрим, аввало, мени матбуотга, Тошкентга «боғлаб турган бўлса», сўнг бир неча марта «кетишимга рухсат беришмади». Шу боис мен ишхонамга кераклигимни ҳис қилдим. Ҳар бир касб эгаси учун бу ғоят муҳим тушунча. Қолаверса, энг муҳими ишхонам менга уй олиб беришни ваъда қилди. Тўғри, бунга газетамизнинг моддий томондан қурби етмасди ва ҳозир ҳам етмайди.

Бу борада муассислар, ҳомийлар, ёшлар ва журналистларни қўллаб-қувватловчи турли жамғармаларнинг ёрдамига умид билдирилган эди. Жамғармадагилар дарҳол «орани очиқ» қилишди: «Уй-жой масаласини умуман ҳал этолмаймиз, унақа катта маблағни бир кишига ўтказсак, жамғарманинг фаолияти бир йилга тўхтайди». Муассис ва йирик ташкилотдаги «ака»ларимиз эса «Шунгаям бош қотирасизми, қишлоғига кетаверсин» дея «замон кишиси» сифатида маслаҳат беришди.

«Қора икра емаган» раҳбарларимизнинг «Укамиз истеъдод эгаси, журналистлар ўртасидаги қатор танловларнинг совриндори, фалон мукофот соҳиби, юртбошимиз айтиб турибдию, ёшларни қўллаб-қувватлайлик деб, шу маънода озгина эркалик қиляпмизда, ака» деган куйиб-пишишига жавобан телефон гўшагидан қисқа-қисқа гудоклар эшитилди.

Мен-ку турмуш шароитим бўлмагач, бир кунмас-бир кун қишлоғимга кетишим муқаррар. Бир пайтлар мен билан ойдин орзуларини муҳаббатингиз олдин беланчагига белаган рафиқамнинг охир-оқибат алданиб, менинг ортимдан олис Хоразмнинг бир бурчидаги қишлоғимга боришига кўз етмайди.

Ҳойнаҳой, у туғилиб ўсган юрти Фарғонанинг бир бурчагидаги қишлоғига кетади, ўқитувчилик қилади. Матбуотимиз бугун икки нафар журналистдан ажралганидан, жамиятимиз бир оиланинг барбод бўлганидан ҳеч нарса ютқизмайди. Лекин ёш журналистлар бўлган бугунги муносабат, шарт-шароитдан безиб, эртага яна қанча-қанча иқтидорли ёшларнинг ўз қишлоғига кетмаслигига ким кафолат беради?

Журналистнинг ўқитувчилик қилишидан, ўқитувчининг журналистлик қилишидан ёхуд чўпоннинг муҳандислик, муҳандиснинг боғбонлик қилишидан жамият, тараққиёт нима ютади?

Ўзим танимаган одамларнинг ҳам «Мақолангизни ўқидик» деган бир оғиз каломидан сўнг дилга ўрнашадиган «ширин ёлғонларга қарийб ўн йил суяниб, ёшлар рўйхатидан чиқиб кетганлигимни ҳам билмай қолибман. Чунки бугун 31 ёшга қадам қўйдим.

Яна ўн йилдан сўнг ўғлим муҳаббат ёшида бўлади. Шу нарса аниқки, ўғлим муҳаббатини ванна, туалет, ошхонаси умумий бўлган ётоқхонага етаклаб келмайди, журналист бўлмайди.

Йўқ, бу фақат мени қийнаётган ўй-кечинмалар эмас. Таҳририятларнинг аксарияти ёшларни уй билан таъминлашга моддий кўмак беришга нари турсин, ҳатто ходимларни иш қуроли — овоз ёзиб олиш воситалари билан таъминлашга қурби етмайди. Қурби етадиганлар, ҳаминқадар маблағи борларга ёшларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадлари учун маблағ сарфлашига мавжуд тартиб-қоида йўл бермайди. Натижада келажаги кафолатланмаган ёшлар ўз қобилиятини бошқа соҳада синаб кўриш учун матбуотни тарк этишяпти.

Мақолани ўқиб, матбуотнинг тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарилмаётганининг сабаблари фақат шулар эмас-ку, ёш журналистимиз яна ўша «қолоқ»лигига бориб, масаланинг туб моҳиятини очиб беролмабди, ёзганидан боқимандалик кайфияти уфуриб турибди, дегувчилар топилиши табиий.

У гап ёшлар, истеъдодлар, келажак ҳақида бораётганини англамаганидек, «барибир хорижлик журналистлар зўр-да!» дея хулоса қилса ҳам ажабланмаймиз.

Лекин у кишига бир саволимиз бор. Шинам, кенг, ёруғ хоналарда, хотирасига дунёвий фактлар жойланган компьютерлар қаршисида, кенг шароитли дам олиш «дача»ларида ёзиладиган мақолалар билан ётоқхонанинг тор ва ғира-шира хонасида ёки фарзандларининг масъум уйқусини бузмаслик ниятида 12 та оила овқат тайёрлайдиган ошхонада ёзилган мақоланинг фарқи бўлмайди, деб сизга ким айтди?

Тилла балиқча кичкина ҳовузни кенг олам деб биларкан ва унинг фикрлаши ҳам ҳовуз даражасидадир. Буни тан оламиз. Қолаверса, халқ сўзидан келиб чиқиб, бозордаги укамиз тавсия қилганидек, «Ақлни чархлайдиган, юракни бақувват қиладиган, кўзни очадиган» қора икра каби «камёб дори»ни йилда бир марта тановвул қилмайдиган журналистдан бундан ортиқ яна қай даражадаги фикрни кутиш мумкин ёки кутган эдингиз?

«Балиқ ва қармоқ. Боқимандалик ҳақида мулоҳазалар»

Карим Баҳриев. 1997 йил 5 февраль. (Карим Баҳриев муҳаррирлигида чиқмаган биринчи сондан).

бегали қосимов, ислом каримов, карим баҳриев, малик мансуров, ҳуррият

Мен иқтисодий ислоҳотлар, мулкчилик, хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида ўйлаганимда хаёлимга бир ривоят келаверади. Эшикни, балиқчининг ҳузурига бир камбағал одам (боқиманда бўлса керак) келибди:

— Жон оғайни, жуда оч қолдим. Қорнимни тўйдирсанг, мен ҳам бир ўзимни одамдай сезсам…

Балиқчи сўрабди:

— Бир тўймоқчимисан ёки ҳар доим тўйиб юришни хоҳлайсанми?

— Қанийди, ҳамиша еб туриш имкони бўлса.

— Биродар, агар бугун тўймоқчи бўлсанг, анови тоғорадан балиқ олиб кетавер. Агар ҳамиша еб юрмоқчи бўлсанг, ҳув пешайвонга илиқлик қармоқни ол, касбнинг бошини тут!

Бу ҳикматли ривоят бугунги иқтисодий эркинлаштиришни жуда гўзал тарзда ифодалайди. Шўролар салтанати барча мулкни, ишлаб чиқариш воситаларини (қармоқларни) давлат мулки қилиб қўйди, халққа эса ҳар оила бир коса маош (балиқ) ташлаб турди, халқ эса қўлини очиб кимнингдир кўзига қараб қолди.

Бугун биз мустақилликка чиққач, мулкнинг турли шаклларини жорий этиб, мулкни (қармоқни) ўз эгасига топширяпмиз, хусусийлаштиряпмиз. Халқимизда яна «Қўлдан берганга қуш тўймас», «Берсанг — ейман, урсанг — ўламан», «Берарга беш ҳам кўп, оларга олти ҳам кам» каби боқимандаликка қарши ҳикматлар бор. Яна боболаримиз: «Тухум олсанг — бир ейсан, товуқ олсанг — минг ейсан», деганлар.

Бу дегани шуки, автомобиль олсанг миниб тугатасан, автомобиль заводи қурсанг, ҳамиша янги машина ишлаб чиқарасан. Пахта хомашёси сотсанг, ундан гўзал кўйлак тикиб, ўзингга ўн карра қимматига сотадилар, агар ўзинг ип йигириб, газламадан кийим-кечак тикадиган фабрика қурсанг, аввало ҳар куни оҳорли кийимлар киясан, бой бўласан. Мамлакатимизда кечаётган иқтисодий жараёнларнинг ўзаги, моҳияти ҳам шундан иборатдир.

Шунинг учун бугун боқимандаликдан халос бўлиб, ўз юкини ўзи тортмоқ муҳим ишдир ва борингки, бундан бошқа йўлнинг ўзи ҳам йўқдир.

Бундан беш йил аввал ўзимча демократиянинг шундай формуласини ёзган эдим: «Демократия — бу ўз ҳаётингни ўзинг белгилашинг, ўз тақдирингни ўзингнинг тушунчагга яраша қуришинг ва ҳаракатларингнинг оқибатларига ўзинг масъул бўлишингдир». («Халқ сўзи», «Ўзига ҳисоб бериш кўникмаси», 1992 йил).

Авторитар ва тоталитар (якка ҳокимчилик ва оммаҳокимчилик) тузумларда халқ мулкдан бегона бўлиб, унинг учун давлат ўйлайди, боқади (аслида у элат тўплаб олиб сотадида, бир қисмини қайтариб беради), охир-оқибат эл боқиманда бўлади. Халқ қанчалик боқиманда бўлса, кам ўйласа, тоталитаризм шунчалик кучлидир.

Демократик тузум эса унинг аксидир. У халқнинг фаоллигига таянади, мулкни элга беради, мулк олган одамлар тажриба орттира бошлайдилар, фикрлашга тушадилар. Эл қанчалик тажрибали бўлса, кўпроқ фикрласа, тузум шунчалик демократлашади, демократик тузум шунчалик кучли бўлади.

Шунинг учун бугун жамиятимиздаги иқтисодий ислоҳотларимиз (яхши ишлашимиз) тақдири ҳам сиёсий ислоҳотларимиз (яъни фикрлашимиз) тақдирига боғлиқ бўлиб, кўндаланг турибди. Худди шу жойда инсон ҳуқуқларининг, эркинликларининг, шу жумладан, сўз эркинлигининг аҳамияти муқаддас. Музокара, мунозара, муҳокама ва мулоҳаза имкони эркин ва комил бўлиши лозим.

Боқимандалик умуман инсондаги қадр-қимматни ерга урадиган, одамга номуносиб ишдир. Аммо буни англаб этиш учун ҳам фикрлаш лозим. Фикр майдони яратилиши зарур.

Жамиятда мулк олиш, меҳнат қилиш ва иш юритиш имконлари бўла туриб ҳам тепадан боқимандаларча нажот кутиш ҳақиқатдан уятдир. Бундай боқимандалик қоралашга арзийди. Аммо шунинг баробарида, токим ҳали-ҳануз жамиятда боқимандалик кайфияти сақланиб қолаётган экан, унинг сабаблари ҳақида ўйлаш фойдадан ҳоли эмас.

Тўғри, ўзинг соғ-саломат бўлсанг, мамлакатда барча имконлар бўлса, ҳеч қандай тўсиқлар бўлмасаю, боқиманда бўлсанг — бу кечирилмасдир. Модомики боқимандалик бор экан, энди ўйлашимиз керак: ўз-ўзини боқиш (ҳамда солиқ тўлаб, давлат ва жамоат идораларини, ногиронлар ва муҳтожларни ҳам боқиш) учун ўша биз айтган барча имконлар борми? Ҳеч қандай тўсиқлар йўқми?

Яқиндагина Вазирлар Маҳкамасида ўтган қишлоқдаги иқтисодий ислоҳотлар таҳлилида ана шу имкониятларнинг чала чекланганлигини, тўсиқлар ҳам кам эмаслигини кўрсатди. Маҳаллий раҳбарларнинг тазйиқлиги, порахўрлиги, янгича фикрловчи одамларнинг оёғидан чалиши, ёшларга йўл бермаслиги, энг даҳшатлиси, кечаётган сиёсий-иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни тушуниб етмаслиги бу масаланинг муҳим жиҳатидир.

Шу жойда бир муаллимнинг гапи ёдга тушади: «Бу теоремани болаларга бир тушунтирдим — тушунишмади, иккинчи бор тушунтирдим — тушунишмади, учинчи бор тушунтирдим ва ўзим ҳам ниманидир тушундим, аммо булар барибир тушунмади»…

Аввало таъмагирларнинг пайи қирқилиши лозим, қаллоб бўлмасаю, саводи кам бўлса, уларни ислоҳотларга ўқитиб-ўргатиб, сўнг хўжалик тепасига қўйиш керак. Иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш лозим.

Тадбиркорларни қийнаб келаётган «текшир-текшир» идораларни, деҳқоннинг маҳсулотини арзон олиб, ўзига уйғунликка ўн баробар қиммат сотаётган, ўғит, техника ва ҳоказо инфраструктурани монополлаштириб олган ташкилотларни, дала меҳнатчисининг ҳосилини олиб-сотиш учун кўз тикиб, маҳаллий раҳбарлар билан уюшиб олган воситачи, даллолларни тартибга солиш шарт.

Ана шу иш бажарилиб, барча имконлар очилса ҳамда ҳеч бир тўсиқ қолмасаю, яна боқимандалик давом этса — бу нафратга лойиқдир.

Жан-Жак Руссо: «Инсонга юз кунлик ташвиқотлардан кўра бир соатлик тажриба кўпроқ ўргатади», деган эди. Ростакамига мулкка эга бўлиб, иш қилиш инсонни бой ҳам этади, фикрлашга ҳам ўргатади, маданиятни ҳам оширади. Бу ҳақиқат бутун шубҳасиздир.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *