Самарқанд шаҳридаги банклардан бирига босқинчилик қилишга уринган шахс қўлга олинди. Ҳодиса вақтида у ўзида портловчи модда борлигини айтиб, банк кассасидан пул талаб қилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 13 июль куни соат 17:00 да Самарқанд вилояти Қўриқлаш хизмати бошқарув марказига Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган банклардан биридан ташвиш хабари келиб тушган.
Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар уч дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган. Аниқланишича, қишки кийимда, юзини ниқоб билан яширган ва қора сумка кўтарган шахс банк ичига кириб, ўзида портловчи модда борлигини айтган, ойналарни синдириб, пул талаб қилган.
Шундан сўнг бошқарув маркази қўшимча тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ҳамда тез тиббий ёрдам ходимларини воқеа жойига йўналтирган.
Қўриқлаш хизмати ходимлари дастлаб гумонланувчи билан масофадан туриб музокара олиб борган. Музокаралар натижасида у ихтиёрий равишда таслим бўлган ва ички ишлар органлари ходимларига топширилган.
ИИВ маълум қилишича, ҳодиса вақтида банкдаги фуқароларга ҳеч қандай зарар етмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вояга етган ушбу шахс пулни осон йўл билан қўлга киритишни мақсад қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
