Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди аввал Фурқат тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳақоратлангани ва калтакланганини маълум қилган Гулираъно Қосимованинг ишдан бўшатилишини ноқонуний деб топди. Аёл аввалги иш жойига тикланди ҳамда мажбурий ишсиз юрган уч ой учун иш ҳақини ундириш белгиланди. Ўзбекистон Олий суди Қосимованинг мурожаати акс этган видеони эълон қилди.
Гулираъно Қосимованинг сўзларига кўра, у ишдан ноқонуний бўшатилганини таъкидлаб, судга мурожаат қилган. Суд унинг даъвосини қаноатлантириб, ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни ноқонуний деб топган.
«Суд, шунингдек, менинг фойдамга мажбурий ишсиз юрган даврим учун уч ойлик иш ҳақини ундириш ва аввалги иш жойимга тиклаш ҳақида қарор чиқарди», — деди у.
Қосимованинг таъкидлашича, сўнгги бир йил ичида унинг суд тизимига муносабати ўзгарган.
«Бир йил олдин менда судга ишончсизлик ҳозиргига нисбатан қайсидир маънода бўлган. Лекин ҳозирги вақтда мен судларга тўлақонли ишонишимнинг асл сабаби, бу менинг бошимдан ўтказган ҳолатларимдир», — деди у.
Аёлнинг сўзларига кўра, шу вақт ичида унга оид жиноят иши, маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги фуқаролик иши ва энди меҳнат низоси судларда кўриб чиқилди.
«Жиноят суди дейсизми ёки маънавий зарар бўйича фуқаролик суди дейсизми, ёки меҳнат қонунчилиги бўйича судларимизми — ҳаммаси фақатгина одиллик билан, якдиллик билан кўриб чиққанига мен шахсан гувоҳман», — деди Қосимова.
У, шунингдек, ишларини кўришда иштирок этган судьялар, Олий суд ва Фарғона вилояти судларига миннатдорлик билдирди.
Гулираъно Қосимова аввал Фарғона вилоятидаги мактаб директори бўлиб ишлаган. Унинг айтишича, можаро йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган турмуш ўртоғининг операцияси учун қарз сўраш мақсадида туман солиқ инспекцияси раҳбари ҳузурига борганидан кейин бошланган. Шу вақт хонага фуқаролик кийимидаги бир неча тезкор ходим кириб келган.
Қосимованинг таъкидлашича, ИИБ ходимлари уни калтаклаган, ечинтирган ва таҳқирлаган. Унинг фикрича, бу ҳаракатлар туман солиқ инспекцияси раҳбарини обрўсизлантириш учун амалга оширилган. Шунингдек, у ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган «ушланиб қолгани» ҳақидаги хабарда ҳам бир қатор номувофиқликлар борлигини билдирган.
Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, ИИВнинг собиқ раҳбари (1991−2006 йиллар) Зокиржон Алматов бу ҳолатга муносабат билдириб, «Биз ўзидан кетиб қолган бундай раҳбарларни асло кечирмаймиз», — деган эди. Сенат аввалроқ ушбу ишни назоратга олганди.
2025 йил ноябрь ойида жиноят ишлари бўйича Қувасой тумани суди ҳукми билан Фурқат тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расулов тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Улар, шунингдек, уч йил муддатга ИИВ тизими ва давлат иштирокидаги ташкилотларда лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Суд уларни инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш, турар жой дахлсизлигини бузиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш ҳамда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олишда айбдор деб топган. Улар жазони манзил-колонияда ўтамоқда.
Қосимованинг айтишича, воқеада иштирок этган бошқа ИИБ ходимларига оид материаллар жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Фарғона вилояти прокуратурасига юборилган. Қосимова ва туман солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновга маънавий зарарни ундириш тўғрисида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Суд мажлисларидан бири вақтида Қосимова залдан чиқариб юборилган эди. Бу ҳолат, шунингдек, аёлга нисбатан ижтимоий тармоқлардаги кибербуллинг фаолларнинг норозилигига сабаб бўлган.