15 июлдан бошлаб 2026/2027 ўқув йили учун талабаларнинг ўқишини давлат олий таълим ташкилотларига кўчириш ва тиклаш бўйича аризалар қабули бошланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, аризалар 5 август кунигача (шу куни ҳам) қабул қилинади.
2 та узрли сабабга кўра республикадаги бир давлат олий таълим ташкилотидан бошқасига ёки бир ОТМ доирасида ўқишни кўчириш, шунингдек, ўқишни тиклаш бўйича аризалар transfer.edu.uz платформаси орқали қабул қилинади.
Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат ОТМларининг мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш учун эса my.uzbmb.uz платформаси орқали мурожаат қилиш мумкин.
Вазирлик маълумотига кўра, янги тартиб асосида хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат ОТМларига ўқишни кўчиришда умумтаълим фанлари ва чет тили бўйича миллий сертификатлар ахборот тизими орқали автоматик аниқланади.
Халқаро сертификатлар эса талабгор томонидан бошқа ҳужжатлар билан бирга электрон шаклда юкланади.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги 299-сонли қарорига мувофиқ, хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларининг мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчиришда чет тили ва умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга талабгорларга тегишли фанлардан табақалаштирилган ёки максимал балл берилади.
Президентнинг 2022 йилдаги «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
- талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
- давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.
Эслатиб ўтамиз, 10 июлдан олий маълумотга эга шахслар учун иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бўйича онлайн аризалар қабул қилиш бошланди. Ҳужжатлар 10 августга қадар my.edu.uz платформаси орқали қабул қилинади. Ўқиш тўлиқ тўлов-контракт асосида ташкил этилади.
