• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ССВ иссиқ ҳавода овқатланиш ва заҳарланишдан сақланиш бўйича тавсиялар берди



Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирама шароитида қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш ва овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш учун нималарга амал қилиш кераклиги бўйича тавсияларни эълон қилди. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Низом Эрматов иссиқ ҳавода овқатланиш тартиби ва эҳтиёт чоралари ҳақида маслаҳатлар берди.

Унинг таъкидлашича, иссиқ ҳавода овқатланиш рационини қайта кўриб чиқиш муҳим. Хусусан, нонуштада ёғли, шўр, тузли ва аччиқ таомларни камайтириш, сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.

Профессорнинг сўзларига кўра, ёз мавсумида ёғсиз гўшт турларини танлаш лозим. Хусусан, товуқ ва қуён гўштини рационга киритиш организм толиқишининг олдини олишга ёрдам беради.

Шунингдек, рационда сабзавотлардан тайёрланган суюқ овқатлар улушини ошириш, қуюқ таомларни эса сабзавотлар билан димлаб тайёрлаш тавсия қилинган. Ўсимлик оқсилларига бой ловия, мош ва нўхатни ҳам навбат билан истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Мутахассис нон, тез ҳазм бўладиган ун маҳсулотлари ва ширинликларни чеклашни маслаҳат берди. Унинг қайд этишича, иссиқ ҳавода айрон организм учун энг фойдали ичимликлардан бири ҳисобланади. Мевалар мавсумида эса шакар қўшилмаган компот ичиш тавсия этилади.

Низом Эрматов овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш учун таомлар бир марта истеъмол қилишга мўлжаллаб, овқатланишдан ярим соат олдин тайёрланиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, музлаткичсиз сақланган таомлар заҳарланиш хавфини оширади.

Мутахассис, шунингдек, жазирама пайтида юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабети бор инсонларга куннинг иссиқ вақтида ташқарига чиқмасликни тавсия қилди.

Ташқаридан уйга қайтгач, қўл ва юзни хона ҳароратидаги сув билан ювиш, жуда совуқ сув ва муздек ичимликларни истеъмол қилмаслик лозим. Чунки бу организмга қўшимча зўриқиш келтириб чиқариши мумкин.

Профессорнинг таъкидлашича, тўғри овқатланиш ва кун тартибига риоя қилиш организмнинг сувсизланиши ва ҳолсизланишининг олдини олишга, шунингдек, соғлиқни сақлашга ёрдам беради.

Ўзгидромет хабарига кўра, 18−20 июль кунлари Ўзбекистонга жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келиши давом этади. Ҳароратнинг +43…+45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда ҳарорат +46…+48 даражагача етади.

Аввалроқ Ўзбекистонда иш берувчиларга кучли иссиқ сабабли соат 11:00 дан 16:00 гача очиқ ҳаводаги ишларни қисқартириш ёки вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилганди.

Иссиқ об-ҳаво фонида бошқа соҳаларда ҳам чекловлар жорий этилди. Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида юк машиналари ҳаракати чекланди, Фарғона, Бухоро, Хоразм, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистонда айрим боғчалар вақтинча ёпилди. 15 июлдан бошлаб Тошкент метросининг ер усти участкаларида поездлар тезлиги соатига 60 километрдан 40 километргача пасайтирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *