Тошкент ҳайвонот боғида бир эркак ва қизча жониворлар — оқ шерлар Жонни ва Наомининг жаҳлини чиқаришга уринди. Ҳайвонот боғи ҳодиса акс этган видеони эълон қилди, бироқ кейинроқ уни ўчирди. Маъмуриятнинг маълум қилишича, эркак улар билан боғланиб, қилган иши учун узр сўраган.
Кузатув камерасига ёзилган видеода эркак идишдаги сувдан оғзига олиб, уни тўсиқ томонга пуркаётганини кўриш мумкин. Ундан кейин ёнида турган қизалоқ ҳам худди шундай қилади. Йўловчилардан бири уларга танбеҳ беради, шундан сўнг эркак унга нисбатан кескин муносабат билдиради.
«Бизнинг жониворларимиз ҳам барча тирик мавжудотлар каби қўрқув, стресс ва ноқулайликни ҳис қилади. Болаларга меҳр-оқибат, масъулият ва табиатга эҳтиёткор муносабатни, аввало, катталар ўрнак бўлиб ўргатади», — дейилади ҳайвонот боғи хабарида.
Ҳайвонот боғи маъмурияти жониворларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар бир ташриф буюрувчи учун одатий хулқ-атвор меъёри бўлиб қолишига умид билдирди. Шунингдек, ташриф буюрувчиларнинг аксарияти ўзини тўғри тутишини таъкидлади.
Ҳайвонот боғи билан боғланган ташриф буюрувчи қилган иши нотўғри бўлганини тан олган. Унинг айтишича, «бундай хатти-ҳаракат мутлақо номақбул бўлиб, ҳайвонга стресс етказган бўлиши мумкинлигини» тушуниб етган.
2025 йил декабрь ойида ҳайвонот боғига келган айрим ташриф буюрувчилар оқ бенгал ва амур йўлбарсларига ичига тош солинган қор отган эди. 2024 йил март ойида эса ташриф буюрувчилар ташлаган озуқа туфайли эму қушига шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
