Қирғизистоннинг Asman Airlines авиакомпанияси Томчи (Иссиқкўл) — Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.
15 июль куни Тошкент вақти билан соат 11:14 да Томчидан илк рейсни амалга оширган авиакомпания самолёти Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Авиация анъанасига мувофиқ, ҳаво кемаси сув аркаси билан кутиб олинди. Илк рейс билан Тошкентдан Иссиқкўлга 68 нафар йўловчи жўнаб кетди.
Қайд этилишича, парвозлар Dash 8−400 русумли самолётларда ҳафтасига бир марта — чоршанба кунлари чартер асосида амалга оширилади. Шу тариқа, Asman Airlines жорий ёзги мавсумда мазкур йўналишда парвозларни йўлга қўйган иккинчи авиакомпанияга айланди. Ҳозирда Тошкент — Иссиқкўл йўналишида маҳаллий Centrum Air авиакомпанияси ҳам мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
Uzbekistan Airports маълумотига кўра, қирғиз авиаташувчиси келгусида Ўзбекистонга парвозлар географиясини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, кузги мавсумга қадар Тошкент — Ўш, қишки мавсумда эса Тошкент — Қоракўл йўналишларини очиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Бишкек ва Тошкент, шунингдек, Фарғона водийси аэропортлари ўртасида ҳам авиақатновларни йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Бу режалар ҳақида Uzbekistan Airports ва Asman Airlines вакиллари ўртасида жорий йилнинг 15 май куни бўлиб ўтган учрашувда ҳам маълум қилинган эди. Ўшанда томонлар Тошкент — Томчи йўналишини очиш, кейинчалик эса Ўш, Қоракўл, Бишкек ҳамда Андижон, Фарғона ва Наманган аэропортларига парвозларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилган.
Asman Airlines — Қирғизистоннинг давлат авиакомпанияси бўлиб, «Қирғизистон аэропортлари» АЖнинг шўъба корхонаси ҳисобланади. Авиаташувчи Dash 8 Q400 русумли турбовинтли самолётларда парвозларни амалга оширади. Ҳозирда авиакомпания Қирғизистоннинг асосий шаҳарлари, шунингдек, Олмаота ва Хўжанд каби халқаро йўналишларга парвоз қилади.
8 июндан бошлаб Тошкент ва Қирғизистондаги Иссиқкўл (Чўлпон-ота) ўртасида мавсумий автобус қатновлари йўлга қўйилган. Рейслар жуфт кунлари Тошкентдан, тоқ кунлари эса Иссиқкўлдан амалга оширилади. Чипта нархи 365 минг сўм.