«РБК-Украина» хабарига кўра, 16 июль куни Олий Рада Сергей Корецкийни Украинанинг янги бош вазири этиб тайинлади. У ҳукумат раҳбарлигида Юлия Свириденконинг ўрнини эгаллади.
Унинг номзодини 289 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 1 нафар депутат эса қарши чиқди.
48 ёшли Корецкий 2025 йилнинг апрель ойидан буён Украинанинг «Нафтогаз» компанияси бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача у уч йил давомида «Укрнафта» компаниясига раҳбарлик қилган. «24-канал»нинг ёзишича, Корецкий даврида «Укрнафта» зарардан чиқиб, фойда кўра бошлади ва энг муваффақиятли давлат компанияларидан бирига айланди.
Юлия Свириденко бошчилигидаги ҳукумат 14 июль куни истеъфога чиққанди. 40 ёшли Свириденко бош вазир лавозимида бир йил фаолият юритди. У ўтган йилнинг июль ойида ушбу лавозимга тайинланиб, Украина мустақиллик тарихидаги иккинчи аёл бош вазир бўлганди.
«РБК-Украина» маълумотларига кўра, ҳукумат таркиби ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар бир ойдан кўпроқ вақт олдин пайдо бўлган. Ўтган ҳафта охирида Украина президенти Владимир Зеленский расман Корецкийга ҳукуматни бошқаришни таклиф қилган ва у учун асосий иш йўналишларини белгилаб берган. Улар орасида энергетика ва ёнилғи инфратузилмасини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро ёрдамни самарали бошқариш каби вазифалар бор.
«Олдимизда қиш фасли кутаётган экан, биз унга тайёргарлик кўришимиз зарур. Биз анчадан бери тайёргарлик кўряпмиз, бироқ устувор вазифалар аниқ — қишга тайёргарлик. Барча маслаҳатлашувлардан сўнг айтишим мумкинки, Сергей Корецкий Украина бош вазири лавозимига энг муносиб ва тайёргарликка эга номзоддир», — деди Зеленский Олий Рададаги овоз бериш арафасида журналистлар билан суҳбатда.
