Маҳаллаларда ижтимоий ёрдамлар кўламини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жойларда ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этиш ёки сунъий равишда реестрдан чиқариш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди.
Оқибатда эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ёрдам олиш, фарзандини боғча ва тўгаракка бериш каби кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти. 184 та маҳаллада бир ой ичида келган 2 минг аризанинг барчаси асоссиз рад қилинган.
Бундай ҳолатлар Бўстон, Олтинкўл, Ховос, Тошлоқ, Шароф Рашидов, Учқудуқ ва Деҳқонобод туманларида кўплиги қайд этилди. Шу сабабли реестрга кириш масаласида Президентга мурожаатлар йил бошидан 1,5 баробар ошиб, 30 мингдан 46 мингга кўпайган.
Бош прокуратурага ижтимоий реестр тўғри юритилишини қатъий назорат қилиш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ш.Мирзиёевага реестр ҳаққонийлиги юзасидан Президентга мунтазам ахборот бериб бориш топширилди.
Мутасаддилар олдига йил якунигача ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни мослаштириш, ижтимоий уйга жойлаштириш каби 25 турдаги хизматни маҳаллага тушириш вазифаси қўйилди.
Уч ойда деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизмати ҳамда “Мадад” уйлари, 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун “Фаол ҳаёт” дастури, шунингдек, қаровсиз қолган ва зўравонликка учраган болалар учун “Қўллаб-қувватлаш марказ”лари ташкил этилади.
Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича яратилган тизим ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида бу йил бирорта жиноят содир этилмади.
Бунга видеокамералар ўрнатилиб, хавфсиз кўча ва йўлаклар ташкил қилингани, аҳоли муаммолари илмий асосда ҳал этилгани, оилаларга психологик ёрдам кўрсатилгани натижасида эришилди.
Жиноятчиликни жиловлашга масъул илмий ташкилотлар билан бирга намунали маҳаллалар тажрибаси асосида методика ишлаб чиқилади. Йил давомида “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторлари ушбу методика бўйича жойига бориб ўқитилади.
Наманган вилоятида профилактика инспекторларига ёнкамералар берилиб, планшетларига интеграция қилинган тажриба ҳам ижобий натижа берган. Бу орқали фуқаролар шахсини аниқлаш, маъмурий баённома тўлдириш ва судга материал юбориш автоматлашган.
Натижада профилактика инспекторларининг иш юкламаси қисқариб, айрим маҳаллаларда жиноятлар 10 тадан 5 тага камайган. Мазкур тажрибани йил якунигача Наманган вилоятида тўлиқ, қолган ҳудудларда эса криминоген вазияти оғир бўлган 448 та маҳаллада йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.