• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда солиқлар ва жарималарнинг бир қисми маҳаллаларнинг ўзида қолади


Ўзбекистонда маҳаллалар бюджетларига тушумларни 2026 йилда 1,6 триллион сўмга, келгуси йилдан бошлаб эса 2 триллион сўмга етказиш режалаштирилмоқда. 16 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев маҳаллаларнинг бюджетини мустаҳкамлаш бўйича янги чора-тадбирларни маълум қилди.

Дастлаб 2026 йилда маҳаллалар ихтиёрида 600 миллиард сўм қолдириш кўзда тутилган эди.

Президентнинг июнь ойида имзоланган фармонига кўра, маҳаллаларда қоладиган ер ва мулк солиғи тушумларининг улуши 10 фоиздан 15 фоизгача оширилди. Шунингдек, санитария қоидаларини бузиш ва ноқонуний қурилиш учун белгиланган жарималарнинг 10 фоизи ҳам уларнинг бюджетларига ўтказилади.

Бундан ташқари, маҳаллаларга майдони 5000 кв метргача бўлган бўш турган биноларни мустақил равишда сотувга қўйишга рухсат берилди. Бунинг ҳисобига 405 миллиард сўм миқдорида қўшимча тушумлар таъминланиши кутилмоқда.

Шунингдек, нотурар жой объектлари учун тўланадиган ер солиғи ва мулк солиғининг 5 фоизи маҳаллалар ихтиёрига ўтказилади. Президентнинг ҳисоб-китобларига кўра, бунинг эвазига уларнинг бюджетларига ҳар йили яна 400 миллиард сўм маблағ келиб тушади.

Энг яхши маҳаллаларнинг ҳар бири 2 миллиард сўмдан мукофот олади

Йил якунлари бўйича 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот ажратилади. Маблағни энг кўп тадбиркорларни рўйхатдан ўтказган, энг кўп иш ўрни яратган, энг юқори тушумларни таъминлаган ва солиқ базаси учун энг кўп қўшимча манбаларни аниқлаган ҳудудлар қўлга киритади.

Йиғилишда, шунингдек, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда тегишли лойиҳаларга қўшимча равишда 2 триллион сўм имтиёзли ресурс йўналтирилди. «Оғир» маҳаллалар учун кредитлар бўйича фоиз ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди.

1 августдан маҳалла банкирлари ушбу ресурсларни ўзлари топган лойиҳаларга йўналтиришлари мумкин бўлади. Улар учун ишбилармонлик фаоллигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича KPI белгиланади.

Туман ва шаҳар ҳокимлари маҳалла раислари билан биргаликда йил охирига қадар ҳар бир маҳалла банкири учун аниқ вазифаларни ишлаб чиқиши керак.

1000 та маҳаллада агросаноат занжирлари яратилади

Давлат банклари бу йил 100 та маҳаллани ихтисослаштиришни таклиф қилган. Ўтган йили тўққизта давлат банки иштирокида маҳаллаларда агросаноатни ривожлантириш учун Agrostar компаниялари ташкил этилганди.

Энди банклар фақат ҳудудларни ихтисослаштириш билан чекланиб қолмай, Agrostar’ни жалб қилган ҳолда тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини: «етиштириш — қайта ишлаш — сақлаш — қадоқлаш — сотиш»ни яратишлари шарт.

Президент бир ой муддатда тегишли дастурни тайёрлаш ва уни 1000 та маҳаллада амалга оширишни бошлаш бўйича топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллалардаги бўш ер участкаларини аукцион орқали хусусий болалар боғчалари, мактаблар, клиникалар ва спорт объектлари учун бериш режалаштирилмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, маҳалла раислари бундай ваколатларга эга бўлади. Қарорлар аниқ бир ҳудуднинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, ободонлаштириш ва аҳоли даромадларини ошириш лойиҳалари учун ҳар бир «маҳалла еттилиги»га 10 миллион сўмдан грантлар ажратилади. Шавкат Мирзиёев маҳалла раиси «ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси»га айланиши кераклигини таъкидлади. Бир нафар банкирга учтадан ортиқ бўлмаган маҳалла бириктирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *