• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ИИВ матбуот анжуманида қандай масалалар кўтарилди? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


2026 йилнинг январь-июнь ойларида ички ишлар органлари томонидан 5010 нафар қидирувдаги шахс ушланди, 2633 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилиб, оиласи бағрига қайтарилди. Бу ҳақда 14 июль куни ИИВ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида сўз борди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«2,7 тонна гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди»

Ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашраповнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ташаббуси билан мамлакат бўйлаб 19 755 та жиноят аниқланган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга ошган бўлиб, 2025 йилнинг олти ойида бундай жиноятлар сони 15 032 тани ташкил этган.

Унинг таъкидлашича, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан муҳофаза қилиш, наркожиноятларга қарши курашиш йўналишида кенг кўламли ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Рамазон Ашрапов.

«Натижада гиёҳвандлик воситаси ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 8653 та жиноят ишлари қўзғатилиб, жиноий гуруҳ ва шахслардан 2 тонна 733 килограмм гиёҳвандлик воситалари олинган. Шундан, 52 килограммдан ортиғи синтетик моддалар ва 2651 дона кучли таъсир қилувчи дориларни ташкил этган», — дейди вазир ўринбосари.

Ашрапов ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар ҳам асосий муаммолардан бирига айланганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатда 41 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, 93 фоизи фуқароларнинг пул маблағларини электрон тўлов тизимлари орқали қўлга киритиш билан боғлиқ.

Шунингдек, ярим йилда тезкор тузилмалар ва саф бўлинмалари томонидан тергов ҳамда суд органларидан яширинган 5010 нафар шахс ушланган. 2633 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилиб, ўз оилалари бағрига қайтарилган.

Рамазон Ашраповнинг қайд этишича, шу йилнинг ўтган даврида мамлакатдаги 5778 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Бу республикадаги барча маҳаллаларнинг 64 фоизини ташкил қилган. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса жиноят қайд этилмаган маҳаллалар сони 5306 та ёки 59,1 фоиз бўлган.

«Ярим йилда 18 нафар ходим ҳалок бўлди»

Вазир ўринбосари ўз нутқида тизим ходимларининг хизмат фаолияти ҳақида ҳам тўхталди.

«Ички ишлар тизимида ҳалол, бурчига садоқатли, виждонли, Ватан учун жонини фидо қилишга тайёр сафдошларимизнинг борлиги биз учун катта шараф. 2026 йилнинг ярмида 18 нафар ходим хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган. Уларнинг ёрқин хотираси қалбимизда мангу яшайди», — дейди у.

иив, наркожиноятлар, рамазон ашрапов, тонировка

Унинг қўшимча қилишича, яна 78 нафар ходим турли қалтис вазиятларни бартараф этиш жараёнида жароҳат олган.

«Албатта, бу каби жонкуяр, касбига масъулиятли, енгилмас, хавфсизликни таъминлашга юксак ҳисса қўшаётган ходимларимизнинг шарафли хизмат фаолияти ва меҳнати ҳеч қачон муҳтарам президентимиз эътиборидан четда қолмаган. Биргина шу йилнинг ўзида 14 нафар ички ишлар органлари ходими давлат мукофотига лойиқ кўрилган бўлса, Ички ишлар вазирлиги томонидан 73 мингдан зиёд ходим рағбатлантирилди», — дейди Ашрапов.

«Бундай ҳолатлар, албатта, биз учун оғриқли»

Журналистлардан бири айрим ички ишлар ходимлари иштирокида содир бўлаётган шов-шувли кейслар ҳақида гапираркан, бундай ҳолатлар тизим обрўсига қай даражада таъсир қилишини сўради.

Бунга жавобан вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов ҳар бир шундай ҳолат тизим учун оғриқли эканини таъкидлади.

«Ички ишлар идораси ҳам битта катта оила. Лекин ҳар бир ходимнинг ноўрин хатти-ҳаракати, албатта, ички ишлар идораларига нисбатан нотўғри фикрлар шаклланишига сабаб бўлади. „Ҳар бир ходим шундай экан-ку“, деган қарашлар кўпайиб кетади. Ҳар бир ҳолат биз учун жуда ҳам оғриқли», — дейди у.

Унинг айтишича, тармоқларда тарқалган айрим видеолар тўлиқ манзарани акс эттирмаслиги ҳам учрайди.

«Ижтимоий тармоқларда баъзида тўғри талқин қилинади, айрим пайтларда эса видео кесилади: керакли жойи кўрсатилмайди, кераксиз жойи тарқатилади. Биз эса ҳар бир ҳолатнинг охирига етиб боришимиз, хизмат текширувини ўтказишимиз керак. Лекин унгача кенг жамоатчиликнинг фикри шаклланиб бўлади», — дейди Ашрапов.

иив, наркожиноятлар, рамазон ашрапов, тонировка

Рамазон Ашраповнинг сўзларига кўра, кейинчалик ҳолат бўйича расмий хулоса эълон қилинса ҳам, у илк тарқалган салбий хабар каби кенг аудиторияга етиб бормайди.

«Биринчи тарқалган салбий видеони 100 минг киши кўрган бўлса, кейин ижобий томонини кўрсатсангиз, унинг кўрувчилари 1 фоизча бўлади», — дейди у. Шу билан бирга, у ички ишлар тизимидаги қонунбузилишларнинг аксарияти идоранинг ўзи томонидан аниқланаётганини айтди.

«Ҳар бир ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказиляпти. Раҳбар сифатида айтаман: содир этилаётган жиноятларнинг 75 фоизи комплаенс хизмати ходимлари, яъни ўзимизнинг махсус хизматимиз томонидан аниқланяпти. Қолган 25 фоизигина фуқароларнинг мурожаатлари ёки бошқа хизматлар томонидан ўтказилаётган тадбирлар давомида аниқланяпти»», — дейди вазир ўринбосари.

«Қамоқхоналарда 9 мингдан ортиқ видеокузатув камераси ўрнатилган»

Яна бир журналист Жазони ижро этиш департаментида рақамлаштириш жараёнлари, маҳкумлар яқинларига яратилаётган шароитлар ҳамда соҳадаги очиқлик масалаларига тўхталиб, бу ҳақда масъуллардан изоҳ сўради.

Саволга жавоб берган ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари Баҳром Мадиёров журналист томонидан кўтарилган масалалар долзарб эканини тан олди.

«Тўғрисини тан олиш керак, жазони ижро этиш тизими бугунги кунгача тўлиқ рақамлаштирилмаган. Лекин охирги кунларда вазиримизнинг эътибори фақат рақамлаштиришга қаратиляпти», — дейди у.

иив, наркожиноятлар, рамазон ашрапов, тонировка

Баҳром Мадиёров.

Унинг айтишича, ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларида 9000 дан ортиқ видеокузатув камераси ўрнатилган бўлиб, уларнинг қарийб 95 фоизи рақамли камералар ҳисобланади.

«Уларда олинган видеоёзувлар устида ишлаш ва турли жараёнларда фойдаланиш мумкин. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, бирорта ҳам жойимиз йўқки, видеокузатув назоратига олинмаган. Ҳар қандай шахснинг муассасага кирган пайтдан то чиқиб кетгунига қадар бўлган жараён тўлиқ видеокузатув назоратига олинган. Ҳар бир видеоёзув алоҳида серверларга жамланиб бориляпти», — дейди Баҳром Мадиёров.

ЖИЭД вакилининг таъкидлашича, рақамлаштириш фақат видеокузатув билан чекланмайди. Ҳозир маҳкумларнинг шахсий ҳужжатлари ҳам электрон шаклга ўтказилиб, бошқа давлат идоралари билан интеграция қилинмоқда.

Унинг сўзларига кўра, тизим суд, прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан интеграция қилинган. Яқин вақт ичида яна бир электрон тизим ишга туширилиши режалаштирилган.

«Ҳозирги кунда „Демет“ тизимини ҳам интеграция қилиш жараёнида озгина қолди. Бу узоғи билан бир-икки ойда ишга тушиб кетади. Тизимга келган ҳар қандай шахсда қандайдир юқумли касаллиги бор-йўқлиги, сил ёки бошқа юқумли касалликка чалинган-чалинмагани ҳақида бизда тўлиқ маълумот бўлади», — дейди ИИВ вакили.

Шунингдек, у маҳкумларни рўйхатга олиш жараёни ҳам замонавийлаштирилганини қайд этди.

«Олдин ҳар бир келган шахснинг қўл изини эски усулда сиёҳ билан олардик. Ҳозир эса паспорт ва ID-карта расмийлаштиришда қўлланилаётган электрон бармоқ изи орқали маълумот йиғиш амалиётини биз ҳам барча муассасаларда жорий қилганмиз», — дейди Баҳром Мадиёров.

«Ёзги арзон тонировка бўйича янгилик йўқ»

Бошқа бир журналист ёзги мавсум учун жорий этилиши таклиф қилинган мавсумий тонировка масаласи юзасидан савол берди. Унинг эслатишича, ўтган йили ёз фаслида автомобилнинг олд ён ойналарини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари эвазига қорайтиришга рухсат бериш таклифи билдирилганди. Аммо ҳозир аномал иссиқлар кузатилаётганига қарамай, бу ташаббус юзасидан ҳеч қандай янгилик эълон қилинмаган.

Саволга жавоб берган ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров тонировкага рухсат бериш тартиби 2018 йилда қабул қилинган ҳукумат қарори билан жорий этилганини эслатди.

иив, наркожиноятлар, рамазон ашрапов, тонировка

Эрали Бозоров.

Унинг айтишича, дастлаб автомобил ойналарини қорайтириш рухсатномаси нархи БҲМнинг 90 баравари этиб белгиланган бўлиб, бугунги ҳисоб-китобда 37 миллион сўмдан ортиқ маблағни ташкил этган бўлар эди.

«Фуқаролардан келиб тушган жуда кўп таклифларни инобатга олган ҳолда қарорга тўрт марта — 2019, 2020, 2021 ва 2022 йилларда ўзгартишлар киритилди», — дейди у.

Эрали Бозоровнинг таъкидлашича, ушбу ўзгартишлар натижасида тонировка рухсатномаси нархи сезиларли даражада арзонлаштирилган.

«Биринчи қабул қилинган қарордан бугунги кунга қадар нархлар 11−25 баравар арзонлаштирилди. Оддий қилиб айтганда, 37 миллион сўмдан 3 миллион 296 минг сўмгача туширилди», — дейди ИИВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда автомобилнинг орқа ён ойналари ва орқа ойнасини мутлақо бепул қорайтиришга рухсат берилган.

Шундан сўнг журналист 2025 йил август ойида ёзги мавсум учун арзонлаштирилган тонировка жорий этилиши кўриб чиқилаётгани айтилганини эслатиб, бу борада янгилик бор-йўқлигини сўради. Бунга жавобан Эрали Бозоров қисқача: «Йўқ», — дея изоҳ берди.

Рағбатлантириш тизими бўйича танқидларга жавоб

Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Азизовнинг айтишича, ички ишлар ходимларига пора таклиф қилинганда бу ҳақда ўз раҳбарига ёки бевосита Шахсий хавфсизлик бош бошқармасига мурожаат қилган ходимлар рағбатлантирилади.

«Ҳақиқатан, ички ишлар ходимлари ўртасида айнан коррупциявий жиноятлар бўйича уларга таклиф этилаётган пора ҳақида ўзининг раҳбарига ёки бевосита Шахсий хавфсизлик бош бошқармасига мурожаат қилган ходимларга нисбатан бизда рағбатлантириш ҳолатлари бор. Сабаби, айнан мана шу жиноят ўша ходимнинг иштирокида фош этиляпти», — дейди у.

Ҳусниддин Азизовнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида 136 нафар ички ишлар ходими пора таклиф қилингани ҳақида мурожаат қилган. Шу билан бирга, у бундай ходимлар учун белгиланган ягона мукофот пули мавжуд эмаслигини таъкидлади.

«Олти ой давомида жами 136 нафар ходимларимиз айнан шу ҳолат бўйича мурожаат қилган. Лекин биз у ходимни мазкур жиноятни фош қилгани ва мурожаат этгани сабабли маълум тартибда рағбатлантириб борамиз. Аммо бу борада барча учун тенг миқдорда белгиланган аниқ сумма йўқ», — дейди Азизов.

иив, наркожиноятлар, рамазон ашрапов, тонировка

Шундан сўнг Gazeta журналисти Миролим Исажонов Ички ишлар вазирлигида пора ҳақида хабар берган ходимларни рағбатлантириш тизимига нисбатан Антикоррупция агентлиги билдирган муносабат юзасидан изоҳ сўради. У агентлик бу амалиёт ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри экани ҳақида баёнот берганини эслатиб, ички ишлар вазири ўринбосарининг муносабатига қизиқди.

Саволга жавоб берган вазир ўринбосари Рамазон Ашрапов мазкур масала бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўз позицияси борлигини таъкидлади.

«Ҳамма тизимда ўзининг қараши бор. Балки мен сизнинг саволингизни тушунмагандирман. Бу бўйича агентлик томонидан муносабат билдирилган. Мен айнан шу масалани ёритиб беришдан узоқман, сабаби бу масала — уларнинг фикри ва бу тўғри», — дейди Ашрапов.

Унинг таъкидлашича, ички ишлар тизимидаги рағбатлантириш механизми фақат коррупция билан боғлиқ ҳолатларга эмас, балки ҳар қандай жиноятни ташаббускорлик билан очган ходимларга нисбатан қўлланилади.

«Ҳар бир ходим ҳар қандай жиноятни очишга масъул. Ходимнинг ташаббускорлиги билан очилган жиноят — у ўғрилик бўладими, фирибгарлик бўладими, босқинчилик бўладими, агар фаол ҳолатда очиб бериладиган бўлса, бизда рағбатлантириш механизми бор. Фақат коррупциявий ҳолатнинг олдини олганлиги бўйича эмас бу», — дейди у.

«Тергов сифати ошмоқда»

Тадбир якунида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов тергов сифати ҳақида ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, бугун тизимдаги асосий вазифалардан бири — тергов сифатини ошириш ва ноҳақ айбловларга йўл қўймасликдир.

Ашраповнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида 116 мингдан ортиқ жиноят иши тергов қилинган. Шу билан бирга, ярим йил давомида қарийб 40 мингта жиноят иши якунланган. У тергов сифати оқлов ҳукмлари сони орқали ҳам кўринаётганини таъкидлади.

«2018 йил давомида 35 мингта жиноят иши кўрилган бўлса, 151 та оқлов бўлган. Бугунги кунда олти ойда қарийб 40 мингта жиноят иши тамомланиб, 44 та оқлов бўлди», — дейди вазир ўринбосари.

иив, наркожиноятлар, рамазон ашрапов, тонировка

Рамазон Ашраповнинг айтишича, 2023 йилда қарийб 60 мингта жиноят ишидан 172 та, 2024 йилда эса 62 мингта ишдан 132 та оқлов ҳукми чиққан. Бу эса тергов сифати босқичма-босқич яхшиланаётганини кўрсатади.

Унинг сўзларига кўра, тергов сифатини ошириш бўйича Президент томонидан ҳам аниқ талаблар қўйилган.

«Муҳтарам президентимиз бирорта ҳам фуқаро ноҳақ айбланмаслиги, айбдор шахс эса жавобгарликдан қочиб қолмаслиги бўйича қатъий талаб қўйган», — дейди у.

Ашраповнинг таъкидлашича, хатоларни камайтириш мақсадида ходимларни мунтазам ўқитиш, назоратни кучайтириш ва рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, воқеа жойини электрон тарзда расмийлаштириш учун 208 та туман ва шаҳарга планшетлар тарқатилган бўлиб, бу келгусида тергов сифати янада ошишига хизмат қилиши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *