• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Муаммонинг маҳаллий ёки кенг тарқалганини билишни хоҳладим». Тошкентда электр узилишлари харитаси пайдо бўлди


Kurbanoff.net блоги муаллифи Шуҳрат Қурбонов Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида электр энергияси узилишлари ҳақидаги хабарларни харитада акс эттирувчи svetanet.uz платформасини яратди. У Gazeta’га берган интервьюсида бу ғоя қандай туғилгани, хизмат қандай ишлаши ва электр узилишлари бўйича йиғилган статистика ҳақида сўзлаб берди.

Фойдаланувчилар @sveta_netbot Telegram-боти орқали ўз жойлашувини юбориб, электр энергияси йўқлиги ҳақида хабар қолдиришлари мумкин. Агар 300 метр радиусда яна бир шундай хабар келиб тушса, харитадаги белги қизил рангга айланади ва хабар тасдиқланган деб ҳисобланади. Ҳали тасдиқланмаган хабарлар эса харитада кулранг белги билан акс эттирилади.

Харитадаги белги уч соат давомида сақланиб туради. Агар шу вақт ичида электр таъминоти қайта тикланса, фойдаланувчи «Электр тикланди» тугмасини босиши мумкин. Шундан сўнг хабар харитадан ўчирилади.

«Бу ғоя маҳалламизда яна бир марта электр ўчган куни кечқурун туғилди. Асосий мақсад — муаммо фақат бизнинг ҳудуддами ёки кенг кўламлими, шуни аниқлаш эди», — деди Шуҳрат Қурбонов.

Унинг айтишича, лойиҳани мустақил ишлаб чиққан. Бу жараёнда у Claude AI сунъий интеллект воситаси ва вайбкодинг (сунъий интеллектга берилган сўровлар орқали дастур яратиш усули)дан фойдаланган.

Шуҳратбек Қурбонов. Фото: Евгений Сорочин / Spot

Веб-сайт ва бот бир оқшомда тайёр бўлган

Sveta.Net сайти 22 июнь куни ишга туширилган. 25 июндан эса унга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйича 1055 хизмати Telegram гуруҳларидан келадиган хабарлар ҳам уланган.

«Вақт жиҳатидан олсак, бир ёки икки кеча кетган. Сайт ва Telegram-ботни бир кечада тайёрладик. Кейин эса янги ғоялар ва муаммоларнинг ечимлари пайдо бўла бошлади. Масалан, кимдир атайлаб тугмани қайта-қайта босиб, сохта хабарлар юбориши мумкинлигига қарши қандай чора кўриш ҳақида ўйладик», — деди сервис муаллифи.

Лойиҳанинг энг мураккаб қисми 1055 (Марказий диспетчерлик хизмати) Telegram гуруҳлари билан интеграция қилиш бўлган. Унга қадар хаританинг самарали ишлаши бот ҳақида қанча одам билиши, унга кириши ва электр узилгани ҳақида мустақил хабар юборишига боғлиқ эди.

1055 Telegram гуруҳлари улангач, тизим аҳоли мурожаатларини автоматик тарзда қабул қилиб, қайта ишлай бошлади.

Хабарлардаги манзилларни аниқлаш ва уларни харитага жойлаштириш учун сунъий интеллект агентлари ҳамда учинчи томон сервисларидан фойдаланилади. Маълумотларни текшириш ва қўшиш жараёнида инсон иштирок этмайди, аммо техник жиҳатдан қўлда аралашиш имконияти мавжуд.

«Кундузи ўз ишим билан банд бўламан, шунинг учун сайтни доимий кузатишга вақтим йўқ», — деди Қурбонов.

Дастлаб тизим такрорий хабарларни 500 метр радиусда қидирар эди. Кейинчалик аниқликни ошириш мақсадида бу масофа 300 метрга қисқартирилди.

Бир ойга етмай 30 мингга яқин хабар қайта ишланди

Sveta.Net ишга тушганидан буён электр энергияси узилиши ҳақидаги қарийб 30 мингта хабарни қайта ишлади. Шундан тахминан 14,1 мингтаси Telegram-бот орқали келиб тушган бўлса, яна 15 мингга яқини Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 1055 Telegram гуруҳларидан олинган.

Энг юқори фаоллик 28 июнь куни кечқурун кузатилган. Ўшанда тизим бир соат ичида электр узилиши ҳақидаги қарийб 1000 та хабарни қабул қилган.

Сервис яратувчисининг таъкидлашича, асосий юкламани сайтнинг ўзи эмас, балки матнли хабарлардан манзилларни аниқлайдиган сунъий интеллект сервислари кўтаради. Сайт эса фақат қайта ишланган маълумотларни харитада акс эттиради.

Интервью олинган пайтда — 16 июль куни соат 18:45 ҳолатига кўра, харитада электр энергияси узилиши билан боғлиқ 480 та ҳолат қайд этилган. Шундан 389 таси тасдиқланган. Шунингдек, 1055 Telegram каналларидан яна 796 та мурожаат келиб тушган. Қурбоновнинг тахмин қилишича, бу кўрсаткич сервис ишга тушганидан бери қайд этилган янги рекордга айланиши мумкин.

Сервис статистикасига кўра, июль ойида электр энергияси узилиши ҳақидаги энг кўп мурожаатлар Чилонзор туманидан келиб тушган.

sveta.net, шуҳрат қурбонов, электр узилишлари, электр энергияси

Электр узилишлари кўпайган сари харажатлар ҳам ошиб бормоқда

Sveta.Net тижорат лойиҳаси сифатида эмас, балки тажриба тариқасида яратилган. Асосий харажатлар виртуал сервер ижараси, сунъий интеллект агентлари ва манзилларни қайта ишлашда фойдаланиладиган токенлар учун тўловлар билан боғлиқ.

«Қисқача айтганда, электр қанча кўп ўчса, менинг харажатларим ҳам шунча кўпаяди. Ҳозирча барча харажатлар ойига тахминан 1 миллион сўмни ташкил қилади», — деди Қурбонов.

Кейинроқ унинг танишлари лойиҳанинг айрим харажатларини қоплашни таклиф қилган. Бунинг эвазига сайтда қуёш панеллари билан шуғулланувчи уларнинг компанияларига ҳаволалар жойлаштирилган.

«Аммо аввал ҳам айтганимдек, бу тижорат лойиҳаси эмас. Бу ҳақиқатан ҳам вайбкодинг бўйича ўтказилаётган тажриба», — дея таъкидлади у.

«Муаммо маҳаллийдек туюлганди»

sveta.net, шуҳрат қурбонов, электр узилишлари, электр энергияси

Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари», шаҳар электр тармоқлари ёки ҳокимлик сервис муаллифи билан боғланмаган. Шунингдек, Қурбоновнинг ўзи ҳам давлат идораларига сервисни интеграция қилиш ёки маълумот алмашиш бўйича таклиф билан мурожаат қилмаган.

«Асосий мақсад маълумотларни визуал кўринишда акс эттириш эди, балки аввало ўзим учун. Агар бу бошқаларга ҳам фойдали бўлса, янада яхши», — деди дастурчи.

Унинг сўзларига кўра, электр узилишлари ҳақидаги шикоятлар кўпинча фақат битта маҳалла ёки туман муаммосидек қабул қилинади. Аммо сервис харитаси электр таъминотидаги узилишлар бир вақтнинг ўзида шаҳарнинг катта қисмига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатган.

«Ҳаммамиз электр тез-тез ўчиши ҳақида эшитамиз, 1055 гуруҳларидаги шикоятларни ҳам ўқиймиз. Лекин кўпчилик буни фақат маълум бир туман ёки маҳаллага хос муаммо деб ўйлайди. Харита эса вазият ундай эмаслигини кўрсатди», — деди Қурбонов.

Унинг cўзларига кўра, электр таъминотидаги узилишлар юзасидан бир неча бор мурожаат қилган, аммо ҳар сафар электр тармоқлари реконструкция қилинаётгани ва вазият барқарорлашиши ҳақида мазмунан бир хил жавобларни олган.

«Бош муҳандислар алмашади, аммо Қурбоновга келадиган хатлар ўша-ўша. Назаримда, ҳаммаси жойида эмаслигини кўрсатиш истаги йиғилиб қолган эди», — деди Sveta.Net яратувчиси.

Июнь ойи бошида Ўзбекистон пойтахтининг қатор туманларида электр энергияси вақтинча ўчирилган эди. Энергетика вазирлиги бу ҳолатга Тошкент иссиқлик электр станциясидаги (ТошИЭС) трансформатор носозлиги сабаб бўлганини маълум қилган. Оқибатда шаҳарда светофорлар ишламаган, айрим уйларда сув таъминотида узилишлар кузатилган. Электр таъминотидаги носозлик метронинг бир қисми фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган.

28 июнь куни кечқурун Яккасарой туманидаги «Юксак» подстанциясида юз берган авария оқибатида Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Чилонзор, Миробод ва Учтепа туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 55 минг нафар истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. Узилиш айрим кичик саноат корхоналари фаолиятига ҳам таъсир қилган. Бу пойтахтдаги барча абонентларнинг тахминан 6,2 фоизини ташкил этган.

Июль ойи бошида Ўзбекистон Энергетика вазирлигида энергия таъминоти барқарорлиги, қарздорлик, коррупция ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Шунингдек, Тошкентда электр энергиясидаги авариявий узилишлар сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия иш бошлади. Мутахассислар бу ёзда электр энергиясига бўлган талаб ўтган йилга нисбатан юқори бўлишини кутмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *