1 октябрдан Ўзбекистонда давлат органларининг ахборот тизимларида фуқароларнинг шахсий маълумотларини автоматик равишда янгилаш тартиби кучга киради. Бу ҳақда президентнинг 15 июлдаги қарорида сўз боради.
Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва бошқа шахсий маълумотлари ўзгарган тақдирда, давлат идоралари бу ҳақдаги маълумотларни идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олади ва ўз электрон базаларини мустақил равишда янгилайди.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар эса Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (ЯИДХП) олинадиган шахсий маълумотлар ўзгаргани тўғрисидаги электрон маълумотнома асосида қайта расмийлаштирилади.
Шунингдек, давлат органларига 1 ноябрга қадар кредитлар тўлиқ сўндирилганда кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларига қўйилган тақиқни проактив, яъни автоматик тарзда бекор қилиш тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев май ойида давлат хизматлари соҳасида бюрократияни қисқартириш ва хизматларни кўпроқ проактив шаклда кўрсатишга урғу бериш бўйича топшириқ берганди.
