1 октябрдан жисмоний ва юридик шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомототранспорт воситаларини гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек, уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиши ёки уни бекор қилиши мумкин бўлади. Бу 15 июлда қабул қилинган президент қарорида назарда тутилган.
Жисмоний шахслар учун тақиқни ўрнатиш Face ID орқали идентификациядан ўтгандан кейин амалга оширилади. Юридик шахслардан эса муассислар, иштирокчилар ёки акциядорлар умумий йиғилишининг электрон рақамли имзо билан тасдиқланган қарори талаб этилади.
Адлия вазирлигига Марказий банк, Ички ишлар вазирлиги ва Кадастр агентлиги билан биргаликда 1 ноябрга қадар кўчмас мулк объектлари ва автомототранспорт воситаларига қўйилган тақиқни кредитлар тўлиқ сўндирилганда проактив шаклда ечиш тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Гаров ёки ипотека шартномаси нотариал тартибда амалга оширилганда, кўчмас мулк ва автомототранспорт воситалари бўйича кредитлар тўлиқ сўндирилганда бу ҳақида банклараро тўлов тизими орқали «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумот тақдим этилади. Шу маълумотлар асосида тақиқ бир иш куни ичида бекор қилиниши керак.
Агар шартнома тўғридан-тўғри банк билан тузилган бўлса, мажбуриятлар бажарилгандан кейин гаровлар реестрига чеклов тугатилгани ҳақидаги ёзув проактив тарзда киритилади. Бунинг учун қарз олувчининг алоҳида мурожаат қилиши талаб этилмайди.
Ҳуқуқларни жаримасиз рўйхатдан ўтказиш
2027 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳуқуқ эгаси белгиланган муддатдан кеч мурожаат қилса, кечикиш муддатига қараб оширилган тўловлар ундирилади. Бунда маъмурий жавобгарлик қўлланилмайди.
Қарор билан мерос ёки яқин қариндошдан ҳадя тариқасида олинган уй-жойни сотишдан олинган даромадни солиқдан озод қилиш учун белгиланган муддатни ҳисоблаш тартиби ҳам ўзгартирилмоқда.
Эндиликда бундай уй-жойни сотишдан олинган даромадни солиқдан озод қилиш учун муддат васият қилувчи ёки ҳадя қилувчининг мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ҳисобланади.
Тақиқ ёки хатлов қўйилган уй-жойда рўйхатдан ўтиш
Фуқароларга гаров, тақиқ ёки хатлов қўйилган уй-жойда гаровга олувчининг розилигисиз доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтишга рухсат берилади.
Бунда рўйхатдан ўтаётган шахс мулкдор, гаровга олувчи ёки тақиқни қўйиш ва ечишга масъул органнинг ички ишлар органларига мурожаати асосида унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилинишига аввалдан розилик бериши зарур.