• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ваҳимага тушиш учун асос йўқ». Фанлар академияси Фарғона водийсида кучли зилзила бўлиши ҳақидаги хабарларни изоҳлади


Ижтимоий тармоқларда Фарғона водийида яқин вақт ичида кучли зилзила содир бўлиши ҳақидаги хабарлар тарқалаётгани ортидан Ўзбекистон Фанлар академияси аҳолини асоссиз ваҳимага берилмасликка чақирди. Академиянинг расмий муносабатида таъкидланишича, республика ҳудудининг сейсмик ҳолати доимий равишда илмий асосда кузатиб борилади ва тарқалаётган даъволарни тасдиқловчи асослар мавжуд эмас.

Фанлар академияси Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматовнинг айтишича, Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади ва мамлакатда кучли зилзилаларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ер ёриқлари узоқ йиллар давомида чуқур ўрганилган.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу тадқиқотлар асосида республика ва қўшни давлатлар ҳудудида кузатилиши мумкин бўлган энг юқори кучдаги зилзилалар баҳоланган, тегишли сейсмик хариталар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда барча бино ва иншоотлар айнан шу хариталар асосида лойиҳалаштирилади.

«Йирик шаҳарларнинг сейсмик микрорайонлаштириш хариталари ҳам ишлаб чиқилган. Уларда ҳар бир ҳудудда неча баллгача бўлган сейсмик силкиниш юзага келиши мумкинлиги баҳоланган. Қурилиш ташкилотлари лойиҳаларни айнан шу баҳоларга асосланиб тайёрлайди. Шунинг учун қурилаётган биноларнинг мустаҳкамлиги белгиланган талабларга жавоб беради, деган фикрдамиз», — деди у.

Мутахассаснинг таъкидлашича, Фарғона водийида охирги кучли зилзила 2011 йилда содир бўлган бўлиб, унинг магнитудаси 6,4 ни ташкил этган. Шундан кейин бу даражадаги кучли зилзилалар қайд этилмаган. 5−5,5 магнитудали зилзилалар эса тез-тез кузатилиб туради, аммо уларнинг кучи нисбатан паст.

Унинг айтишича, сейсмик салоҳияти юқори бўлган йирик ер ёриқлари асосан Тожикистон ва Помир ҳудудлари орқали ўтади. Бу ҳудудларда магнитудаси 7 гача бўлган зилзилалар юз бериши мумкин, бироқ уларнинг Ўзбекистонга таъсири 9 баллдан ошмайди.

Шунингдек, Афғонистон ҳудудида ҳам чуқур ўчоқли зилзилалар тез-тез содир бўлади. Бундай зилзилалар 250−300 километр чуқурликда юзага келади ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида сезилади. Бироқ чуқур ўчоқли бўлгани учун уларнинг таъсири ер юзасига чиққан сари сусаяди ва 8−9 балл даражасига етмайди.

Улфат Нурматовнинг маълум қилишича, Фарғона водийининг амалдаги сейсмик харитасига кўра, ҳудуднинг 90 фоиздан ортиқ қисми 8 балли зона ҳисобланади. Агар мавжуд ер ёриқлари ўзининг максимал сейсмик салоҳиятини намоён қилса ҳам, аксарият ҳудудларда силкиниш кучи 8 баллдан ошмайди.

Айрим кичик ҳудудларда, жумладан, Андижон шаҳрининг шарқий қисмида 9 баллгача бўлган силкиниш эҳтимоли баҳоланган. Бироқ бу ҳам ер ёриқлари ўзининг максимал салоҳиятини тўлиқ намоён этган тақдирдагина юз бериши мумкин.

Мутахассаснинг таъкидлашича, амалдаги сейсмик харита 50 йиллик эҳтимолий давр асосида тузилган. Унга кўра, мазкур ҳудудларда зилзила кучи 8 баллдан ошиш эҳтимоли 5 фоизни ташкил этади, 95 фоиз эҳтимол билан эса бу кўрсаткич ошмайди.

«Ҳозирги вазиятда аҳолининг ваҳимага тушиши учун ҳеч қандай асос йўқ», — деди Улфат Нурматов.

12 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақасидаги юқори сейсмик хавф ҳақида огоҳлантирган эди. Ташкилот маълумотларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистоннинг деярли бутун ҳудуди, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари юқори сейсмик хавф зоналарига киради. Хусусан, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган, қарийб 11 млн аҳоли яшайдиган Фарғона водийси энг хавфли ҳудудлардан бири сифатида қайд этилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *