• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда пенсионерлар пенсия мажбурий тарзда картага ўтказилаётганидан яна шикоят қилмоқда



Gazeta бир нечта манбалардан хабар топишича, Ўзбекистонда пенсиясини ҳалигача нақд пулда олаётган пенсионерларни яна мажбурий тарзда банк карталарига ўтказиш бошланган.

10 июль куни Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалардан бири пенсионерлари пенсия олиш учун маҳалла қўмитасига келган. Кутилмаганда маҳалла ходимлари ва «Халқ банки» кассирлари уларга нақд пул фақат алоҳида қайдномага киритилган ногиронлиги бўлган пенсионерларга — тахминан 10−15 кишига берилишини айтган. Қолганларга эса банк бўлимига бориб, банк картаси расмийлаштириш таклиф қилинган ва пенсия шу карталарга ўтказилиши айтилган.

Нақд пулда пенсия олишни давом эттирмоқчи бўлганларга эса ариза билан Пенсия жамғармасининг туман бўлимига мурожаат қилиш тавсия этилган.

Пенсионерлар тўлов тартиби ўзгариши ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган — уларнинг ҳеч бири эълонларни кўрмаган, телефон орқали ҳам хабардор қилинмаган. Маҳалла ходимларининг айтишича, уларнинг ўзи ҳам янги тартиб ҳақида пенсия тарқатилган куни билган.

Натижада, кўпчилиги пенсиядан пенсиягача яшайдиган фуқаролар пенсия бериладиган куни пулсиз қолган, чунки ўзгаришларга тайёргарлик кўриш имконига эга бўлмаган.

Уларнинг айримлари ўша куннинг ўзидаёқ «Халқ банки»нинг Мирзо Улуғбек туманидаги бўлимига борган. Уларнинг сўзларига кўра, у ерда тайёр банк карталари бўлмаган. Пенсионерларга карта чиқариш учун ариза ёзиш таклиф қилинган, уни тайёрлаш эса уч кунгача вақт олиши мумкинлиги айтилган. Бу эса пенсияни олиш муддатини яна кечиктирган.

«Бўз» маҳалласида ҳам пенсионерлар нақд пулсиз тўловларга ўтиш ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Маҳалла аҳолиси вакилларидан бирининг маълум қилишича, 10 июль куни уларга пул бериш ўрнига Дархондаги «Халқ банки» бўлимига бориш айтилган. Бироқ у ерда ҳам пенсионерлар на пул, на карталарни олган. Уларга 14 июль куни қайта келиш таклиф қилинган. Карталарни маҳаллага олиб келиш ҳақидаги илтимос, маҳалла аҳолиси вакилига кўра, қўллаб-қувватланмаган. Натижада, кўриш ва эшитишида муаммоси бўлган пенсионерлар ҳам банкка яна бир бор боришга мажбур бўлган.

Шу тариқа, кекса фуқаролар кучли жазирама кунларида банкка бир неча марта шахсан боришига тўғри келган.

Шунга ўхшаш ҳолатлар Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам кузатилган.

Facebook фойдаланувчиларидан бири ёзишича, Шайхонтоҳур туманида унинг 74 ёшли қариндошига, у ҳар доим маҳаллада нақд пулда пенсия олган бўлса-да, тўлов банк картасига ўтказилгани айтилган. Ҳолбуки, пенсия олиш усулини ўзгартириш бўйича ҳеч қандай ариза берилмаган. Аёл ковид касаллигидан кейин юришда қийналишига қарамай, набираси билан таксида банк бўлимига боришига тўғри келган.

Яна бир ҳолат ҳақида Чилонзор туманининг 10-мавзесидаги Кўтарма маҳалласи фуқароси хабар берган. Унинг онасига июль ойи учун пенсия берилмаган, чунки аёл нақд пул олувчилар рўйхатига киритилмаган. Кассир пуллар банк картасига ўтказилганини ва уни олиш учун банкка бориш кераклигини айтган.

Пенсия жамғармаси вазиятга алоқадор эмаслигини билдирди

Gazeta изоҳ сўраб Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилди. Идора вазиятга алоқадорлигини қатъий рад этди.

Пенсия жамғармасининг тўлов тизимларини ривожлантириш ва даромадлар ҳисоби бўлими бошлиғи Аброр Холматовнинг маълум қилишича, кейинги вақтларда пенсия тўлаш тартиби ва усулларини ўзгартирадиган ҳеч қандай янги ҳужжат ёки регламент қабул қилинмаган.

У 2021 йил 4 февралдаги ПФ-6155-сонли президент фармонининг 10-бандига таянди. Унда шундай дейилади: «Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади».

Шу тариқа, пенсияни картага ўтказиш пенсионернинг шахсий хоҳиш-иродасини назарда тутади: у банкда карта очиш вақтида ёки электрон шаклда тегишли ариза расмийлаштириши керак.

Аброр Холматов таъкидлашича, Пенсия жамғармаси пенсияни қайси усулда олишни белгилаш ваколатига эга эмас. Унинг сўзларига кўра, идора пенсионернинг нақд пулсиз тўловларга ўтганини банк унга ҳисобрақам очиб, бу ҳақдаги маълумот ягона электрон тизимда пайдо бўлганидан кейингина билади.

Пенсия жамғармасида «янгиликлар» учун масъулият «Халқ банки» зиммасида, деб ҳисоблашмоқда. Шу билан бирга, пенсия тўловлари бўйича фуқаролар, одатда, айнан жамғармага мурожаат қилади.

Аброр Холматовнинг айтишича, сўнгги бир ой ичида Пенсия жамғармасига пенсионерларни банк карталарига мажбурий ўтказиш билан боғлиқ шикоятлар кескин кўпайган. Бу фақат Тошкентга эмас, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тааллуқли.

Яқин кунларда идора келиб тушган мурожаатларни умумлаштириб, «Халқ банки» ҳамда тартибга солувчи орган — Марказий банкка расмий хатлар юборишни режалаштирмоқда. Gazeta ушбу ҳужжат нусхасини сўради.

«Пенсионернинг розилигисиз ҳеч қандай карта очилмайди» — «Халқ банки»

«Халқ банки» пенсионерларни нақд пулдаги тўловлардан банк карталарига мажбурий ўтказаётганини рад этмоқда. Банкнинг ижтимоий тўловлар бўлими бош мутахассиси Иброҳим Эрданов Gazeta`га банк карталари фақат пенсионерларнинг розилиги билан очилишини билдирди.

«Пенсионернинг розилигисиз ҳеч қандай карта очилмайди ва ҳеч қандай ўтказма амалга оширилмайди», — деди у.

Мутахассаснинг айтишича, «Халқ банки» ходимлари маҳаллаларга чиққан вақтда пенсионерларга нақд пулсиз тўловларнинг афзалликлари ҳақида маълумот беради ва пенсия олиш усулини ўзгартиришга рози бўлганларга карталар расмийлаштириб беради.

Шу билан бирга, Иброҳим Эрданов июль ойида айрим туманларда одатда 10−15 дақиқада расмийлаштириладиган «тезкор карталар»ни беришда узилишлар кузатилганини тан олди. У буни картага ўтаётган пенсионерлар сони ошгани билан изоҳлади.

Бундай карталар етишмагани сабабли айрим пенсия олувчиларга тайёрланиши уч кунгача давом этадиган оддий Humo ёки Uzcard карталарини расмийлаштириш таклиф қилинган. Банк вакили келиб тушган норозиликларни айнан карта тайёр бўлишини кутиш зарурати билан боғлади.

Банкнинг таъкидлашича, уларга пенсионерларни мажбурий тарзда картага ўтказиш бўйича ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган. Эрдановнинг сўзларига кўра, пенсионерлар Пенсия жамғармасининг туман бўлимига ариза бериш орқали картадан воз кечиб, яна нақд пулда пенсия олишга қайтиши мумкин. Банк ходимлари тўловнинг нақд шаклига қайтишни расмийлаштиришда ҳам ёрдам беришга тайёр.

«Ҳозирча барча пенсионерларни картага ўтказиш ҳақида ҳеч қандай қарор йўқ. Агар пенсионер нақд пулда қолишни истаса, пенсиясини нақд пулда олиши мумкин», — деди мутахассас.

«Халқ банки» маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида 31 807 нафар пенсионер, яъни 11 фоизи пенсияни нақд пулда олади. Бунинг учун ҳар ой 82,5 млрд сўм тўланади. Яна 306 347 нафар, ёки пенсионерларнинг 89 фоизи пенсиясини банк карталари орқали олади. Бу ҳар ой 647 млрд сўмни ташкил этади. Эрдановнинг айтишича, суҳбат вақтига келиб карталарга июль ойи пенсияларининг 100 фоизи ўтказилган, нақд пулдаги тўловларнинг эса 83 фоизи амалга оширилган. Банкда нақд пулдаги тўловлар ҳар ойнинг 4-санасидан 26−27-санасигача бўлган жадвал асосида амалга оширилишини таъкидлашди.

Таъкидлаш жоизки, «Халқ банки» келтирган изоҳ юқорида келтирилган пенсионерлар ҳикоялари билан мос келмайди. Уларнинг айтишича, картага ўтиш учун олдиндан розилик сўралмаган, тўлов усули ўзгарганини эса маҳалла қўмитасига нақд пенсия олиш учун келганидагина билишган.

«Ковиддан қолган из»

2020 йилда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда пенсия ва иш ҳақларини тўлиқ банк карталари орқали тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

«Пенсионерлар карта очиш учун „Халқ банки“ бўлимларига боришига ҳожат қолмайди. Пенсия жамғармаси банкка зарур маълумотларни электрон шаклда юборади. Банк бўлимлари карталарни очиб, пенсияларни уларга ўтказади. Банк ходимлари санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда карталарни эгалари яшаш манзилига етказиб беради. Карталар етказилганидан сўнг пенсионерлар аризани тўлдириб, унга имзо қўяди», — дея Марказий банк ўша пайтда янги тартибни тақдим этган эди.

Эҳтимол, айнан ўша пайтда 2020 йил ҳолатига кўра амалдаги пенсионерлар учун электрон ҳисобварақлар очилган бўлиб, кейинроқ қабул қилинган норматив ҳужжатларга мувофиқ, бугунги кунда улар пенсияни карта орқали олишга берилган розилик сифатида қаралмоқда.

Кейинроқ ўша йилнинг ўзида карталарни етказиб беришдаги муаммолар, банк филиалларидаги узун навбатлар ва тўловлар кечикиши сабабли мазкур қарор қайта кўриб чиқилди ва нақд пулда пенсия олишни истаган пенсионерларга яна шундай имконият яратилди. Бироқ ҳисобварақларнинг ўзи, эҳтимол, сақланиб қолган. Шу боис ҳозир ҳам пенсиясини нақд пулда олишни давом эттиришни истаганларга Пенсия жамғармасига ариза билан мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *