• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жазирамага қарамай, тез ёрдамга чақириқлар сони кескин ошмади – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Жазирамага қарамай, Ўзбекистонда «103» тез тиббий ёрдам хизматига чақириқлар сони кескин ошмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, аномал иссиқ кузатилган сўнгги тўрт кунда республика бўйича 166 726 та чақириқ қабул қилинган.

Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуровнинг айтишича, иссиқ ҳавога юрак-қон томир, нафас йўллари ва қандли диабет каби сурункали касалликлари бўлган фуқаролар, шунингдек, кексалар, ҳомиладор аёллар ва болалар нисбатан сезгир ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, бундай об-ҳавода мазкур тоифадаги аҳоли саломатлигини тиббий назоратга олиш ва зарурат туғилганда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш айниқса муҳим. Жазирама шароитида сурункали касалликлар хуруж қилиши мумкинлиги сабабли тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари зиммасидаги масъулият ҳам ортади.

Маълум қилинишича, аномал иссиқ кузатилган сўнгги тўрт кунда республика бўйича «103» хизматига жами 166 726 та чақириқ келиб тушган. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда қабул қилиниб, беморларга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Вазирлик қайд этишича, жазирамага қарамай, чақириқлар динамикаси барқарор сақланган. Бу оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларга аномал иссиқ ҳавода эҳтиёт чораларига амал қилиш бўйича берилган тавсиялар самараси бўлиши мумкин. Шу боис, мурожаатлар сони 9−12 июль кунларига нисбатан жиддий ошмаган.

Мутахассислар аҳолига куннинг энг иссиқ соатларида заруратсиз ташқарига чиқмаслик, етарли миқдорда сув ичиш, ёғли, қовурилган ва жуда шўр овқатларни чеклаш, енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда сабзавотли салатлар истеъмол қилишни тавсия этмоқда.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирама шароитида қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш ва овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш учун нималарга амал қилиш кераклиги бўйича тавсияларни эълон қилган эди. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Низом Эрматов иссиқ ҳавода овқатланиш тартиби ва эҳтиёт чоралари ҳақида маслаҳатлар берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет аввалроқ 13−17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келиши ҳақида огоҳлантирган эди. Кундузи ҳаво ҳарорати +41…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +44…+46 даражагача кўтарилиши кутилганди. Кейинроқ синоптиклар 18−20 июль кунлари ҳам жазирама давом этишини маълум қилди. Бу кунлари ҳаво ҳарорати +43…+45 даражагача, жанубий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида эса +46…+48 даражагача етиши прогноз қилинган. Ўзгидромет маълумотига кўра, 21 июль, сешанбадан бошлаб ҳарорат 6−9 даражага пасайиб, иссиқ чекиниши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *