• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шахматчи Жавоҳир Синдаров ФИДЕнинг икки мукофотига номзод қилиб кўрсатилди


Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров FIDE Excellence Awards илк мукофотининг бир йўла икки номинацияси — «Энг яхши шахматчи» ва «Йил кашфиёти» бўйича шорт-листга киритилди. Ғолиблар сентябрь ойида Самарқандда 46-Жаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда ўтказиладиган тақдирлаш маросимида эълон қилинади.

Синдаровнинг халқаро мусобақалардаги иштироки, мусобақаларга тайёргарлиги ва мураббийлар билан машғулотлари Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) FIDE Excellence Awards мукофотини илк бор 2026 йилда таъсис этди. У икки йиллик цикл давомидаги ютуқлар учун ҳар икки йилда бир марта топширилади. Илк мукофот 2024 йил сентябридан 2026 йил августигача бўлган даврни қамраб олади.

Номзодларни оммавий тарзда кўрсатиш жараёни июнь ойида якунланганидан сўнг, ФИДЕ аризаларни текшириб чиқди ва шорт-листларни тузди. 11 та номинациянинг ҳар бирида махсус ҳайъат томонидан танлаб олинган ўн нафардан номзод тақдим этилган.

Сўнгги икки йилда Синдаров жаҳон шахмат элитасидаги ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлади. 2024 йил сентябрида унинг классик шахмат бўйича рейтинги 2677 баллни ташкил этган бўлса, 2026 йил июлига келиб 2777 баллга етди. Шу вақт ичида у рейтингини 100 баллга ошириб, амалдаги жаҳон шахматчилари орасида тўртинчи ўринга кўтарилди ҳамда ФИДЕ талқинига кўра Ўзбекистон ва Осиёнинг биринчи рақамига айланди.

Синдаровнинг 2025 йилдаги асосий ютуғи Гоада ўтказилган ФИДЕ Жаҳон кубогидаги ғалаба бўлди. Финалда у хитойлик гроссмейстер Вэй Ини тай-брейкда мағлуб этиб, 19 ёшида турнир тарихидаги энг ёш ғолибга айланди. Бу натижа унга номзодлар турнирига йўлланма ҳам тақдим этди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ютуғи учун унга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвонини берди.

2026 йил апрелида Синдаров муддатидан аввал номзодлар турнирида ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони унвони учун Гукеш Доммаражу билан ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўзбекистон раҳбари унга «Меҳнат шуҳрати» орденини топширди.

«Энг яхши шахматчи» номинациясида Синдаров билан бирга Ўзбекистоннинг яна бир вакили Нодирбек Абдусатторов, шунингдек, Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Аржун Эригайси, Алиреза Фирузжа, Аниш Гири, Гукеш Доммаражу, Винсент Каймер ва Рамешбабу Прагнанандҳа ҳам номинация қилинган.

Фото: Michal Walusza / FIDE

Синдаров, шунингдек, «Йил кашфиёти» мукофотига ҳам даъвогарлик қилмоқда. Бу номинацияда унинг рақиблари Дивья Дешмух, Ягиз Каан Эрдогмуш, Фаустино Оро, Гукеш Доммаражу, Анастасия Гнатишин, Винсент Каймер, Володар Мурзин, Энди Вудворд ва Чжу Цзиньэр бўлди.

Ўзбекистон бошқа номинацияларда ҳам тақдим этилган. Ўзбекистон шахмат федерацияси энг яхши федерация унвонига, мамлакат эркаклар терма жамоаси энг яхши жамоа мукофотига, UzChess Cup эса доира тизимидаги энг яхши турнир номига даъвогарлар қаторига киритилган.

Доира тизимидаги энг яхши турнир номинациясининг шорт-листига, шунингдек, Biel Chess Festival, Cairns Cup, Grand Chess Tour, London Chess Classic, Norway Chess, Prague International Chess Festival, Sinquefield Cup, Tata Steel Chess Tournament ва TePe Sigeman & Co Chess Tournament ҳам киритилган.

Кейинги босқичда FIDE Excellence Awards экспертлар ҳайъати овоз бериш орқали барча номинациялар бўйича ғолибларни аниқлайди.

Тақдирлаш маросими 2026 йил сентябрь ойида Самарқандда ФИДЕнинг 46-Жаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда бўлиб ўтади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *