Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг хабар беришича, бир гуруҳ фуқаролар 456 нафар шахснинг 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштириб олган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу жиноий схема ташкилотчиси Хоразм вилоятида туғилган 33 ёшли фуқаро бўлган. У Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz сайтини қалбакилаштириб, сохта сайт яратган ва Instagram ижтимоий тармоғи орқали гўёки давлат томонидан компенсация ҳамда ижтимоий нафақалар тўланиши ҳақида реклама жойлаштирган. Ишончлиликни ошириш мақсадида Молия вазирлиги номидан ҳам фойдаланилган.

Фойдаланувчиларга банк картасига автоматик тарзда қарийб 30 миллион сўм миқдорида тўлов ўтказиб берилиши ваъда қилинган. Бунинг учун фуқаролардан сохта сайтга ўтиш, анкетани тўлдириш ва банк картаси маълумотларини киритиш талаб этилган.

Ваъда қилинган маблағлар ўрнига гуруҳ аъзолари фуқароларнинг ҳисобрақамларига кириш имкониятини қўлга киритиб, пулларни ўғирлаб келган.

Тергов жараёнида ушбу схемага 20 дан 24 ёшгача бўлган ёшлар жалб этилгани аниқланди. Улар 26 нафар шахс номига расмийлаштирилган 293 та дроп-картани жиноий гуруҳга топширган. Ўғирланган маблағлар аввал мана шу карталарга ўтказилган, сўнгра жиноий даромадларни легаллаштириш мақсадида криптовалютага айлантирилган.

Гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 278−6-моддаси (Зарар келтирувчи дастурларни яратиш, ишлатиш ёки тарқатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.