Катта Манчестернинг собиқ мэри Энди Бёрнэм Буюк Британияда ҳукмронлик қилаётган Лейбористлар партиясининг расман янги етакчисига айланди, деб хабар бермоқда BBC News ва Guardian. Лейбористлар парламентда кўпчилик ўринни сақлаб қолгани сабабли бу Бёрнэмнинг мамлакат бош вазири лавозимини эгаллашини англатади.
Бёрнэмнинг сайлангани 17 июль куни Лейбористлар партиясининг махсус конференциясида эълон қилинди. У лейборист депутатлардан 403 та эҳтимолий номинациядан 379 тасини олди ва 20 фоизли тўсиқни енгиб ўтган ягона номзод бўлди.
«Уларнинг барчаси [Лейбористлар партияси депутатлари] аҳолининг… ўзлари бир пайтлар билган ишчилар ҳаракатига қайтиш ҳақидаги чақириғини эшитди. Биз бу чақириққа жавоб берамиз. Биз яна ўша Лейбористлар партиясига айланамиз», — деди Бёрнэм ўз чиқишида.
«Мен янги сиёсатни яратиш устида иш олиб бораман. Мамлакат бунга муҳтож. Бошқалар билан қарама-қаршиликда очко тўплаш ўзимизга ёқиши мумкин, лекин жамиятга эмас. Турмуш даражаси пасайиб бораётган бир пайтда, сиёсатчилар қандай қилиб бошқаларни айблаши мумкин?.. Бу ниманидир ўзгартириш учун сўнгги имкониятдир. Биз ундан биргаликда фойдаланишимиз керак. Бирлашишимиз лозим. Доимий равишда бошқалар ҳақида гапираверишдан тўхтаб, одамларга нима ишлар қилишимиз ҳақида сўзлашимиз керак. Келинг, сиёсий очко тўплашга эмас, муаммоларни ҳал қилишга эътибор қаратайлик», — дея қўшимча қилди у.
Бёрнэм, шунингдек, бош вазир лавозимидан истеъфога чиқаётган Кир Стармерга миннатдорлик билдирди. У Стармер раҳбарлигида Лейбористлар партияси «тарихимиздаги энг йирик мағлубиятдан энг ёрқин ғалабалардан биригача бўлган» йўлни босиб ўтганини таъкидлади.
Стармер Букингем саройида қирол Карл III га шахсан расмий истеъфо аризасини топширганидан сўнг Бёрнэм 20 июль куни бош вазир лавозимига киришиши кутилмоқда.
- Кир Стармер Буюк Британия бош вазири ва Лейбористлар партияси етакчиси лавозимидан кетишини 22 июнь куни эълон қилганди. Стармернинг истеъфога чиқиши ҳақидаги чақириқлар 2026 йил май ойида бўлган ва Лейбористлар партияси учун муваффақиятсиз якунланган муниципал сайловлардан сўнг кучайганди. Ушбу сайловларда ҳам лейбористлар, ҳам консерваторлар Найжел Фаражнинг ўнг қанот Reform UK партиясига йирик мағлубиятга учраган.
- Кир Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси Буюк Британияда 2024 йил июль ойи бошида бўлиб ўтган муддатдан олдинги парламент сайловлари натижасида ҳокимиятга келганди. Ўшанда лейбористлар Британияни 14 йил давомида бошқариб келган Консерватив партияга қақшатқич зарба бериб, парламентда рекорд даражадаги ўринларни қўлга киритганди.