Япония парламенти Император хонадони тўғрисидаги қонунга тахт ворислиги қоидаларини юмшатувчи, аммо аёлларнинг тахтга ўтиришига қўйилган тақиқни сақлаб қолувчи тузатишлар киритди, деб хабар бермоқда Associated Press ва BBC News. Бу император оиласининг қисқариб бораётгани муаммосини ҳал қилиш мақсадида қонуннинг асосий қисмига 75 йилдан ортиқ вақт ичида киритилган илк ўзгартиришдир.
Тузатишлардан бири император оиласига 15 ёш ва ундан катта бўлган, фақат ота томонидан бўлган узоқ қариндош эркакларни фарзандликка олишга рухсат беради.
Мазкур банд фақат 1947 йилда император оиласи таркибидан чиқарилган 11 та ён сулолага тааллуқлидир. Ўша пайтда ушбу сулолаларнинг 51 нафар аъзоси Иккинчи жаҳон урушидан кейин монархиянинг молиявий юкини енгиллаштириш мақсадида императорлик мақомидан воз кечган эди.
Иккинчи тузатиш эса император оиласига мансуб аёлларга оддий фуқарога турмушга чиққанидан кейин ҳам ўз мақомини сақлаб қолишга рухсат беради. Авваллари улар императорлик унвонидан воз кечишга ва император оиласи таркибини тарк этишга мажбур эди. Мазкур ўзгариш расмий императорлик вазифаларини бажарадиган оила аъзолари сонини кўпайтиришга хизмат қилади.
Император аёл Масако, император Наруҳито ва малика Айко. Фото: Instagram.
Японияда дунёдаги энг қадимий ҳукмрон сулола мавжуд бўлиб, унинг тарихи 2600 йилдан ортиқ вақтни қамраб олади. Ҳозирда мамлакат императори 66 ёшли Наруҳито бўлиб, унинг эркак вориси йўқ.
Амалдаги қоидаларга кўра, тахт ворислигида биринчи ўринда императорнинг 60 ёшли укаси Фумиҳито туради. Ундан кейин Фумиҳитонинг 19 ёшли ўғли — шаҳзода Ҳисаҳито келади. Тахт учун учинчи ва охирги номзод эса императорнинг 90 ёшли амакиси ҳисобланади.
AP агентлигининг ёзишича, қонунга киритилаётган тузатишлар япон жамиятида норозилик уйғотган. Танқидчиларга кўра, бу ўзгаришлар Наруҳитонинг ягона фарзанди бўлган малика Айкони тахтдан четлатишга ҳамда аёлларга нисбатан камситиш ва патриархал тизимни оқлашга қаратилган. Агентлик қайд этишича, 24 ёшли малика Айко японлар орасида жуда машҳур бўлиб, кўпчилик унинг отасининг вориси бўлишини истайди.