• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

нега бу гендер масаласи? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta



Ўзбекистоннинг аксарият вилоятларида жазирама иссиқ туфайли боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шу билан бирга, гендер сиёсатини илгари суришни даъво қилаётган давлат органлари ва тузилмаларининг бирортаси ҳам — хоҳ Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, хоҳ Сенат ҳузуридаги Гендер комиссияси, хоҳ сиёсий партияларнинг аёллар қаноти бўлсин — ушбу даврда ишлаётган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббус билан чиқмади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аёллар ҳақ тўланмайдиган уй меҳнатига эркакларга қараганда қарийб 2,5 баравар кўп вақт сарфлайди (2,18 соатга нисбатан 5,36 соат). Бунга уй ишларига ҳам, болалар парваришига ҳам ажратилган вақт киради.

Халқаро меҳнат ташкилоти аёллар ҳақ тўланмайдиган парвариш ишлари умумий ҳажмининг 76,2 фоизини бажаришини таъкидлайди. БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан 2025 йилда Ўзбекистонда норасмий бандлик бўйича ўтказилган тадқиқотда ҳам оилавий мажбуриятлар, айниқса, болалар ва кексаларни парвариш қилиш аёлларнинг тўлиқ ставкада ишлаш имкониятларини тез-тез чеклаб қўйиши қайд этилган.

Жаҳон банки экспертлари бола парвариши бўйича мажбуриятлар аёлларнинг мамлакат ишчи кучидаги иштироки пастлигининг асосий сабабларидан бири эканига эътибор қаратган.

Шу сабабли боғчалар фаолиятининг ҳатто вақтинчалик тўхтатилишини ҳам фақатгина санитария ёки иқлимга оид чора сифатида баҳолаш мумкин эмас. Бу қарор алоҳида баҳолашни ва қўллаб-қувватлаш чораларини талаб қиладиган гендер оқибатларига эга эканини ҳисобга олиш лозим.

Бир қарашда, болалар боғчаларининг бир неча кунга ёпилиши аёлларнинг имкониятларига сезиларли таъсир кўрсатмайдигандек туйилиши мумкин. Бироқ АҚШ Миллий иқтисодий тадқиқотлар бюросининг (NBER) яқинда ўтказилган изланиши бу тахминни инкор этади.

Муаллифлар бола парваришига бўлган тўсатдан юзага келган эҳтиёж гендер жиҳатдан нейтрал тақсимланмаслигини исботлади. Ўрмон ёнғинлари сабабли мактаб ва болалар муассасаларининг вақтинчалик ёпилиши тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, тадқиқотчилар болалар парвариши тизимидаги ҳатто қисқа муддатли ва олдиндан айтиб бўлмайдиган узилишлар ҳам қўшимча мажбуриятлар юкини пайдо қилиши ва бу юк асосан оналар зиммасига тушишини аниқлади.

Муаллифларнинг кўрсатишича, бу каби «парвариш шоклари»нинг таъсири айнан оналар бандлигида кучлироқ акс этади. Эркаклар бандлиги кўрсаткичлари деярли ўзгаришсиз қолган бир пайтда, аёллар кўпинча иш вақтини қисқартиришга, таътил олишга ёки умуман ишга чиқмасликка мажбур бўлади. Гарчи тадқиқот АҚШ маълумотларига асосланган бўлса-да, унинг хулосалари умумий қонуниятни кўрсатиб беради: болаларни ташкилий парвариш қилиш тизими тўсатдан тўхтаб қолганда, айнан аёллар аксарият ҳолларда қўшимча парвариш мажбуриятларини ўз зиммаларига олишга мажбур бўлади ва бу уларнинг меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятларини чеклаб қўяди.

Жазирама иссиқ пайтида боғчаларнинг ёпилиши болалар саломатлигини ҳимоя қилиш учун зарур чора ҳисобланади. Бироқ тегишли қўллаб-қувватлаш чораларисиз, бу қарор парвариш мажбуриятларининг қайта тақсимланишига олиб келади ва кичик ёшли болалари бор оилалардаги иқлим хавф-хатарларини амалда аёлларнинг елкасига юклайди. Бошқача айтганда, таълим соҳасидаги иқлимга мослашиш жараёни оилалар учун ижтимоий мослашиш чоралари билан таъминланмас экан, у ҳақ тўланмайдиган парвариш меҳнатини тақсимлашда мавжуд бўлган гендер тенгсизлигини янада кучайтиради.

Ўзбекистонда ҳақ тўланмайдиган парвариш меҳнатининг асосий қисми айнан аёллар зиммасига тушиши сабабли бундай қарорлар ишлаётган оналарга номутаносиб равишда салбий таъсир кўрсатади, уларни мажбурий таътилга чиқиш, иш вақтини қисқартириш ва ҳақ тўланадиган бандлик тизимидан чиқиб кетиш хавфини оширади.

Болалар парвариши тизимидаги ҳатто қисқа муддатли узилишлар ҳам аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштирокига ўз таъсирини ўтказади, шунинг учун улар гендерни ҳисобга олишга асосланган қўллаб-қувватлаш чоралари билан биргаликда амалга оширилиши лозим.

Вазиятни қандай яхшилаш мумкин?

Бундай вазиятларда бола парвариши учун махсус ҳақ тўланадиган таътил. Фавқулодда об-ҳаво шароитлари ёки бошқа ҳолатлар туфайли боғчалар мажбурий ёпилган даврда ота-оналардан бирига (ёки қонуний вакилига) ҳақ тўланадиган таътил берилишини қонунчиликда назарда тутиш зарур.

Жазирама иссиқ даврида мослашувчан иш режими. Давлат органлари бу борада флагман бўлишлари ва аномал иссиқ пайтида масофавий иш шаклига, мослашувчан графикка ўтишлари ёки иш сменаларини кўчиришлари мумкин эди.

Боғчалар фаолиятини климатик шароитларга мослаштириш. Боғчаларда қисқартирилган иш кунини жорий этиш ёки уларни фақат энг иссиқ соатларда ёпиш мумкин (бу чора мослашувчан иш графиги билан уйғунлашганда, оналар зиммасидаги юкни анча камайтиради). Агар бунинг иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаганда бир нечта боғчаларда тиббиёт ходимлари, фавқулодда хизматлар ходимлари ва масофадан туриб ишлай олмайдиган бошқа ота-оналарнинг фарзандлари учун навбатчи гуруҳларни ташкил этиш зарур.

Гендерни ҳисобга олувчи сиёсий қарорлар. Давлат органлари зиммасига қабул қилинаётган қарорларнинг гендер таъсирини баҳолаш (gender impact assessment) мажбуриятини юклаш лозим. Боғчаларни ёпишдан олдин бу чора қанча ота-онага таъсир қилишини, бандликнинг қайси соҳаларидаги ота-оналар кўпроқ зарар кўришини ва қандай қўллаб-қувватлаш чоралари зарурлигини баҳолаш талаб этилади.

Болалар боғчаларининг иқлимий мослашувига инвестициялар киритиш. Бу кондиционер ва ҳавони совитиш тизимларини, қуёшдан ҳимоя қилувчи қопламаларни ўрнатиш, махсус ичимлик суви режимини ташкил этиш, ўйин майдончаларини соя қилиш, вентиляция тизимини модернизация қилиш ҳамда совитиш тизимлари учун захира электр таъминотини яратишни ўз ичига олиши мумкин. Агар ҳудуддаги ҳеч бўлмаганда бир нечта боғчада шундай шароитлар яратилса, улар юқорида тилга олинган навбатчи гуруҳларни ташкил этиш учун таянч нуқтасига айланиши мумкин.

Оқибатларни мониторинг қилиш. Давлат ҳозирнинг ўзидаёқ келгусидаги аралашувлар ва гендерга асосланган сиёсатни шакллантириш учун материаллар тўплаши мумкин. Хусусан, барча вақтинча ёпилган боғчалар бўйича қанча ота-она ишга чиқа олмагани ва буни қандай расмийлаштиргани (касаллик варақаси, иш ҳақи сақланмайдиган таътил, йиллик ҳақ тўланадиган таътил ҳисобидан) ҳақида маълумот йиғиш мумкин. Бу маълумотлар гендер жиҳатдан дезагрегацияланган шаклда (яъни эркаклар ва аёллар учун алоҳида) тўпланиши лозим. Бундан ташқари, боғчаларнинг ёпилиши ота-оналарнинг ушбу ҳафтадаги режаларига қандай таъсир қилганини аниқлаш зарур. Мамлакатда норасмий бандлик даражаси юқори эканини ҳисобга олсак, бу чора расмий меҳнат бозори мониторинги орқали қамраб олиб бўлмайдиган оқибатларни ҳам юзага чиқариш имконини беради.

Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, Осиё қитъаси дунёдаги ўртача кўрсаткичдан тезроқ қизимоқда, аномал иссиқлик эса сўнгги йилларнинг асосий климатик хусусиятларидан бирига айланди. 2025 йилда узоқ давом этган иссиқлик тўлқинлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларини ҳам қамраб олди.

Бу шуни англатадики, жазирама пайтида боғчаларнинг вақтинчалик ёпилиши катта эҳтимол билан тобора тез-тез содир бўлади. Шу боис бу жараён ота-оналарни, энг аввало, бугунги кунда ҳақ тўланмайдиган парвариш меҳнатининг асосий юкини ўз елкасида кўтараётган аёлларни олдиндан назарда тутилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан таъминлашни талаб этади. Климатик хавф-хатарлар фақат аёлларнинг муаммосига айланиб қолмаслиги керак, шу сабабли болаларни ҳимоя қилиш ва ота-оналарни қўллаб-қувватлаш чоралари ёнма-ён олиб борилиши лозим.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *