17−19 июль кунлари Тошкент метрополитенининг ерусти ҳалқа йўлида поездлар қисқартирилган график асосида — соат 6:00 дан 22:30 гача ҳаракатланади, деб хабар берди пойтахт метрополитени маъмурияти.
Иш графигининг ўзгариши бекатларнинг техник ҳолатини қўшимча текширувдан ўтказиш билан боғлиқ. Кўрсатилган кунлар давомида мутахассислар ерусти ҳалқа йўлининг 14 та бекатидаги конструктив ва техник ҳолатни кўздан кечиради.
«Профилактика тадбирлари метрополитен инфратузилмасининг ишончли ишлашини таъминлаш, унинг ҳозирги ҳолатини яна бир бор чуқур таҳлил қилиш, шунингдек, йўловчилар учун янада хавфсиз ва қулай шароитлар яратишга қаратилган», — дея қайд этди метрополитен маъмурияти.
16 июль куни ерусти йўлининг «Турон» бекатида том конструкциясининг бир қисми қулаб тушди. Икки нафар йўловчи енгил жароҳат олди. Ҳодиса сабабларини аниқлаш учун комиссия тузилган.
