Бундан беш йил аввал «Тошкент» халқаро аэропортининг юк терминали ўз лойиҳа қувватидан қарийб уч баравар юқори юклама остида ишларди. 1994−2000 йилларда қурилган мажмуа йилига 30 минг тонна юкка мўлжалланган бўлишига қарамай, 2024 йилда у орқали 79 910 тонна юк ўтган.
Янги терминал 2025 йилнинг март ойида очилди. Унинг лойиҳа қуввати йилига 120 минг тоннани ташкил этади, бу эса аввалги кўрсаткичдан тўрт баравар кўпдир.
17 июль куни бўлиб ўтган пресс тур давомида журналистларга мажмуа иш фаолияти қандай ташкил этилгани — юкларни қабул қилиш ва сақлашдан тортиб, уларни расмийлаштириш ҳамда тарқатишгача бўлган жараёнлар кўрсатилди. Gazeta мухбирлари ҳам объектда бўлди.
Пойтахт аэропорти юк ташишни ташкил этиш хизмати бошлиғи Нозим Шаймардановнинг сўзларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича терминал 88 080 тонна юк ва почтага ишлов берган. 2026 йилнинг биринчи яримйиллигида эса бу кўрсаткич 48 189,6 тоннани ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33,2 фоизга (ёки 12 023,8 тоннага) кўпдир. Прогнозларга кўра, 2026 йил якуни бўйича юк ва почтага ишлов бериш ҳажми тахминан 92 минг тоннага етади.
Нозим Шаймарданов.
Янги терминал нафақат жорий ҳажмларни, балки келгусида юк ташиш соҳасининг янада ўсишини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган, дея тушунтиради Uzbekistan Airports юк ташиш фаолиятини ривожлантириш бўлими бошлиғи Камолиддин Бухоров. Унинг таъкидлашича, 2023 йилга келиб аэропортнинг юк ташиш ҳажми бўлажак мажмуа лойиҳа қувватининг 73 фоизига етиб бўлганди. Шу сабабли терминални йиллар давомида эҳтиёжларни қондира оладиган захира билан қуриш қарори қабул қилинган.
Мажмуа 5,2 гектар майдонни эгаллайди. Унинг таркибига майдони 3 минг кв метр бўлган уч қаватли маъмурий бино, 8,5 минг кв метрли омборхона ҳамда умумий майдони 500 кв метрни ташкил этувчи совитиш ва музлатиш камералари киради.
Камолиддин Бухоров.

Совитиш камераси.
2026 йил бошидан буён терминал орқали 1179 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Импорт бўйича эса 15 147 тонна оддий юк, 4689 тонна тез бузиладиган маҳсулотлар ва 1198 тонна тирик ҳайвонлар қабул қилинди. Энг тиғиз даврларда терминал бир суткада 500 тоннагача юкка ишлов беради, самолёт қўнганидан бошлаб юк олувчига топширилгунга қадар бўлган ўртача вақт эса 3−4 соатни ташкил этади.
«Тошкент» аэропорти юк ташиш департаменти раҳбари Умид Ҳамроевнинг таъкидлашича, ўсишнинг сезиларли қисмини саноат маҳсулотлари эмас, балки маркетплейслардан келаётган жўнатмалар таъминламоқда.
«Пандемиядан сўнг онлайн харидлар оммавийлиги кескин ошди. Бугунги кунда биз Uzum, AliExpress ва Temu каби маркетплейслар орқали етказиб берилаётган юклар ҳажми тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», — деди у.

Ҳамроевнинг сўзларига кўра, Хитой билан аллақачон truck-to-air схемаси йўлга қўйилган: товарлар Тошкентга автомобиль транспортида етказилади, сўнгра самолётлар орқали Европа ва Осиё мамлакатларига жўнатилади. Ҳамкорларда бундай логистика турига бўлган қизиқиш айнан янги терминал очилганидан кейин пайдо бўлди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳам ўсиб бормоқда. Гилос, ўрик, помидор ва бодринг эндиликда нафақат МДҲ давлатларига, балки Дубай, Ўмон ва Ҳиндистонга ҳам юборилмоқда. Терминал орқали Афғонистондан қуритилган мевалар — ёнғоқ, писта ва кешьюнинг транзит тизими ҳам ўтган. Улар Тошкентга автотранспортда олиб келиниб, кейин самолётлар орқали асосан Ҳиндистонга жўнатилади. Нозим Шаймардановнинг баҳолашича, бундай транзит ҳажми ойига 100 тоннадан ошади.
Умид Ҳамроев афғон ёнғоғи ҳақида сўзлаб бермоқда.
Колумбиядан келган гортензия.
Кения авокадолари.
Мажмуанинг алоҳида зонаси хавфлилик даражаси тўққизта бўлган юклар — портловчи моддалардан тортиб заҳарли ва коррозияга олиб келувчи материалларгача мўлжалланган. Бундай юклар билан ишлашга фақат махсус сертификатга эга ходимлар қўйилади. Ҳатто юкларни самолётгача ташувчи ҳайдовчилар ҳам бу бўйича тегишли ўқув курсларидан ўтади.
Ўсимликлар карантини, тирик ҳайвонлар, дори-дармонлар ва қимматбаҳо юклар учун махсус хоналар ажратилган. Ҳар бир тоифадаги юк учун алоҳида сақлаш шароитлари яратилган.

Ҳар бир юк бир неча босқичли назоратдан ўтказилади. Улар интроскоплар — қадоқларни нур ёрдамида текширувчи қурилмалар орқали кўздан кечирилади, бу эса юкларни очмасдан туриб, ичидаги нарсаларни кўриш имконини беради.
Мажмуа ҳудуди ва омборхоналар видеокузатув камералари орқали кечаю кундуз назорат қилинади. Бундан ташқари, терминалда ёнғин хавфсизлиги гуруҳи доимий навбатчиликни олиб боради.
Ҳозирда терминал ҳудудида умумий майдони 6042 кв метр бўлган иккита навес қурилмоқда. Улар расмийлаштирилгунга қадар очиқ осмон остида сақланаётган импорт ва экспорт юклари учун мўлжалланган. Ҳамроевнинг сўзларига кўра, июль ойи бошида кузатилган аномал кучли ёмғирлардан сўнг қурилишни тезлаштириш қарори қабул қилинган. Навесларни шу йилнинг октябрь ойига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
