• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда электр истеъмоли бўйича рекорд кетма-кет 5-кун янгиланди, узилишлар эса бизнесга қўшимча харажатларни юкламоқда


Ўзбекистонда электр энергиясини истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш бўйича ёзги тарихий рекордлар кетма-кет бешинчи кун қайд этилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

17 июль куни бир суткалик электр энергияси истеъмоли рекорд даражага — 293,4 миллион кВт/соатга етди. Бу ўтган ёздаги энг юқори кўрсаткичдан 20,8 миллион кВт/соатга ёки 7,6 фоизга кўпдир.

Суткалик энергетика тизимида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 296,1 миллион кВт/соатни ташкил этди ва бир кун аввал ўрнатилган рекорддан 0,7 миллион кВт/соатга ёки 0,24 фоизга ошди.

Кичик қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ҳисобини ҳам қўшганда, 17 июль куни жами электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми илк бор 300 миллион кВт/соатлик миқдордан ўтиб, 305 миллион кВт/соатни ташкил этди. Бу аввалги кундаги кўрсаткичдан 9,6 миллион кВт/соатга ёки 3,2 фоизга кўп демакдир.

Рекорд кўрсаткичлар 13 июлдан буён қайд этилмоқда. Беш кун ичида суткалик истеъмол 14,8 миллион кВт/соатга — 278,6 миллиондан 293,4 миллион кВт/соатгача ошди. Ишлаб чиқариш эса 14,6 миллион кВт/соатга — 281,5 миллиондан 296,1 миллион кВт/соатгача кўпайди.

Тошкентдаги узилишлар харитаси. Манба: chiroqyoq.uz

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, диспетчерлик хизматлари тармоқлардаги юкламани ҳамда электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг техник ҳолатини реал вақт режимида назорат қилиб бормоқда.

«Зарурат туғилганда, ускуналарнинг ҳаддан ташқари юкланиши ва қизиб кетишининг олдини олиш мақсадида тезкор чоралар кўрилмоқда, жумладан, юклама қайта тақсимланмоқда. Бу технологик носозликлар ва йирик узилишларнинг олдини олишга хизмат қилиб, энергия тизимининг барқарор ишлашини таъминламоқда», — дейилади хабарда.

Истеъмолнинг юқори даражаси фонида энергетика корхоналарининг авариявий-тиклаш бригадалари кучайтирилган иш режимига ўтказилган.

17 июль куни электр тармоқларидаги носозликлар сабабли Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Олмазор, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Юнусобод, Яккасарой, Чилонзор, Сергели ва Миробод туманларидаги, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларидаги истеъмолчиларнинг бир қисмида электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, тизимдаги узилишлар сабабли 8200 дан ортиқ истеъмолчи вақтинчалик электр таъминотисиз қолган.

Энергетика вазирлиги мазкур носозликларни иссиқ об-ҳаво, ускуналарнинг қизиб кетиши ҳамда кондиционер ва бошқа маиший техника воситаларидан оммавий фойдаланиш натижасида тармоқларда юкламанинг кескин ортиб кетгани билан изоҳлади. Айрим ҳолатларда диспетчерлар йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли чекловлар ҳам жорий этган.

Идора истеъмолчиларни электр энергиясидан оқилона фойдаланишга ва зарурат бўлмаганда электр жиҳозларини тармоқдан узиб қўйишга чақирди. Вазирликнинг таъкидлашича, бу чоралар тармоқларга тушадиган юкламани камайтиришга ҳамда авариялар ва узилишлар хавфини сезиларли даражада пасайтиришга ёрдам беради.

Узилишлар туфайли бизнес харажатлари

Электр таъминотидаги узилишлар тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча харажатларни келтириб чиқармоқда. Тармоқли дўконлардан бирининг Gazeta`га маълум қилишича, свет ўчган вақтда сут маҳсулотлари ва қуйи ҳароратда сақланиши лозим бўлган товарларни бошқа савдо шохобчасига ташиб туришга тўғри келмоқда.

Илгари дўкон ёнилғи билан ишлайдиган генераторлардан фойдаланган, бироқ улар узоқ вақт давомида ишлатилганда кучли шовқин ҳосил қилади ва катта миқдорда ёнилғи харажатини талаб этади. Шу сабабли айрим ҳолатларда маҳсулотларни бошқа жойга кўчириш иқтисодий жиҳатдан анча фойдалироқ ечим бўлмоқда.

Бошқа бир озиқ-овқат дўконидан эса электр энергияси ҳар куни тахминан икки соатга ўчирилаётганини билдиришди. Шахсий генератори бўлмаган савдо шохобчалари маҳсулотларни асраб қолиш учун уларни ижарага олишга ёки вақтинчалик улаб туришга мажбур. Бу ҳам ёнилғи, ҳам ускуна ижараси учун йирик харажатларни талаб қилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *