Ёз жазирамасида сув бўйидаги соя-салқинда дам олиш ёки чўмилиш табиий эҳтиёжга айланади. Айниқса, аномал иссиқ ҳарорат кузатилаётган айни кунларда талаб янада ортган. Аммо пойтахт Тошкентда биронта ҳам хавфсиз ва бепул оммавий сув ҳавзалари барпо этилмаган. Натижада аҳолининг кўп қисми чўмилиш тақиқланган каналларга йўл олмоқда, баъзилар эса хусусий бассейнларга пул тўлаб бормоқда.
Gazeta мухбири Миролим Исажонов пойтахт аҳолиси жазирама кунларда Тошкентнинг қайси нуқталарида чўмилиб, дам олаётганини ўрганишга ҳаракат қилди. Шунингдек, у аҳоли вакиллари ва масъуллар билан ҳам суҳбатлашди.
«Кунора рейд, аммо одамлар барибир келяпти»
Шаҳардаги оммавий сув ҳавзаларидан фақат Бўрижар ва Анҳор каналлари қирғоғида сувга тушадиган бир нечта очиқ жой қолган. Аммо у ерлардаги панжараларга «Чўмилиш тақиқланади» деган ёзувлар илинган, Тошкент шаҳри фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва пойтахт ИИББ ходимлари эса кунора рейд тадбирлари ўтказади. Бундан ташқари, Мустақиллик майдонининг олд тарафидаги фавворалар бассейнларида ҳам болалар ва аёлларнинг чўмилиб, ҳордиқ чиқараётганини кўрдик.
Ҳасан, Яккасарой туманидан
Ҳар ёз бошланиши билан одамлар шу ерга чўмилгани келади. Бошқа бепул вариант йўқ-да. Агар топа олганимизда, албатта, ўша ерга борардик. Асосан, соат
Анҳорга чўмилгани турли ёшдаги эркаклар келади. Ўсмирларни ҳам, 50−70 ёшли амакиларни ҳам кўришингиз мумкин. Ҳамма салқинланиш, дам олиш учун келади. Чунки бассейнлар қиммат. Энг арзонининг бир соати 80 минг сўмни ташкил этади. Шунинг учун ҳам бу ерда одам кўп. Шунингдек, бу жойнинг яна бир яхши томони — суви оқар сув, табиий. Одамлар чўмилмаса, мана шу сувдан роҳат ва энергия олиб, ҳордиқ чиқармаса, фойдали иш коэффициенти тушиб кетади. Инсон ҳам вақтида дам олиши, ҳам вақтида ишлаши керак.
Тошкентда бепул чўмилиш ҳавзалари бўлиши керак деб ўйлайман. Бундай жой борлигини ҳеч эшитмаганман. Аслида эса бу жуда муҳим. Мазкур жой тақиқланган бўлса ҳам, одамлар барибир келаверади. Чунки талаб бор. Фақат қаршилик қилиш билан муаммо ҳал бўлмайди.
Сал нарироққа борсангиз, фавқулодда вазиятлар хизмати ва ички ишлар ходимларини кўрасиз. Улар тез-тез келиб, рейд ўтказиб туради. Айрим пайтлари шу жойнинг ўзида огоҳлантириш беради, баъзи одамларга жарима ҳам ёзади. Гоҳида автобусда олиб кетиб, тушунтириш хати ёздиради. Уч кун олдин ҳам бир автобус одамни йиғиб кетишди.
Менимча, бу жойларни тақиқлаш ёки одамларни ҳайдаш ўрнига, хавфсиз шароит яратилса, тўғрироқ бўлади. Кун давомида 2000 га яқин одам чўмилиб кетади. Бир вақтнинг ўзида 300, ҳатто минг нафаргача одам келган пайтлар бўлган.
Таклифим шуки, мана шу жойлар хавфсизлигини кучайтириб, тартибга солиш керак. Чўкиш эҳтимоллари юзасидан ёрдам берадиган одамларни қўйиш лозим. Фавқулодда вазиятлар ва Миллий гвардиядан икки нафардан ходимлари турса, тушунмовчиликлар ёки чўкиш ҳолатларида дарров ёрдамлашади. Шунда халқ бемалол чўмилади. Бундан ташқари, анҳор қирғоқларига ҳар 50 метрда зиналар қуриш зарур. Пулли хизматларни ҳам ташкил қилиш мумкин. Масалан, қайиқлар, баллонлар қўйилса, имконияти ва хоҳиши бор одамлар қизиқиб фойдаланади.
Агар кичик савдо дўкончаси ёки кўчма овқатланиш нуқтаси — тез тайёр бўладиган таомлар сотилса, зўр бизнес ҳам бўлади. Одамларни ҳайдаш керак эмас, уларнинг эҳтиёжини инобатга олиб, хавфсиз ва тартибли шароит яратиш лозим.
«Тақиқлаш билан муаммо ҳал бўлмайди»
Адҳам, Шайхонтоҳур туманидан
Бу ерга уч-тўрт йилдан бери асосан ёз ойларида кун иссиқ пайтларда келаман. Шу йил ҳисобидан ўнинчи марта чўмиляпман. Пойтахтда бепул чўмилиш жойлари йўқ, ҳаммасини тақиқлаб ташлашган. Тўғри, айрим одамларнинг чўкиб кетиш ҳолатлари кузатилаётгани сабабли шундай қарор қабул қилишгандир.

Лекин хавфсиз ва бепул чўмилиш жойлари ҳам бўлиши керак-да. Ёзнинг иссиқ кунларида ҳамма ҳам дачага чиқа олмайди ёки пулли бассейнга киролмайди. Ҳозир бирорта бассейнга борсангиз, соати камида 100 минг сўм дейди. Кимнингдир моддий имкони бўлса, кимдадир йўқ, ҳамманинг шароити ҳар хил.
Пойтахтда бепул чўмилиш жойлари борлиги ҳақида эшитмаганман, жуда кўп одамлар шу ерга келади. Айниқса, ҳозиргидек аномал иссиқ кунларда уйда чўмилгандан кўра, тоза ҳавода дам олиб кетиш ва оқар сувда чўмилишнинг гашти бошқача, фойдаси катта. Танага оқар сув ҳам керак. Қисқаси, тақиқлаш ўрнига, хавфсиз шароит яратиб, бепул жойларни ташкил этиш тарафдориман.
«Одамлар мажбур бўлгани учун тақиқланган жойларда чўмиляпти»
Исмини айтишни истамаган 70 ёшли эркак
Ёшлик давримизда пулли чўмилиш жойлари йўқ эди, барчаси бепул бўлган. Тошкентдаги паркларнинг ҳаммасининг ичидаги кўлларда бемалол чўмилардик. Йиллар ўтган сари улар сони қисқарди, ҳозирга келиб эса умуман йўқолди.
Пойтахтда бепул чўмилиш жойлари, албатта, бўлиши керак. Чунки аксарият одамлар топаётган маоши билан рўзғор тебратади. Чорвоқдаги дачаларда бир кун оилавий дам оламан десангиз, тўрт-беш миллион сўмгача харажат қилишга тўғри келади. Буни эса ҳар қандай оиланинг ҳам бюджети кўтармайди.

Жазирама кунларда одамларнинг оқар сувда мириқиб чўмилиб, дам олгиси келади. Аммо бепул жойлар йўқ. Шу сабабли ҳам аҳоли мана шундай тақиқланган жойларда чўмилишга мажбур бўляпти. Бу ерда деярли ҳар куни фавқулодда вазиятлар бўлими ва ички ишлар ходимлари рейд тадбирлари ўтказади. Улар тепадан берилган топшириқни бажаришга мажбур.
Бироқ асосий ечим одамларни ҳайдаш ёки чўмилишни тақиқлаш эмас. Давлат бепул бассейнлар ва пляжларни кўпайтириши зарур. Агар бунинг имкони бўлмаса, ҳеч йўқ, Анҳор бўйида одамлар чўмилаётган жойларни тартибга келтириш лозим. Бу ерда хавфсизлик чораларини кучайтириш керак. Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари доимий навбатчилик қилиб, одамларни назорат қилиб туриши лозим. Кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш учун ҳам улар шу ерда бўлиши керак.
Болалар омбудсмани: «Муқобил хавфсиз чўмилиш жойлари яратилиши керак»
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг Gazeta сўровига жавобан таъкидлашича, ёз мавсуми бошланиши билан таътил даврида болаларнинг очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ва ҳордиқ чиқаришга эҳтиёжи кескин ошади.
Унинг айтишича, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 31-моддасида иштирокчи давлатлар боланинг дам олиш ва бўш вақтини ўтказиш ҳуқуқини таъминлаши, унинг ёшига мос ўйинлар ва кўнгилочар тадбирларда иштирок этиши, маданий ҳаётда эркин қатнашиши ҳамда маданий ва ижодий фаолият, бўш вақтни мазмунли ўтказиш ва дам олиш учун тенг имкониятлар яратиб беришга кўмаклашиши белгиланган.

«Боланинг таътил вақтида ҳордиқ чиқариш ва бўш вақтини мазмунли ҳамда соғлом ўтказиш ҳуқуқи албатта, эътиборга олиниши лозим. Боланинг мазкур ҳуқуқини таъминланиши юзасидан болалар омбудсманига мурожаатлар келиб тушган ва манзилли кўриб чиқилган», — дейди Сурайё Раҳмонова.
Унинг сўзларига кўра, ёз мавсумида чўмилишга эҳтиёж ортиши билан бирга, чўкиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кўпаяди. Бундай фожиали воқеаларнинг аксарият қисми чўмилиш тақиқланган сув ҳавзаларида ҳамда болаларнинг ота-она назоратисиз қолдирилиши оқибатида содир бўлади.
Болалар омбудсманининг таъкидлашича, ҳудудларда чўмилиш зоналарини ташкил этиш, жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш шароитлари, хусусан, болалар учун минимал қулай ва хавфсиз чўмилиш ҳавзалари сони ҳамда сифати белгиланган стандартларга тўлиқ жавоб беради дейиш мушкул.
«Шу сабабли тақиқланган жойларда чўмилмаслик тўғрисида аҳолининг огоҳлигини ошириш чоралари билан бир қаторда, болалар эҳтиёжлари учун муқобил хавфсиз сув ҳавзаларини яратиш орқали улар билан боғлиқ ҳалокатларнинг олдини олиш зарур. Бу юзасидан болалар омбудсмани томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Болалар ишлари бўйича миллий комиссиянинг ҳудудий раҳбарларига сўровлар киритилган», — дейди у.
Унинг қайд этишича, хавфсиз бўлмаган сув ҳавзаларида чўмилмаслик талаб қилинар экан, эҳтиёжга жавобан муқобил ва хавфсиз чўмилиш шароитлари ҳам тақдим этилиши лозим.
«Ушбу масала мутасаддиларнинг диққат марказида бўлиб, ҳудудларда бола эҳтиёжлари учун муқобил хавфсиз сув ҳавзаларини яратиш ва чўкиш каби нохуш оқибатларнинг олдини олиш юзасидан аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтиришга оид аниқ манзилли чоралар мунтазам тарзда кўрилмоқда», — дейилади Сурайё Раҳмонова муносабатида.
Унинг маълум қилишича, таҳлиллар натижасига кўра, мазкур чоралар самарасида республика бўйича 2025 йилда болалар билан боғлиқ бундай нохуш воқеалар сони 2024 йилга нисбатан 11 фоизга камайган.
Пойтахт ҳокими: «Тошкентда 12 та сув ҳавзаси барпо этилади»
18 июль куни Humo Arena`да пойтахтдаги «маҳалла еттилиги» билан ўтказилган учрашувдан сўнг Gazeta мухбири Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқовдан бепул ва хавфсиз чўмилиш жойларини ташкил этиш режалари ҳақида сўради.
«Зўр савол! Халқнинг дарди бу. Бу нафақат чўмилса бўладиган жойлар, балки экология масалалари билан боғлиқ муаммо. Олдин ҳам оммавий ахборот воситаларига айтган эдим: Тошкент шаҳрида 12 та сув ҳавзаси барпо этилади. У ерларда чўмилишдан ташқари, балиқ тутса ҳам бўлади, ҳордиқ чиқариш ҳам мумкин, инфратузилма шуларга мос қилинади. Бу, албатта, амалга оширилади», — деди ҳоким.

Шавкат Умурзоқов.
Унинг айтишича, мазкур лойиҳа фақат янги дам олиш масканларини ташкил этиш билан чекланмайди, балки пойтахтда сув бошқаруви тизимини яхшилашни ҳам назарда тутади.
«Мен аввал ҳам айтгандим, аввало, Тошкент шаҳрида сув бошқарув тизимини жорий қиламиз. Ўйлайманки, катта авлод вакиллари соғинган сув ҳавзаларидан ташқари, ариқларда оқадиган сувларни ҳам қайта тиклаймиз. Буларнинг ҳаммасини, Худо хоҳласа, йўлга қўямиз», — дейди Шавкат Умурзоқов. Ҳоким аниқ ёки тахминий муддатларни келтириб ўтмади.
Эслатиб зтамиз, 2025 йил 22 ноябрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам журналистлар билан учрашувида Тошкентда намликни ошириш ва микроиқлимни яхшилаш учун шаҳарнинг тўртта йўналишида 12 та янги сунъий сув ҳавзасини яратиш режалаштирилганини айтганди. Аммо 2026 йил ёзининг ярми ҳам ўтяптики, янги ҳавзалари ҳақида ҳеч қандай янгилик йўқ.
«Бўзсув бўйлаб махсус чўмилиш жойлари ташкил этилиши мумкин»
Тошкент шаҳри Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шавкат Ибрагимовнинг 15 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида пойтахт ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ва каналларда 4 нафар фуқаронинг чўкиб кетиш ҳолати қайд этилган.
«Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган бўлса-да, аммо ҳар бир ҳолат биз учун оғриқли ва жиддий ташвиш уйғотади. Чўкиш ҳолатлари Учтепа, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Юнусобод туманларида биттадан кузатилган», — дейди у.

Шавкат Ибрагимов. / Фото: ФВВ.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида пойтахтда 10 нафар фуқаро чўкиб ҳалок бўлган. Шундан тўрттаси Сергели туманига тўғри келган.
Тадбирда журналистлар томонидан Тошкентда бепул ва хавфсиз сув ҳавзалари қуриш масаласи ҳам кўтарилди. Масъуллар бу борада иш олиб борилаётганини маълум қилди.
«Бу бўйича Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва „маҳалла еттилиги“ билан бирга қўшма қарор қабул қилганмиз. Ҳозиргача чўмилиш мумкин бўлмаган 28 та ҳудуд белгиланди. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Бўзсув канали бўйича лойиҳа ишлаб чиқиляпти. Агар у тасдиқланса, Юнусобод туманидан бошлаб каналнинг чиқиш қисмигача махсус чўмилиш жойлари ташкил этилади ва у ерларга масъул ташкилотлар ходимлари бириктирилади», — дейи Шавкат Ибрагимов.

Унинг айтишича, ҳозирги вақтда ҳам хавфли бўлган чўмилиш жойларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари навбатчилик қилмоқда. У мазкур назорат тадбирлари ўтказилмаганида, сувдаги бахтсиз ҳодисалар сони бир неча баравар кўпайган бўлиши мумкинлигини айтди.
«Ҳодиса жойига чиққанимизда кўряпмизки, аксарият ҳолатлар болаларнинг чўмилиш мумкин бўлмаган жойларга тушиши билан боғлиқ. Агар ходимларимиз жойларда ишламаганда, бугунги кўрсаткичлар 10 эмас, ҳатто 20 бараваргача ошиб кетиши мумкин эди. Кўпчилик бизни ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини кўриши билан сувдан чиқиб кетади. Бу ҳам маълум маънода бахтсиз ҳодисалар сонининг камроқ бўлишига таъсир қиляпти», — дейди у.
Хориж тажрибаси
Дунёнинг қатор шаҳарларида ёз ойларида болалар учун хавфсиз чўмилиш жойларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, АҚШнинг Бостон шаҳридаги Boston Common марказий боғида жойлашган саёз сув ҳавзаси айнан болалар учун мўлжалланган. Ҳавзада дам олувчилар хавфсизлигини қутқарувчилар доимий назорат қилиб туради.
Boston Common марказий боғи.

Маълумот учун, сўнгги йилларда Тошкентда бир нечта сув ҳавзалари қуритилди, Gazeta пойтахт қандай қилиб шаҳар пляжларисиз қолгани ва нима учун бундай жойлар шаҳарлар учун муҳимлиги ҳақида ёзганди.


