• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда юқори кучланишли подстанцияларнинг қарийб 30 фоизи модернизация қилинди — Энергетика вазирлиги


Ўзбекистонда кучланиши 35−110 кВ бўлган 1800 дан ортиқ подстанциянинг қарийб 30 фоизи модернизация қилинди. Бу ҳақда 17 июль куни президент ҳузурида ўтган йиғилиш якунлари бўйича энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари энергетика соҳаси иш самарадорлигини баҳоловчи асосий кўрсаткичлардан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.

Биринчи яримйилликда ёнилғи-энергетика соҳасида асосан газ ва электр таъминоти билан боғлиқ 39 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ўтган йилнинг шу даврида эса уларнинг сони 50 мингдан зиёд эди. Шу тариқа, мурожаатлар сони тахминан 26 фоизга камайган.

Мамадаминов шикоятлар сонининг камайганини янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши, узатиш ва тақсимлаш тармоқларининг таъмирланиши ҳамда модернизация қилиниши, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш дастурлари билан изоҳлади.

«Бироқ бу ҳамма туманларда вазият 100 фоиз яхши бўлди дегани эмас. Ишлар ҳали босқичма-босқич олиб борилмоқда, муаммолар сақланиб қолган. Масалан, айрим ҳудудларда подстанция ва трансформатор пунктлари ҳали ҳам юқори юклама остида ишламоқда», — деб таъкидлади вазирнинг биринчи ўринбосари «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Энергетика вазирлиги, шунингдек, модернизацияланмай қолган салкам 70 фоиз подстанциянинг тақдири ҳақида маълумот берди.

«Бунинг учун жуда катта маблағ талаб этилади. Ҳукумат ҳар йили ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан маблағ ажратмоқда. Улар ҳисобидан амалдаги подстанциялар босқичма-босқич модернизация қилиняпти ва янгилари қурилмоқда», — деди Умид Мамадаминов.

Ёнилғи-энергетика соҳасидаги мурожаатларнинг ярмидан кўпи аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш масалаларига тўғри келади. Асосий муаммолар қаторида у газ баллонларининг ўз вақтида етказиб берилмаслиги ва таъминот тизимининг ўзидаги камчиликларни санаб ўтди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари сўзларига кўра, вазирлик ушбу жараённи рақамлаштиришни кучайтирмоқда ва мурожаатлар сонини сезиларли даражада камайтириши лозим бўлган янги тизимни жорий этяпти.

Президент куз-қиш мавсуми бошлангунга қадар ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги» билан биргаликда фуқароларнинг шикоятлари асосида аниқланган тизимли муаммоларни ҳал этиш ҳамда ҳудудларни энергия ресурслари истеъмоли юқори бўладиган даврга тайёрлаш сифатини ошириш бўйича топшириқ берган.

Энергетикани рақамлаштириш

Умид Мамадаминов энергетика соҳаси ривожланишнинг янги босқичига ўтаётганини маълум қилди. Агар илгари асосий эътибор ишлаб чиқариш қувватларини қуришга қаратилган бўлса, эндиликда рақамлаштириш ва инфратузилмани янгилаш устувор вазифага айланмоқда.

«Келгуси тўрт йил ичида 5000 км га яқин узатиш ва тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш режалаштирилган. Янги подстанциялар қурилади ва ушбу объектларнинг барчасида рақамли автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилади», — деди у.

Вазирлик, шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги стратегия ишлаб чиқиш, колл марказларни янгилаш ва уларга сунъий интеллект технологияларини жорий этишни режалаштирмоқда.

«Шу тариқа, ёнилғи-энергетика тизими янги босқичга — рақамлаштириш ва рақамли энергия тизимини яратишга ўтмоқда», — деб баёнот берди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари.

Энергетика вазирлиги аввалроқ хабар берганидек, 17 июль куни Ўзбекистонда суткалик электр энергияси истеъмоли ёзги янги максимумга етиб, 293,4 млн кВт/с ни ташкил этди. Рекордлар кетма-кет бешинчи кун янгиланмоқда. Электрдаги ўчишлар туфайли бизнес қўшимча харажатларга дуч келмоқда: айрим дўконлар тез бузиладиган маҳсулотларни бошқа жойга ташишга, генераторларни ижарага олишга ва ёнилғи сотиб олишга мажбур бўляпти.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *