40 даражадан юқори жазирамада электр энергиясининг мунтазам ўчирилиши якунланаётган ҳафтада Тошкентнинг энг асосий мавзуларидан бирига айланди. Хабарларга қараганда, бу борада, айниқса, Чилонзор туманида вазият оғирроқ. Gazeta чилонзорликлар билан бундай пайтда қандай жон сақлаётгани ва умуман вазият ҳақида нима деб ўйлаётгани хусусида суҳбатлашди.
Айрим суҳбатдошлар хонадонларини маиший техника учун оддий ҳимоя воситалари билан жиҳозлаб олган, бошқалари эса бунга қурби етмай, ҳар сафар чироқ ёнишини кутишга мажбур. Одамлар суҳбат давомида расмийлар томонидан ахборот берилиши ёмон йўлга қўйилганидан ҳамда инсон саломатлиги учун хавфларни камайтирадиган ечимлар таклиф этилмаётганидан шикоят қилди.
Чилонзорнинг 8-мавзесида яшовчи Артём Сафаров бир неча йилдан бери свет ўчиши бўйича кундалик юритади. Унинг қайдларига кўра: 5 июнда свет 3 соат 15 дақиқа (
Якунланаётган ҳафтада эса ўчишлар янада узоқроқ давом этди: 14 июлда — 2 соат 40 дақиқа (
17 июль куни эрталабга келибгина «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» сукут сақлаётгани бўйича танқидларга жавоб қайтарди. Идора 9-ГЭСдан чиқувчи «Бобур-1» ва «Боғистон-1» юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида авариявий ўчиш юз берганини маълум қилди. Бунинг оқибатида Учтепа туманининг 13, 14, 15, 21 ва 22-мавзеларидаги 55 та кўп қаватли уйда ҳамда Чилонзорнинг 6−8-мавзеларидаги уйларнинг бир қисмида ток ўчган.
17 июль куни куннинг иккинчи ярмида эса «Чилонзор» ва «Юксак» подстанциялари оралиғидаги кабель тармоғида авария юз берди. Ҳокимият бу ҳақда ўз Telegram каналида соат 16:12 да хабар берди. Эртаси куни тунги соат 2:36 да туман ҳокими Саидкаҳҳор Холхўжаев авария бартараф этилганини маълум қилди.
Реаликка мослашиш
«Свет ўчишларини ҳисобга олиб, ёзда тез бузиладиган маҳсулотларни, айниқса, сут-қатиқ маҳсулотларини сотиб олмасликка ҳаракат қиламиз. Уйимизда сув ўчиб қолмади, лекин мен тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватида яшайман. Тўққиз қаватли уйда турадиган қўшниларда эса ток ўчган пайтда юқори қаватларга сув чиқишида муаммолар бўлиб туради», — деди Артём Сафаров.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йил ёзидаги оммавий блэкаутлардан кейин у уйига ташқи батареялардан қувват олувчи «учтаси бирда» шаклидаги UPS (узлуксиз қувват манбаи) ўрнатган. Бу унга алоқада қолиш ва ишини давом эттиришга ёрдам беради. Худди шу усулда, фақат камроқ қувватли батарея ва UPS воситасида хонадондаги Wi-Fi роутерлар ҳам тармоққа уланган. Бироқ бу арзонга тушмаган, дейди у.

«Свет ёнганидан кейин кучланиш вақти-вақти билан 255−260 В гача кўтарилиб кетади. Шу сабабли мен барча муҳим розеткаларга кучланиш релесини, музлаткичга эса қўшимча равишда стабилизатор ҳам ўрнатганман. Ҳозир бутун квартира учун асосий стабилизатор қўйишни режалаштиряпман, чунки хавф барибир сақланиб қолмоқда», — деди суҳбатдошимиз.
Узоқ вақтли ўчишлар пайтидаги энг катта муаммо — жазирама иссиқ: «Ток, одатда, куннинг энг иссиқ пайтларида ўчади ва бунга чидаш жуда қийин, айниқса, болаларга. Улар бундай иссиқда ухлай олмайди. Ёши катталар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади — бундай вазият уларнинг саломатлигига тўғридан тўғри таҳдид солади. Афсуски, ҳеч ким ўчишларнинг мана шундай салбий оқибатларини юмшата оладиган бирор-бир ечим таклиф қилмаяпти».
Сафаров яшайдиган маҳаллада ҳозир реконструкция ишлари кетмоқда. Юк машиналари, экскаваторлар юрибди, баъзи жойларга янги бетон ётқизилган. «Атрофдаги деярли ҳамма нарса чанг билан қопланган. Кечқурун қўлчироқ билан ташқарига чиқсам, унинг ёруғлигида ҳавода доим муаллақ турган кўплаб чанг зарралари кўринади», — деди у. Сув сепиш машинаси ҳовлини фақат бир марта салқинлатган, холос. Кечқурунлари аҳолининг ўзи челакларда сув олиб чиқиб, асфальтга сепмоқда.
«Умуман олганда, вазият шундайки, биз тармоқдаги беқарорлик билан боғлиқ барча салбий ҳолатларни ўзимиз бартараф этишга ҳамда ўзимизни захира электр энергияси билан (12−16 соатга етадиган захира билан) таъминлашга мажбур бўлаётган реалликка кўникишимиз керак. Аммо жазирамада кондиционерни қандай ва нимадан токка улаш масаласи очиқлигича қолмоқда. Кўп қаватли уйда ташқи генераторни улаб қўйиш эса умуман иложсиз вариант», — деди у.
«Жорий таъмир эмас, тўлиқ модернизация керак»
Артём Сафаров ўз мавзеси ва атрофдаги маҳаллалардаги электр муаммоларини айнан 9-ГЭСдан қувват олувчи «Умид» маҳаллий тақсимлаш пункти билан боғлади.
«Тушунишимча, Чилонзорнинг 5, 6, 7 ва 8-мавзелари, шунингдек, Муқимий ва Лутфий кўчаларининг туташ қисмлари айнан мана шу узелдан қувват олади. „Умид“ тақсимлаш пункти билан боғлиқ муаммолар 2023, 2024 ва 2025 йилларда ҳам кузатилганди. 2023 йилда энг оғир ўчишлар бўлган. Июнь-июль ойларида бир неча бор 10−12 соатлаб светсиз ўтирганмиз. 2024 йилда вазият ҳайратланарли даражада барқарор бўлди, аммо 2025 ва 2026 йилларга келиб, яна мунтазам ва узоқ вақтли ўчишлар қайтди», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, июнь ойи охирида «Юртим» ва «Бунёдкор» подстанциялари билан боғлиқ яна бир йирик блэкаут содир бўлган. «2025 йилда Тошкентдаги учта йирик подстанция — „Сағбон“, „Юнусобод“ ва „Ботаника“ модернизация қилинган эди. Аммо Чилонзоргача ҳали етиб келишмаган, шекилли. Афтидан, айнан бизнинг Чилонзордаги узеллар Тошкентдаги энг муаммоли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда», — дея фикр билдирди Артём Сафаров.
«Муаммо фақат битта, ҳатто жуда йирик бўлган аварияда эмас. Бир марталик фавқулодда вазиятга чидаса бўлади. Муаммо шундаки, биз йиллар давомида бир хил ҳолатга гувоҳ бўляпмиз — ёзда тўсатдан „аномал иссиқ“ келадию, ҳаммаси ишдан чиқади. Биз эса чидашимиз ва мослашишимиз керак. Ахир туман, шаҳар раҳбарияти ва тегишли энергетика соҳаси мутасаддилари инфратузилмамизнинг аҳволидан яхши хабардор бўлиши керак-ку. Нега йил ўтгани билан уни модернизация қилиш бўйича ҳеч қандай чуқур ўйланган чоралар кўрилмаяпти?» — дея савол қўйди у.
Эркак бўлаётган воқеаларни ҳақиқий фавқулодда вазият деб ҳисоблайди: «Ўн минглаб одамлар 40 даража иссиқда 3−5 соатлаб светсиз ўтиргани — чинакам фавқулодда ҳолат… Бу ерда шунчаки жорий таъмирлаш билан иш битмайди, бутун тизимни, айниқса, бизнинг шўрлик „Умид“ тақсимлаш пунктимизни янгилаш керак».
«Подстанция ва тақсимлаш узелларидаги ускуналарни мавсумнинг прогноз қилинаётган энг юқори юкламаларига катта захира билан дош бера оладиган замонавий қурилмаларга алмаштириш зарур. Ҳар йили июль ойида 40 даражали жазирама ва электр истеъмолининг кескин ортишини кутиш учун башоратчи бўлиш шарт эмас-ку», — дея таъкидлайди Сафаров.
«Бундай пайтларда кимдир одамлар олдига чиқиши керак»
У юзага келган вазиятдаги асосий муаммолардан бири сифатида расмийларнинг аҳоли билан алоқаси ёмон йўлга қўйилганини тилга олди. Одатда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» диспетчерининг хабарлари аҳоли мурожаатлари учун очилган @murojaat_chati Telegram гуруҳига жойлаштирилади, бироқ уларда аниқлик кам. Асосан «9-ГЭС, „Умид“ тақсимлаш пунктида носозлик юз берди, тиклаш ишлари олиб борилмоқда» қабилидаги гаплар ёзилади. Қўшни Учтепа туманининг @uchtepa_TETK гуруҳидаги хабарларда ҳам аниқлик ва муддатлар кўрсатилмаган. Сафаровнинг сўзларига кўра, бундай хабарларга ишонч жуда паст.
«Бу вазиятда ҳаммасидан ҳам кўра маҳаллий раҳбарлар томонидан масъулиятни бўйинга олиш (ownership) туйғуси йўқлиги одамни ранжитади. Иш олиб борилаётгани тушунарли, лекин бундай пайтларда кимдир одамлар олдига чиқиши (ёки ҳеч бўлмаса онлайн мурожаат қилиши) ва вазият бўйича аниқ маълумот бериши айниқса зарур: қаерда нима бузилди, нима қилиняпти, қандай ресурслар ажратилган, свет қачон ёниши кутиляпти», — дейди Сафаров. Ҳозир эса «деярли ҳар сафар ҳамма учун биргина туман электр тармоқлари диспетчери жавоб беришга мажбур бўлмоқда».
«Электр ва сув таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш — давлатнинг тўғридан тўғри мажбурияти деб ҳисоблайман. Худди ёзги мавсум олдидан эскирган ускуналарни тайёрлаш, таъмирлаш ва алмаштириш каби. Афсуски, биз барқарор электр энергиясига энг кўп эҳтиёж сезадиган пайтда давлат томонидан ҳатто шунчаки нормал мулоқот ҳам йўқ», — дейди Сафаров.
Шу билан бирга, у авариявий ҳудудларни таъмирлаб, кечаю кундуз оғир меҳнат қилаётган электр тармоқлари ва бошқа идораларнинг оддий ходимларига миннатдорлик билдиришини таъкидлади. «Агар ёзга режалаштириш ишлари тўғри ташкил этилганида, улар 24/7 режимида ишлашга мажбур бўлмасди. Ахир уларнинг ҳам уйда кутадиган оиласи бор», — деди у.
Вақтинчалик ечимлар сифатида у жаҳон пойтахтларида бўлгани каби мобил салқинлатиш пунктларини ташкил этиш имкониятини тилга олди. «Ахир биздаги жазирама шунчаки қуёш эмас, бу ҳақиқий жазирама».
Узоқ муддатли истиқболда эса шаҳарда тизимли равишда барқарор кўкаламзорлаштириш ва ҳудудларни сунъий соя қилиш тизимини яратишни тезлик билан бошлаш зарур. Бу қуёшдан қизиб кетадиган ва ботгандан кейин ҳам иссиқликни узоқ вақт чиқариб турадиган «иссиқлик оролчалари» — асфальт ва бетон майдонларни қисқартиришни кўзда тутади.
Gazeta бошқа чилонзорликлар билан ҳам 18 июль куни сўровнома ўтказган, материалнинг давомини рус тилида ўқиш мумкин.
