• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 20−26 июль кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Gazeta шарҳи


Ҳафта бошида Ўзбекистон ҳудуди кучли қизиган ҳаво массаси — термик депрессия таъсирида бўлади. Жануб ҳудудларда ҳаттоки ҳаво ҳарорати максимумлари +49 даражагача кўтарилади. Волгабўйи ҳудудларидан салқин ҳаво оқими 20 июль куни Қорақалпоғистон Республикасида, 21 июль куни Қизилқум чўлларида, 22 июлдан республиканинг катта қисмида ўз таъсирини кўрсатади. Ҳафта ўрталаридан ҳудудларда тунги ва тонгги ҳарорат қийматлари ўтган ҳафтадаги аномал иссиқ ҳаво қийматларидан 7−8 даражагача пасайиб кетади. Бу кундуз кунлари +36 даража, тунда +20 даража атрофидаги ҳаво ҳарорати қийматларига мос тушади.

Иссиқ ва салқин ҳаво оқимлари минтақада ўрин алмашиниши шунчаки сокин кечмайди, шунинг учун ҳафта бошларида кўплаб вилоятларда кучли шамоллар, чанг тўзонлари, тоғлар, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва водий вилоятларида қисқа муддатли жала ёғинлари ёғиши мумкин. Ҳафта охирларидан яна жазирама иссиқлар минтақага қайтади.

Манба:meteoinfo.ru

Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳам шимолдан кириб келиши кутилаётган салқин ҳаво оқими сабабли ҳафтанинг иш кунларидаги ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан пасайиб кетиши кўк рангларда тасвирланган.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, душанба куни шимол ҳудудларидан ташқари бошқа ҳудудларда фавқулодда иссиқ кунлар кузатилиши, жанубда ҳаво ҳарорати максимуми +48 даража, бошқа вилоятларда +43 даражадан +46 даражагача иссиқ бўлиши, ҳатто тоғларда ҳам ҳарорат максимуми +37 даражагача кўтарилиши мумкинлиги келтирилган.

Аҳоли тунги ва тонгги ҳарорат қийматлари ҳам сезиларли пасайиб бораётганини ҳис қила бошлайди. Жума куни, яъни 24 июлдан мамлакат бўйлаб яна ҳаво ҳароратининг кўтарилиб бориши кутилмоқда. Дам олиш кунлари ҳам жазирама иссиқ кузатилиши эҳтимоли юқори.

Қуйидаги суткалик максимал ҳаво ҳарорати прогноз картасида 20 июль, душанба куни кўплаб жойларда ҳаво ҳарорати максимумлари +43…+47 даражагача кўтарилиши мумкинлиги келтирилган. Прогноз харитада ҳафта бошида шимол ҳудудларда салқин об-ҳаво муҳити кузатилиши максимал ҳаво ҳарорати +30 даражадан +36 даражагача ўзгаришидан сезиш мумкин.

Манба: ECMWFМанба: ECMWF

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, жорий ҳафта Ўзбекистон бўйлаб ҳафталик ҳарорат қиймати меъёрдан 1−3 даражагача пасайиши кўп рангларда тасвирланган. Ёғингарчилик кесимида эса тоғли ҳудудлар ва Қизилқумда нам ҳаво оқимларидан кутилаётган ёғинлар сабабли меъёрдан кўп ёғин кузатилиши мумкинлиги яшил рангларда акс эттирилган.

Шундай қилиб, ҳафта карусель каби тебранувчи тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳити билан ўтади. Ҳафта бошларида иссиқликнинг сўнгги босқичи бўлса, унинг ортидан кишилар физиологик ҳолатига ижобий таъсир этувчи бироз қулай об-ҳаво кузатилади. Дам олиш кунлари яна жазирама об-ҳавога гувоҳ бўламиз. Ҳафта бошларидаги иссиқ ҳаво муҳити турли тармоқларга юкламалар улашишда давом этади.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ҳафта бошларида аҳоли зич истиқомат қилувчи вилоятлар, хусусан, водий ва Тошкент вилояти аҳолиси аномал даражадаги иссиқ об-ҳаво муҳити таъсирида қолади. Шу сабабдан ҳам ўтган ҳафта аномал иссиқликнинг кишилар организмига таъсирини камайтиришда масъул тузилмаларнинг берган тавсияларига амал қилиш керак.

Ҳафта бошидаги икки кунликда жануб, водий, Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида имкон қадар куннинг энг иссиқ вақти — соат 12:00 дан 16:00 гача бўлган оралиқда ташқарига чиқмаслик ёки очиқ қуёш остида узоқ вақт қолмаслик тавсия этилади.

Душанба ва сешанба кунлари кишилар атмосфера босимининг кескин ўзгаришлари таъсирига тушади. Хусусан, 21 июль куни республиканинг катта ҳудудларида кучли шамоллар эсишидан олдин жойларда барик тубсизлик ҳодисаси кузатилиши, бу эса атмосфера босимининг тез ўзгаришига сезгир инсонларда организм янги муҳитга мослашишга улгурмаслигини келтириб чиқариши мумкин.

Шунинг учун барик тубсизлик даврида бош оғриғи, чарчоқ, юрак-қон томир тизимида ноқулайликлар ва иш қобилиятининг вақтинча пасайиши кузатилиши мумкин.

Барик тубсизлик ҳодисасининг организмга таъсирини камайтиришдаги тавсиялар. Барик тубсизлик ҳолатида оқилона иш ва дам олиш режимига риоя қилиш, стрессли ва ортиқча жисмоний фаолиятдан тийилиш, уйқу режимига риоя қилиш тавсия этилади. Қаҳва, чой ва шакарли ичимликлардан кўра тоза газсиз сув, умуман, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш муҳим.

Биоиқлимий шароитлар. Ҳафта бошларида Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, водий ва жануб вилоятлари аҳолиси сутканинг катта муддатларида фавқулодда иссиқ ҳарорат таъсири остида қолади. Айниқса, ҳафта бошида водийликлар тўғридан тўғри жуда ҳам иссиқ об-ҳаво муҳитини ҳис этади. Чоршанбадан республика бўйлаб тунги, кечки ва тонгги муддатларда салқин об-ҳаво оқими сабабли жойларда қулай иқлимий шароит кузатилиб, кишилар ўтган ҳафтадаги иссиқлик стрессларидан қутулади. Дам олиш кунлари яна жазирамалар минтақага қайтиб кела бошлайди. Лекин ушбу иссиқлик ўтган ҳафта ва жорий ҳафта бошларидаги иссиқлик каби кучли таъсир кучга эмас.

Космик таъсирлар. Ўтган дам олиш кунлари Қуёш сиртида жуда сокинлик рўй берди. Хорижий геофизика марказлари шунинг учунми, ҳафта бошларида кучли «қизил» ёки «сариқ» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишларини кўзда тутмаган.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистоннинг Олмаота ионосфера маркази эса бошқача тахминларни тақдим этиб, сешанба ва жума кунлари учун «сариқ», чоршанба ва пайшанба кунлари учун «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлишига эътибор қаратган.

Манба: spaceweatherМанба: spaceweather

Магнит бўронлари бўйича 2−3 кундан ортиқ муддатга ишончли прогноз бериш ҳозирча имконсиз. Шу боис узоқ муддатли тахминларга эмас, яқин кунлар учун янгиланиб борувчи маълумотларга таяниш мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Ўзгидромет синоптиклари ҳафта бошларидаги икки ҳаво оқимининг ўрин алмашиниш пайти ҳудудларда фронтал кучли шамоллар эсиши ва унинг ортидан айрим ҳудудларда чанг бўрони ва чанг-тўзон бўлишига эътибор қаратган. Айрим жойларда кўзга кўринмайдиган майда чанг заррачалари (PM2,5 ва PM10) миқдори ортиши мумкин.

Ҳавода ифлосланиш ортса ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 20−26 июль кунлари оралиғида ҳафта бошидаги тоқатни синовдан ўтказган иссиқликдан кейин табиат аҳолига қисқа муддатли нафас ростлаш имконини беради. Аммо бу салқинлик узоққа чўзилмайди — дам олиш кунларига келиб, ёз яна ўзининг ҳақиқий қиёфасига қайтади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *