Ўзбекистонликларни Чехия давлат ва хусусий клиникаларида юқори лавозимларга ишга жойлаштириш бўйича келишувга эришилди, дея хабар бермоқда Миграция агентлиги матбуот хизмати.
Мазкур ҳамкорлик Чехия бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бошланган музокараларнинг амалий босқичи ҳисобланади.
Тўғридан-тўғри мулоқотлар Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси вакиллари ҳамда Чехия Соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтех ўртасида бўлиб ўтди.

Келишувга кўра, сентябрь ойидан номзодларни чех тили ва касбга тайёрлаш, дуал таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда диплом ва малакаларни тан олиш жараёнларини енгиллаштириш масалалари ҳал қилинади.
Эслатиб ўтамиз, апрель охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш Тошкентда ўтган музокараларда тартибли меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилганди.