• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Урушда 4 бармоғимдан айрилдим». Жиззахда Украинада жанг қилган 24 ёшли йигит 2,5 йилга қамалди



26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Зомин тумани (Жиззах вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 24 ёшли фуқаро М.М.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳужжатларига кўра, М.М. 2019 йилдан буён Россиянинг Приморье ўлкасида мавсумий ишлар — қурилиш ва йўловчи ташиш соҳасида ишлаб келган. 2025 йил бошида у ва таниши гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига алоқадорлик гумони билан Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушланган.

Тергов талқинига кўра, улар жиноий жавобгарликдан қочиш мақсадида Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можарода Россия томонида қатнашишга розилик берган.

Суд материалларида қайд этилишича, М.М. Украина Донецк вилоятининг Россия назоратидаги Мариуполь шаҳри яқинидаги ҳарбий лагерда тайёргарликдан ўтган. У ерда ўқотар қурол ва гранаталардан фойдаланиш, ҳандақ қазиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа ҳарбий кўникмаларни эгаллаган.

Шундан сўнг у 2025 йил сентябридан ноябрь ўрталаригача Украина Запорожье вилояти ҳудудида Россия Қуролли кучлари сафида ҳандақ ва блиндажлар қазиш, озиқ-овқат ва алоқа воситаларини етказиш, дронлар учун зарядлаш қурилмаларини ташиш ҳамда разведка-кузатув вазифаларини бажаргани айтилади.

Суд ҳужжатларига кўра, 2025 йил 10 ноябрда дрон ҳужуми вақтида юз берган портлаш оқибатида у жароҳат олган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасида ўнг қўлининг тўрт бармоғи ампутация қилингани ва бу жароҳатлар оғир тан жароҳати сифатида баҳолангани қайд этилган.

Судланувчининг кўрсатмалари

«Россияда ишлаб, ота-онамга ёрдам бермоқчи бўлгандим»

Судда М.М.нинг айтишича, у 2019 йили мактабни тугатгач, университетга кира олмаган. Шундан кейин амакисининг ўрнига Россиянинг Приморье ўлкасига ишлаш учун кетган. Аввалига бетон заводида ошпаз, кейин эса махсус техника ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Кейинчалик кредитга автомашина олиб, кечалари таксичилик ҳам қилган.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йил март ойида танишлари билан кетаётганда полиция уларнинг автомашинасини тўхтатиб текширган ва салондан гиёҳванд модда чиққанини маълум қилган.

М.М. модда ўзига тегишли эмаслиги, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилмаслиги ва сотиш билан шуғулланмаслигини айтганини, бармоқ изларини текширишни сўраганини билдирган. Аммо шунга қарамай, у ва таниши қамоққа олинган.

Унинг айтишича, қамоқда таржимон сифатида қатнашган шахс 500 минг Россия рубли эвазига жазони енгиллаштиришни таклиф қилган, аммо бундай маблағи бўлмаган.

«Урушга боришга аввал рози бўлмаганман»

М.М. судда қамоқдалигида ўзини ҳарбий комиссариат ходими деб таништирган шахс бир неча бор Россия армияси билан шартнома тузиб, Украинадаги урушга боришни таклиф қилганини айтди.

Унинг таъкидлашича, аввал бу таклифни рад этган. Бироқ доимий босим, қўпол муносабат, жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа маҳбусларнинг муносабати сабабли шартнома имзолашга мажбур бўлган.

М.М. бу ҳақда отасига ҳам телефон орқали айтганини, 2025 йил июль ойида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганини билдирди.

Унинг кўрсатмасига кўра, шартнома имзолангандан кейин у ва бошқа чет элликлар ҳарбий самолётда Мариуполь яқинидаги лагерга олиб борилган.

У ерда уларга ҳарбий кийим, автомат ва ўқ-дорилар берилган. Икки ой давомида ўқ отиш, гранатадан фойдаланиш, ҳандақ қазиш, дрон ҳужумидан ҳимояланиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича машғулотлар ўтказилган.

М.М.нинг айтишича, 2025 йил сентябрида уни Запорожье вилоятига юборишган.

У ерда дастлаб окоп ва блиндажлар қазиш, озиқ-овқат, алоқа воситалари ҳамда дронлар учун жиҳозлар етказиш билан шуғулланган. Кейинчалик разведка гуруҳига ўтказилиб, Украина ҳарбийлари ва техникаси жойлашган ҳудудлар ҳамда дронлар ҳаракатини кузатиб, маълумотларни рация орқали қўмондонликка етказганини айтди.

«Дрон ҳужумида тўрт бармоғимдан айрилдим»

Унинг сўзларига кўра, 2025 йил 10 ноябрда разведка вазифасини бажараётганида дрон ҳужумига учраган. Портлаш оқибатида унинг ёнидаги ҳарбий ҳалок бўлган, ўзи эса оғир жароҳатланган.

М.М. аввал дала госпиталига, кейин Донецк ва Краснодардаги ҳарбий тиббиёт муассасаларига олиб борилганини, шифокорлар ўнг қўлининг тўрт бармоғини кесиб ташлаганини билдирди.

М.М.нинг суддаги кўрсатмасига кўра, ҳарбий госпиталда даволанаётганида йўқолган ПСБ банк картаси қайта тикланган. Шу вақтга келиб картада 400 минг Россия рубли бўлган, кейин унга яна 900 минг рубль ўтказилган.

Шунингдек, Россияда қолган танишлари автомашинасини сотиб, яна 300 минг рубль юборган. Судланувчининг айтишича, у тахминан 1,3 миллион рублни укаси номидаги банк картасига ўтказган, қолган маблағни даволаниш, кийим-кечак, телефон, авиачипта ва бошқа шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.

«Украинага яна юборилишимни эшитиб, қочишга қарор қилдим»

Судланувчининг айтишича, госпиталда даволанаётганида уни яна фронтга юборишлари мумкинлигини билиб қолган.

У Ростов шаҳрида командирларини чалғитиб қочганини, отаси ва танишлари ёрдамида Сочига етиб борганини, у ердан эса «Сочи — Наманган» рейси орқали 2025 йил 27 декабрь куни Ўзбекистонга қайтганини айтди.

Судда М.М. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, Россия-Украина урушида иштирок этгани учун пушаймон эканини билдирди. У оилавий аҳволини инобатга олиб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Гувоҳлар кўрсатмалари

Отаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган

Судда М.М.нинг отаси ўғли қамалгани ҳақида хабар топгач, унинг тақдири юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик Россия томонига расмий сўров юборишини билдирган, кейинчалик Россия прокуратурасига мурожаат қилингани ҳақида жавоб келган. Бироқ иш натижаси бўйича бошқа маълумот берилмаган.

Гувоҳнинг айтишича, у ҳатто автомашинасини сотиб, Россияда адвокат ёллашга ҳам ҳаракат қилган, аммо бу ҳам ўғлини озод қилишга ёрдам бермаган.

Урушда ҳалок бўлган таниши Ўзбекистонга олиб келиб дафн этилган

Яна бир гувоҳ Х.Д.нинг кўрсатмасига кўра, М.М. билан бирга Россияда ушланган М.К. Украинадаги урушда ҳалок бўлган.

Унинг айтишича, М.К.нинг жасади 2026 йил январь ойида қора полиэтиленга ўралган ҳолда тахта тобутда Ўзбекистонга олиб келинган ва Қўшқанд қишлоғи қабристонида дафн этилган.

Ҳукм

Суд М.М.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисми билан айбдор деб топди. Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, унга модда санкциясида назарда тутилган энг кам муддатдан ҳам енгилроқ — 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд жазо тайинлашда айбланувчининг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ҳамда оилавий аҳволини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олди. Суд оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини қайд этди.

Ҳукмга мувофиқ, М.М. жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Жазо муддати 2026 йил 26 июндан ҳисобланади. Шунингдек, унга нисбатан қўлланилган «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат» эҳтиёт чораси қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиб, у суд залининг ўзида ҳибсга олинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *