2016 йилда швециялик Эрик Альстрём қўлига чиқинди халтасини олиб, Стокгольм бўйлаб югуришга чиқади. Бугунга келиб 50 дан ортиқ мамлакатда мавжуд бўлган ҳаракат ана шундай бошланганди. «Плоггинг» (Plogga) номини ҳаракатнинг ҳаммуассиси Карина Свенссон ўйлаб топган. Бу ном шведча plocka upp («териб олиш») ва инглизча jogging («енгил югуриш») сўзларидан олинган.
2026 йилнинг июнь ойида Альстрём Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан мамлакатда ўтказилаётган Samarkand Marathon пойгалар сериясининг эко-амбассадори сифатида Тошкентга ташриф буюрди.
Gazeta мухбири у билан учрашиб, бир швецияликнинг оддий одати қандай қилиб глобал ҳаракатга айлангани ҳамда тозаликка эътибор кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланиши учун нималар қилиш кераклиги ҳақида суҳбатлашди.
«Бу менинг ёки сизнинг чиқиндингиз эмас, лекин бу — бизнинг сайёрамиз»
Плоггинггача Эрик трейлраннинг — табиий рельеф бўйлаб югуриш оламида танилганди. У 30 йилдан ортиқ вақт давомида Швецияда спорт мусобақаларини ташкил этган: Kebnekaise Classic Альп тоғ чанғиси турнири, Åre Extreme Challenge мультиспорт пойгаси, 24 соатлик Sweden Sky Race ультрамарафони ва бошқалар.
«Бундай тадбирлар қандай уюштирилишини биламан. Қолаверса, табиатга ўз ҳиссамни қўшгим келарди — ахир унда жуда кўп вақт ўтказганман», — дейди у.
Альстрёмда чиқинди йиғиш одати Швеция шимолидаги кичик тоғ-чанғи қишлоғи — Ореда пайдо бўлган. Бу қишлоқда у қарийб 20 йил яшаган. Ўғлини мактабга кузата туриб, йўл-йўлакай оёғи остида учраган ҳар қандай чиқиндини териб кетарди. Аста-секин у жамоавий тозалаш ишларини ташкил қила бошлади ва 20 йил ичида шаҳарча сезиларли даражада ўзгарди. У икки миллион аҳоли яшайдиган Стокгольмга кўчиб ўтганида, фарқ жуда катта эди.
«Чиқинди шу қадар кўп эдики, афтидан, бунга ҳеч ким эътибор бермасди. Аҳоли учун бу ҳолат янги нормага айланиб қолганди», — деб эслайди у.
Сурат: Plogga.
Сурат: Plogga.
Пойтахтда Эрик чиқинди халтаси билан югуришга чиқишни давом эттирди — бу сафар дўстлари билан бирга.
«Бу худди хазина овига ўхшарди. Биз югурардик, кулишардик. Бизни кўриб, атрофдагиларда ҳам сафимизга қўшилиш истаги уйғонарди», — дея хотирлайди у.
Бир куни Эрик ўз «ўлжа»сини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирди. Бу пост катта қизиқиш уйғотди — одамлар изоҳларда ҳазиллашиб, янги спорт турига номлар таклиф қилди. Ғоя оммалаша бошлади, уни йирик спорт брендлари ҳам қўллаб-қувватлади. Швецияда ўнлаб маҳаллий гуруҳ пайдо бўлди. Янги ҳаракат хорижий телеканаллар диққат марказига тушди. Аста-секин плоггинг мамлакат чегарасидан ташқарига чиқди.
Сурат: Plogga.
Сурат: Plogga.
Ҳаракат асосчисининг сўзларига кўра, плоггингдаги асосий тўсиқ жисмоний тайёргарлик эмас, балки стигмалар. Кўплаб маданиятларда чиқиндини, айниқса, бошқалар қолдириб кетган чиқиндини йиғиб олишга уятли иш сифатида қаралади.
«Бундай ҳис деярли ҳамма жойда бор. Кўплаб маданиятларда бу сенинг ишинг эмас, бошқа бировнинг иши деб ҳисоблашади. Лекин бу ишни табассум билан қилишни бошласангиз, одамларга нима қилаётганингизни айтсангиз — стигма йўқолади. Буни гуруҳ бўлиб қилиш эса анча осон», — дейди Альстрём.
Унинг ўзи ҳам 2016 йилда ноқулайлик ҳис қилган, бироқ шаҳарни тозалаш истаги кучлироқ бўлиб чиққан.
«Бу менинг ёки сизнинг чиқиндингиз эмас — уни бошқа кимдир ташлаб кетган. Лекин сайёра ҳаммамизники», — дея тушунтиради Эрик ўз фалсафасини.
Плоггингни Ericsson каби йирик брендлар қўллаб-қувватлайди. Альстрёмнинг фикрича, бунинг замирида ётган нарса фақатгина имиж эмас.
Сурат: Plogga / Instagram.
Сурат: Plogga / Instagram.
«Ericsson бутун дунё бўйлаб биз билан ишлайди — мен уларнинг жамоалари билан Богота, Мехико, Деҳлида учрашганман. Улар бу ишга чинакамига бош қўшган ва швед компанияси сифатида швед ҳаракатини қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади», — дейди у.
Бироқ ҳамма воқеалар ҳам бундай бўлавермайди. Бир куни Швециядаги йирик технологик компания билан плоггинг ўтказаётган плоггер уларнинг офисидаги корпоратив музлаткични очиб кўради.
«Музлаткич бир марталик пластик идишлар, стаканлар, етказиб бериладиган таомларга тўла эди. Ғалати ҳиссиёт пайдо бўлди — гўё уларнинг иштироки юзакидек. Шунчаки бундай тадбирлар учун бюджет ажратилгану, улар ўшани сарфлаган, холос», — дея эслайди Эрик.
Чиқинди чиқиндини келтириб чиқаради
Альстрёмнинг сўзларига кўра, у ташриф буюрган барча мамлакатларда чиқинди муаммоси мавжуд. Бироқ уни энг кўп ҳайратда қолдирган нарса шундаки, қайта ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилмаган мамлакатларда «одамлар баъзан ҳамма шароит яратилган жойларга қараганда бу жараёнга кўпроқ жалб қилинган бўлиб чиқади».
Эрик уч ҳафта бўлган Ҳиндистонда чиқиндиларни бошқаришнинг марказлашган тизими деярли йўқ. Лекин баъзи қишлоқларда одамлар органик чиқиндиларни бошқаларидан ажратиб, ўша ернинг ўзида компостлай бошлабди. Альстрёмнинг айтишича, бу усул иш бераётган экан: озиқ-овқат чиқиндилари бошқа нарсалар билан аралашиб кетмасдан, ерга қайтарилмоқда.
Сурат: Humrahi Studio.
Сурат: Humrahi Studio.
Сурат: Humrahi Studio.
Сурат: Humrahi Studio.
У Зимбабве ҳақида ҳам шунга ўхшаш воқеани айтиб берди. У ерда маҳаллий аҳоли эрталаб соат олтида соҳилга йиғилиб, рақсга тушар, байрам қилар экан. Улар плоггерлар билан бирга пластикка тўлиб кетган қирғоқни тозалабди.
«Улар пластик идишнинг кокос пўстлоғидан нима фарқи борлигини тушунмасди — улар учун иккаласи ҳам бир нарса эди. Лекин ўша тозалаш ишидан кейин одамлар соҳилга ўзлари, қўлларида ўроқ ва таёқлар билан қайтиб келди. Билим хулқ-атворни ўзгартирди», — дейди Альстрём.
«Японияда ёндашув бошқача — у ердаги кўчаларда чиқинди идишлари умуман йўқ. Одамлар бир бутилька сув сотиб олар экан, уни уйга олиб бориб, [идишини чиқинди сифатида] саралаш кераклигини билади. Улар нафақат ичидаги нарсани, балки маҳсулотнинг бутун ҳаётий циклини сотиб олади», — дея давом этади у.
Сурат: Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.
Сурат: Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.
Ўзбекистонда ҳашарлар анъанаси — жамоавий тозалаш ишлари бор. Ҳашар пайтида аҳоли биргаликда ҳовли, кўча ва маҳаллаларни тартибга келтиради. Назаримда, агар одамлар бунга тайёр бўлса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўладигандек. Бироқ Альстрём бир марталик тадбир билан кундалик одат ўртасига чегара қўяди. Унинг сўзларига кўра, хоҳишнинг ўзи камлик қилади — таълим, шахсий масъулият ва доимий кўз ўнгимизда турадиган намуналар керак бўлади.
Эрик мисол тариқасида 1980 йиллардаги Нью Йоркни келтирди. Ўша пайтларда шаҳарда ҳар куни жиноятлар содир этилар, метро эса ифлос ва хавфли эди. Метрополитен раҳбарияти фақат полицияни кучайтиришга эътибор қаратиш ўрнига, тартибни сақлашга алоҳида урғу берди: ходимлар ҳар куни вагонлардаги граффитиларни ювиб ташлар, ўриндиқларни таъмирлар, синган чироқларни алмаштирарди. Бирорта ҳам поезд деподан ифлос ҳолатда чиқмасди. Аста-секин жиноий вазият яхшиланди, аҳоли эса ўз шаҳрини кўпроқ қадрлай бошлади. Бу тажриба кўпинча синган ойна назарияси билан боғланади: агар битта синган ойна алмаштирилмаса, тез орада бутун ойна қолмайди. Тартибсизлик тартибсизликни, тозалик эса тозаликни келтириб чиқаради.
Сурат: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.
Эрик Тошкентни ўзи бўлган 46 мамлакат орасидаги энг тоза шаҳарлардан бири деб атади, бироқ, унинг тан олишича, бу ердаги ахлат қутилари жуда кичик ва тез тўлиб қолади. Одамлар пакетларни унинг ёнига қўяди, кейин эса шамол ва қушлар чиқиндини атрофга сочиб юборади. Унинг сўзларига кўра, инфратузилма муҳим, лекин, энг аввало, одамларнинг хулқ-атвори ўзгариши керак.
«Энг кўп тозаланадиган шаҳарлар эмас, энг кам ахлат ташланадиган шаҳарлар энг тоза шаҳарлардир», — дейди у ишонч билан.
Иллюстратив сурат: Искандар Мирзахмедов / Gazeta.
Иллюстратив сурат: Искандар Мирзахмедов / Gazeta.
Иллюстратив сурат: Искандар Мирзахмедов / Gazeta.
Ўзбекистонда плоггинг
Ўзбекистонда Альстрём Ташкент Ploggers ҳамжамияти билан бирга югуришга чиқди. Иштирокчилар занжир бўлиб ҳаракатланди: бирлари бутилькаларни териб олса, бошқалари уларнинг қопқоқларини ечди, яна бошқалари эса чиқиндиларни турли халталарга солди. Bukhara Night Race пойгасидан сўнг худди шу тарзда 16 килограмм пластмасса йиғилиб, қайта ишлаш учун маҳаллий Ecojon Lab устахонасига юборилди. Эритилган материалдан плоггинг иштирокчилари учун медаллар тайёрланди. Ҳар бир медаль бетакрор чиқди — битта медал учун 16 та қопқоқ кетди.
Сурат: Дарья Аксёнова / Tashkent Ploggers.
Сурат: Дарья Аксёнова / Tashkent Ploggers.
Сурат: Дарья Аксёнова / Tashkent Ploggers.
Сурат: Дарья Аксёнова / Tashkent Ploggers.
Сурат: Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.
Эрикнинг тан олишича, у югуриш пайтида чиқиндиларни саралашнинг бу даражада ташкил этилганини ҳеч қаерда кўрмаган экан.
У ҳар йили Италиянинг кичик шаҳар ва қишлоқларида ўтказиладиган плоггинг бўйича Жаҳон чемпионатида қатнашади. Турли мамлакатлардан келган жамоалар бир неча соат давомида чиқиндиларни териб югуради, маррада эса босиб ўтилган масофа эмас, балки йиғилган чиқиндилар табиатга етказиши мумкин бўлган эҳтимолий зарар баҳоланади. Масалан, батарея пластик идишдан хавфлироқ, чунки у тупроқни ифлослантиради.
Zaamin Ultra 2026 доирасида плоггинг. Сурат: Музаффар Бобомуродов / Gazeta.
Zaamin Ultra 2026 доирасида плоггинг. Сурат: Музаффар Бобомуродов / Gazeta.
Zaamin Ultra 2026 доирасида плоггинг. Сурат: Музаффар Бобомуродов / Gazeta.
Plogging асосчиси шундай чемпионатни Ўзбекистонда ўтказишни орзу қилишини билдирди. Бунга Zaamin Ultra, Самарқанд марафони ёки Bukhara Night Race каби ҳар қандай югуриш мусобақаси асос бўлиши мумкин. Иштирокчилар одатдагидек югуради, лекин йўл-йўлакай чиқиндиларни териб боради, маррада эса ўз «ўлжа»ларини солиштиради.
«Инсон ҳеч бўлмаганда бир марта ердан ниманидир териб олса, атроф-муҳитга бошқача кўз билан қарай бошлайди. Ўзи камроқ чиқинди ташлаб, бошқаларга ўрнак бўлади», — дея хулоса қилди у. Ва қўшиб қўяди: «Югур, лекин мақсад билан югур».







