• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда туроператорларга туристларни ҳимоя қилиш учун камида $50 минг захира қилиш мажбурияти юкланиши мумкин


Ўзбекистонда «Хавфсиз туризм» жамғармасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Унинг маблағлари фавқулодда вазиятларда сайёҳларга етказилган зарарни қоплаш, уларни вақтинча жойлаштириш, эвакуация қилиш ва ватанга қайтариш учун ишлатилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси 30 июль куни жамоатчилик муҳокамасига қўйган ҳукумат қарори лойиҳасида сўз боради.

«Хавфсиз туризм» жамғармаси

Ҳужжатга кўра, Туризм қўмитаси ҳузурида юридик шахс ҳисобланмайдиган «Хавфсиз туризм» жамғармасини тузиш режалаштирилган. Унинг маблағлари қўмитанинг ғазначилик ҳисобварақларида жамланади.

Чет эл сафарларини ташкил этувчи туроператорлар учун янги лицензия талабларидан бири сифатида жамғармада камида 50 минг доллар эквивалентида маблағни захира қилиш белгиланмоқда. Бу маблағлар туроператор ёки турагентнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида жабр кўрган ўзбекистонлик туристларга етказилган моддий зарарни қоплашга йўналтирилиши мумкин.

Шунингдек, маблағлардан фавқулодда ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларини вақтинча жойлаштириш, озиқ-овқат, транспорт ва алоқа харажатларини, шунингдек эвакуация ва репатриация (ватанга қайтариш) билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш учун ҳам фойдаланишга рухсат берилади. Бунинг учун суд қарори, турист ёки унинг қонуний вакилининг мурожаати ёки Туризм қўмитасининг асослантирилган қарори асос бўлиши мумкин.

Агар захира маблағининг бир қисми ишлатилса, сайёҳлик компанияси уни 15 кун ичида белгиланган миқдоргача тўлдириши керак бўлади.

Ҳар бир турпакет учун йиғим

Лойиҳада ҳар бир сотилган туристик маҳсулот учун мақсадли кафолат йиғимини жорий этиш ҳам таклиф қилинган. Унинг миқдори йўлланма сотилган санада амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,15 бараварига тенг бўлади.

Йиғим туристик маҳсулот нархига киритилади. Уни туристдан давлат божи, йиғим ёки маъмурий тўлов сифатида алоҳида ундириш режалаштирилмаган.

Маҳаллий туроператор шакллантирган турпакетлар бўйича тўловни туроператорнинг ўзи амалга оширади. Агар хорижий компаниянинг маҳсулоти Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган лицензияга эга юридик шахс орқали сотилса, йиғимни шу юридик шахс тўлайди.

Ҳар бир туристга туристик код берилади

Туристик код (туркод) расмийлаштирилишидан олдин кафолат йиғими жамғарманинг махсус ғазна ҳисобварағига ўтказилиши керак бўлади. Йиғим тўланмаса, туркод шакллантирилмайди ва бундай туристик маҳсулотни сотиш тақиқланади.

Туркод — харид қилинган турпакет асосида чет элга чиқаётган ҳар бир туристга Миллий туризм платформаси автоматик равишда берадиган уникал электрон идентификация рақами ҳисобланади.

Ушбу код туристик маҳсулот платформада рўйхатдан ўтказилганини, кафолат йиғими тўланганини ва турист кафолатлаш тизимига киритилганини тасдиқлайди. Шунингдек, тизимга туроператор ва турагент, йўналиш ва сафар муддатлари, транспорт, яшаш жойи, суғурта ҳамда фавқулодда вазиятлар учун алоқа маълумотлари киритилади.

Туркод туристик хизмат кўрсатиш шартномаси, ваучер, электрон чипта ва сайёҳга бериладиган бошқа ҳужжатларда кўрсатилади.

Миллий туристик платформа орқали Туризм қўмитаси сотилган турпакетлар реестрини юритиши, йиғилган маблағларни ҳисобга олиши ҳамда фавқулодда вазият юзага келганда қайси туристлар хорижда эканини тезкор аниқлаши мумкин бўлади.

Туристларга қайси ҳолатларда ёрдам кўрсатилади?

Лойиҳада фавқулодда ҳолат сифатида эътироф этиладиган ҳолатлар рўйхати ҳам келтирилган. Улар қуйидагилар:

  • қайтиш чиптаси берилмаган ёки бекор қилинганлиги;
  • меҳмонхона ёки трансфер тўланмагани сабабли турист давлатдан чиқиб кетолмаганлиги;
  • хорижий ҳамкор мажбурият бажармаганлиги;
  • туроператор ёки турагент банкрот деб топилиши ёки ўз фаолиятини тўхтатганлиги;
  • виза, кириш ёки чиқиш ҳужжатлари туроператор ёки турагент томонидан нотўғри расмийлаштирилганлиги;
  • сафар давомида фавқулодда ёки уруш ҳолати расман эълон қилинганлиги ёки Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ушбу давлат хавфли деб топилганлиги;
  • турист хавфли ҳудудга юборилганлиги;
  • суғурта ҳолати юзага келган, лекин суғурта ёки ёрдам механизми таъминланмаганлиги;
  • турист туркомпания хатоси сабаб депортация қилинганлиги;
  • вояга етмаганлар, кексалар ёки алоҳида ҳимояга муҳтож туристларнинг чет элда қолиб кетганлиги.

Агар турист ўз хоҳиши билан хорижда қолган бўлса, қонунни қасддан бузган бўлса ёки сафар дастуридан мустақил равишда четга чиққан бўлса, репатриация харажатлари туркомпания зиммасига юкланмайди. Бундан вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз шахслар ва инсон ҳаёти ёки соғлиғига бевосита хавф мавжуд ҳолатлар мустасно.

Лойиҳада Туризм қўмитасига олти ой ичида аввал берилган лицензияларни хатловдан ўтказиш ва уларни янги талабларга мувофиқлаштириш таклиф этилган.

Шунингдек, туроператорлар ва турагентлар иштирокисиз мустақил равишда хорижга сафар қилувчи фуқароларни ҳимоя қилишнинг алоҳида механизмини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *