Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Поп туман судида «Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси Одилхон Исмоилов ва бошқаларга оид жиноят иши кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Суд ҳукмига кўра, Одилхон Исмоилов билан жами 7 нафар судланувчи Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди:

  • 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди
  • 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди
  • 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди
  • 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а», «б» бандлари.

Наманган вилоятида туғилган 49 ёшли Одилхон Исмоиловга 8 йил (Жиноят кодексининг 62-моддаси: ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидаларига асосан 7 йил 11 ой 28 кун) муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қолган 6 нафар судланувчи жиноий хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб турли муддатларга қамалди. Жиноят иши доирасида етказилган моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

Олий суд биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Наманган вилоят судининг апелляция/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилигини эслатиб ўтди.

Одилхон Исмоилов 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари бўлган. 2011 йилдан 2018 йил июлигача Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби бўлиб ишлаган. 2018 июлда эса Мусулмонлар идораси Исмоилов «тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатгани ва беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли» ишдан олинганини маълум қилган.

У 2019 йилдан бошлаб «Вақф» хайрия жамоат фондида фаолият юритган. 2019 йил февралида Исмоилов Шайхонтоҳур тумани «Хўжа Аламбардор» масжидига имом-хатиб этиб тайинланган. 2019 йилнинг сентябрида эса соғлигидаги муаммолар туфайли ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган.