2026 йилда Ўзбекистонда долларнинг ўртача йиллик курси тахминан 11 987 сўмни ташкил этиши, 2029 йилга келиб эса 12 554 сўмга етиши мумкин. Ҳукуматнинг макроиқтисодий прогнозлари асосида шундай ҳисоб-китобларни иқтисодчи Миркомил Холбоев келтирди.
Унинг сўзларига кўра, 2027−2029 йилларга мўлжалланган фискал стратегия параметрлари яқин йилларда сўмнинг долларга нисбатан курси нисбатан барқарор бўлиб қолишини кўрсатмоқда.
| Кўрсаткич | 2024 | 2025 | 2026, кутилаётган | 2027, прогноз | 2028, мўлжал | 2029, мўлжал |
|---|---|---|---|---|---|---|
| ЯИМнинг номинал ҳажми, трлн сўм | 1535 | 1850 | 2183 | 2474 | 2830 | 3232 |
| ЯИМ ўсиши, % | 6,7 | 7,7 | 8,1 | 6,9 | 7,1 | 7,4 |
| Аҳоли жон бошига ЯИМ, доллар | 3265 | 3881 | 4629 | 5106 | 5598 | 6203 |
| Ўтган йил охирига нисбатан инфляция, % | 9,8 | 7,3 | 6,5 | 5−6 | 5 | 5 |
| Саноат ишлаб чиқариши ўсиши, % | 6,5 | 6,8 | 8,0 | 6,7 | 7,1 | 7,9 |
| Қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиши, % | 10,0 | 14,2 | 12,4 | 8,3 | 8,0 | 7,6 |
| Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ўсиши, % | 3,4 | 4,4 | 5,0 | 5,0 | 5,1 | 5,1 |
| Бозор хизматлари ўсиши, % | 13,3 | 14,7 | 16,6 | 14,3 | 14,7 | 15,1 |
Иқтисодчи тахминий ўртача курсни ЯИМнинг сўмдаги прогнозлари, аҳоли жон бошига доллардаги ЯИМ ва аҳоли сони прогнозларидан фойдаланган ҳолда ҳисоблаб чиққан. Ҳужжатда аҳоли сони бўйича расмий прогнозлар эълон қилинмагани сабабли, у аҳоли сонининг йиллик ўсиши 2025 йил даражасида — тахминан 1,8 фоиз сақланиб қолишини назарда тутган.
Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра аҳолининг 810 мингга ошганлигини қўшиб ҳисоблаганда, Миркомил Холбоевнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда долларнинг ўртача курси 11 987 сўмни ташкил этиши мумкин.
Бу эса 2025 йилга нисбатан ўртача курснинг 4,4 фоизга мустаҳкамланишини кўрсатади.
Иқтисодчининг ҳисоб-китобларига кўра, 2027 йилда сўм долларга нисбатан 1,2 фоизга, 2028 йилда 2,8 фоизга ҳамда 2029 йилда 1,5 фоизга қадрсизланиши мумкин.
Манба: Mirkonomika / Telegram
Натижада 2029 йилда сўмнинг долларга нисбатан йиллик ўртача курси 12554 сўмни ташкил этиши мумкин.
«Яъни вазирлик келаётган йилларда сўм курси нисбатан барқарор қолишини кутмоқда», — деди иқтисодчи.
Шу билан бирга, Миркомил Холбоев гап йил давомидаги ўртача курс ҳақида кетаётганига, давр охиридаги курс ҳақида эмаслигига эътибор қаратди.
Масалан 2025 йил сўнггида доллар курси йил бошидаги 12 904 сўмдан, 12 025 сўмгача мустаҳкамланган бўлишига қарамасдан ўртача курс 12 581 сўмни ташкил этиб, 2024 йилдаги ўртача курсга нисбатан деярли ўзгармаган.
Иқтисодчи, шунингдек, ҳисоб-китобларнинг аҳоли сони прогнози ўзгаришига сезувчанлигини ҳам баҳолади. Агар аҳолининг йиллик ўсиши 1,8 фоиз эмас балки, 1,5 фоизни ташкил этса, унда 2029 йилга бориб ўртача курс 12 704 сўмга етади.
Бу базавий ҳисоб-китобдан атиги 1,1 фоиз юқори, шунинг учун аҳоли ўсиши бўйича кўрсаткични юқори ёки пастга бироз ўзгартириш ўртача курс динамикасига катта таъсир қилмайди, деди у.
Миркомил Холбоев тушунтиришича, аҳоли сони доллардаги ЯИМнинг умумий ҳажмини ҳисоблаш учун зарур. Бунинг учун аҳоли жон бошига ЯИМ прогнози аҳолининг тахминий сонига кўпайтирилади, шундан кейин сўмдаги прогноз ЯИМ ҳосил бўлган доллардаги кўрсаткичга бўлинади.
Шу тариқа долларнинг тахминий ўртача йиллик алмашув курси ҳисоблаб чиқилади. Иқтисодчининг ўзи бу макроиқтисодий прогнозлар ва аҳоли динамикаси ҳақидаги тахминларга асосланган ҳисоб-китоб баҳоси эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача йиллик курси 13 250 сўмни (2024 йил учун прогноз қилинган даражадан 4,8 фоизга кўп) ташкил этишини кутган эди, аммо амалдаги кўрсаткич 12 576 сўмгача тушди.
