Кир Стармер Буюк Британия бош вазири лавозимини расман тарк этди. Қирол Карл III Букингем саройида унинг истеъфосини қабул қилди, деб хабар бермоқда BBC News ва Guardian.

Қирол ҳузурига ташриф буюришдан аввал Кир Стармер Лондондаги Даунинг-стрит қароргоҳи олдида сўнгги мурожаати билан чиқиш қилди.

«Ишим якунига етди. Олти ярим йил ичида мен [Лейбористлар] партиямизни 2019 йилдаги тарихий мағлубиятдан олиб чиқдим, уни мамлакат манфаатларига жавоб берадиган ва 2024 йилги умумий сайловларда ишончли ғалаба қозонадиган даражада ўзгартирдим», — деди Стармер.

У Британия иқтисодиёти «кучайганини», давлат хизматлари «юксалишда» эканини, иммиграция «сезиларли даражада камайганини», Буюк Британиянинг «мудофааси ва хавфсизлиги» эса «анча мустаҳкам пойдеворга эга бўлганини» таъкидлади.

Стармер Лейбористлар партиясининг янги етакчиси Энди Бёрнэмни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва унга муваффақиятлар тилади.

«Мен ўз қадр-қимматимни сақлаган ҳолда кетяпман. Юзимда табассум ва эришган барча ютуқларимиздан фахрланиш туйғуси билан тарк этяпман», — дея сўзини якунлади Стармер.

Стармердан кейин Карл III қабулига Бёрнэм келди. Қирол унга Буюк Британия ҳукуматини шакллантириш вазифасини топширди. Шу тариқа, Бёрнэм янги бош вазирга айланди.

  • Кир Стармер Буюк Британия бош вазири ва Лейбористлар партияси етакчиси лавозимидан кетишини 22 июнь куни эълон қилганди. Стармернинг истеъфога чиқиши ҳақидаги чақириқлар 2026 йил май ойида бўлган ва Лейбористлар партияси учун муваффақиятсиз якунланган муниципал сайловлардан сўнг кучайганди. Ушбу сайловларда ҳам лейбористлар, ҳам консерваторлар Найжел Фаражнинг ўнг қанот Reform UK партиясига йирик мағлубиятга учраган.
  • Кир Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси Буюк Британияда 2024 йил июль ойи бошида бўлиб ўтган муддатдан олдинги парламент сайловлари натижасида ҳокимиятга келганди. Ўшанда лейбористлар Британияни 14 йил давомида бошқариб келган Консерватив партияга қақшатқич зарба бериб, парламентда рекорд даражадаги ўринларни қўлга киритганди.
  • Энди Бёрнэм 17 июль куни Лейбористлар партияси етакчиси этиб сайланди. Унгача у Катта Манчестер мэри лавозимида фаолият юритиб келаётганди.