• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон пенсия тизимини қандай ўзгартириш таклиф қилинмоқда?


Ўзбекистон пенсия тизими молиявий босимнинг кучайиб боришига дуч келмоқда, унинг давлат бюджетига қарамлиги эса сўнгги йилларда ортган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ижтимоий солиқ қамровини кенгайтириш, пенсияларни ҳисоблаш тартибини ўзгартириш, минимал меҳнат стажини босқичма-босқич ошириш ҳамда жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантиришни таклиф этмоқда.

Таклифлар 2027−2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда келтирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, пенсия харажатларининг даромад базаси чекланган шароитда барқарор ўсиши Пенсия жамғармасининг ўз мажбуриятларини мустақил равишда бажариш имкониятини камайтирмоқда. Шу боис давлат бюджетидан трансфертларга эҳтиёж сақланиб қолмоқда, бу эса ўрта муддатли истиқболда ҳам фискал юкламани сақлаб қолиши мумкин.

2024 йилда жамғарма харажатлари 64 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 4,2 фоизни, 2025 йилда эса 76,7 трлн сўмни, шунингдек ЯИМга нисбатан 4,2 фоизни ташкил этган. Шу даврда давлат бюджетидан ажратилган трансфертлар 16,3 трлн сўмдан 20,2 трлн сўмгача ошган.

2026 йил учун Пенсия жамғармаси даромадлари 64,7 трлн сўм, харажатлари эса 86,1 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 4,1 фоиз миқдорида тасдиқланган. Мажбуриятларни молиялаштириш учун республика бюджетидан яна 23 трлн сўм ажратиш назарда тутилган. Шу тариқа, жамғарманинг ўз даромадлари ҳали ҳам унинг харажатларидан анча пастлигича қолмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ислоҳотларсиз 2027−2029 йилларда ҳам пенсия тизимининг давлат бюджетига қарамлиги юқори бўлиб қолишидан огоҳлантирмоқда. Асосий муаммолар сифатида норасмий бандлик туфайли жамғарманинг даромадлар базаси чеклангани ҳамда ижтимоий солиқ тўлови бўйича айрим тоифадаги юридик шахсларга имтиёзлар берилиши кўрсатилган.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ

Ҳозир мамлакатда 2,8 млн нафар ўзини ўзи банд қилган шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг қарийб 800 минг нафари ёки 30 фоизи ихтиёрий равишда тегишли тўловларни амалга оширади. Айни пайтда ўзини ўзи банд қилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари — 412 минг сўмни тўлаб, пенсия тайинлаш учун бир йиллик меҳнат стажига эга бўлиши мумкин.

Пенсия тизими қамровини кенгайтириш мақсадида ҳозирда ижтимоий солиқ тўламаётган рўйхатдан ўтган ўзини ўзи банд қилган шахсларни босқичма-босқич мазкур солиқни тўлашга ўтказиш (аниқроғи, уларни ижтимоий солиқ тўлашга мажбурлаш) таклиф этилмоқда.

Расмий даромадга эга фуқароларга ҳам ишламайдиган оила аъзолари учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш имкониятини бериш мумкин. Бу улар учун иш стажи ва пенсия олиш ҳуқуқини шакллантириш имконини беради.

Бундан ташқари, ижтимоий солиқ бўйича янги имтиёзлар беришни чеклаш ва амалдагиларини босқичма-босқич бекор қилиш таклиф этилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримовнинг сўзларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича 65 мингдан ортиқ корхона ижтимоий солиқ бўйича 3,2 трлн сўмлик имтиёзларга эга бўлган. Уларнинг айримлари солиқдан тўлиқ озод қилинган, бошқалари эса уни 1 фоизлик ставка бўйича тўлайди.

Пенсия ҳисобини тўловлар билан кучлироқ боғлаш таклиф қилинмоқда

Таклифларнинг алоҳида қисми тўланган ижтимоий солиқ билан келгусидаги пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқликни кучайтиришга қаратилган.

Ижтимоий солиқ билан бевосита боғлиқ бўлмаган ижтимоий харажатларни тўғридан-тўғри республика бюджетидан молиялаштириш таклиф этилмоқда. Бу Пенсия жамғармаси маблағларини унинг асосий мажбуриятларини бажариш учун бўшатиши керак.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини ҳам босқичма-босқич кенгайтиришни таклиф этмоқда. Ҳозирги кунда чекланган давр асосида ҳисоблаш фуқаронинг бутун меҳнат фаолияти давомида жамғармага қўшган ҳиссасини тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин.

Стратегияда пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Амалдаги чеклов туфайли ўрта ва ундан юқори иш ҳақи олувчи фуқаролар турлича миқдорда ижтимоий солиқ тўлаганига қарамай, бир хил пенсия олиши мумкин.

Расмий юқори иш ҳақига эга фуқаролар тўлаган бадалларига кўпроқ мос келадиган пенсия олиши учун ушбу чегарани босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Ҳозир пенсия миқдори сўнгги 10 йил ичидаги исталган беш йиллик иш ҳақи асосида ҳисобланади. Бунда иш ҳақининг 6 млн сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди (максимал миқдор 6,6 млн сўмгача оширилиши мумкин).

Президент ҳузуридаги йиғилишда пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача ошириш ҳамда паст даромадли айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинган эди.

Шунингдек, электрон маълумотлар тўлиқ шаклланмаган даврлар бўйича иш стажини тасдиқлаш тартибини соддалаштириш режалаштирилмоқда. Мақсад — ҳозирда қўшимча ҳужжатлар йиғишга мажбур бўлаётган фуқаролар учун маъмурий юкламани камайтириш.

Энг кам иш стажи оширилиши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган энг кам иш стажи муддати қисқалиги фуқароларнинг расмий бандликка қизиқишини пасайтиришини таъкидламоқда.

Шу муносабат билан талаб этиладиган меҳнат стажини халқаро стандартларга мувофиқ босқичма-босқич ошириш таклиф қилинмоқда. Ҳужжатда пенсия олиш даврини ҳам халқаро стандартларга мослаштириш ҳақида сўз боради, аммо бу борадаги механизм ва эҳтимолий ўзгаришларнинг аниқ параметрлари очиқланмаган.

Давлат кам таъминланганларнинг жамғармасига қўшимча маблағ қўшиши мумкин

Ислоҳотнинг яна бир йўналиши — жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу тизимнинг жозибадорлиги ҳали ҳам пастлигини тан олмоқда, чунки фуқароларнинг жамғарган маблағига тўланаётган даромад фоизи тижорат банклари таклифларидан паст.

Тизимга қизиқишни ошириш учун matching механизмини — кам даромадли фуқароларнинг тўловларини давлат томонидан биргаликда молиялаштириш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бундай моделда давлат фуқаронинг мустақил равишда жамғарган пенсия маблағига белгиланган миқдорда қўшимча маблағ қўшади.

Агар ойлик иш ҳақи 7,6 млн сўмгача — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваригача бўлган фуқаро даромадининг 5 фоизини жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказса, давлат қўшимча равишда яна 2,5 фоиз ажратади.

Шу билан бирга, юқори иш ҳақини расмийлаштиришни рағбатлантириши лозим бўлган carve out механизми ҳам кўриб чиқилмоқда. Унинг қўлланиш тафсилотлари стратегияда келтирилмаган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, шунингдек, фуқароларни кексалик учун қўшимча маблағларни мустақил равишда жамғаришга рағбатлантириш ва жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиш жозибадорлигини оширишни таклиф этмоқда.

Фуқароларни пенсия жамғармаларини бошқаришга жалб қилиш таклиф этилмоқда

Стратегияда қайд этилишича, жамғариб бориладиган пенсия маблағларининг молиявий инструментларга жойлаштирилиши ва улардан олинаётган даромадлар ҳақидаги маълумотлар ҳали ҳам чекланган.

Шаффофлик ва фуқаролар ишончини ошириш мақсадида уларга ўз пенсия жамғармаларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини босқичма-босқич бериш таклиф қилинмоқда. Бу иштирок қандай ташкил этилиши, шунингдек, фуқаролар бошқарувчи компания ёки молиявий инструментларни танлай оладими-йўқми, ҳужжатда аниқлаштирилмаган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклиф этилаётган чоралар пенсия тизими қамровини кенгайтириш, ўзини ўзи банд қилганлар ва рўзғорда банд бўлган фуқаролар учун пенсия ҳуқуқларини шакллантириш, шунингдек, расмий бандлик ва даромадларни декларация қилишга рағбатни кучайтириш имконини беради, деб ҳисобламоқда.

Истиқболда бу Пенсия жамғармасининг молиявий барқарорлигини ошириши ва унинг давлат бюджетига қарамлигини босқичма-босқич камайтириши кутилмоқда. Жамғариб бориладиган тизимнинг ривожланиши эса фуқароларга кексаликда даромад манбаларини диверсификация қилиш, иқтисодиётга эса қўшимча узоқ муддатли инвестиция ресурсларини жалб қилиш имконини бериши кутилмоқда.

2024 йил июль ойида Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда пенсия тизими қамрови норасмий бандлик юқори бўлгани сабабли атиги 38 фоизни ташкил этишини маълум қилган эди. Бошқа мамлакатлар билан солиштирганда бадаллар миқдори юқори (12−25%) бўлишига қарамай, тўланадиган пенсиялар ўртача даражада қолмоқда. Ўшанда агентлик мамлакат пенсия тизимини қандай қилиб янада самарали қилиш мумкинлигини ўрганган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *