• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш корхоналари ажратилади


Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 июль куни сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлашга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаётгани, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги катта тариф тафовути соҳага инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини пасайтираётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаларини ажратиш, шунингдек, Магистраль сув таъминоти бўйича алоҳида корхона ташкил этиш таклиф этилди. Мазкур корхона ҳудудий сув таъминоти ташкилотларини ягона улгуржи тариф асосида ичимлик суви билан таъминлайди.

Шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини шаффоф ҳамда иқтисодий асосланган мезонлар асосида белгилайдиган Идоралараро тариф комиссиясини ташкил этиш режалаштирилган. 2027 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотлари учун ягона тарифни жорий этиш кўзда тутилган.

Тақдимотда қайд этилишича, демографик ва иқтисодий ўсиш натижасида 2030 йилга бориб мамлакатда ичимлик сувига бўлган талаб ҳозирги 941 миллион куб метрга нисбатан яна 230 миллион куб метрга ортади. Бу сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва йўқотишларни қисқартиришни тақозо этади.

Шу муносабат билан президент истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни тўлиқ онлайн шаклга ўтказиш, шунингдек, шаҳарлар ва туман марказларидаги барча истеъмолчилардан масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлари билан таъминлаш бўйича вазифаларни белгилади.

Шунингдек, сув иншоотлари ва тармоқларининг рақамли харитасини яратиш, SCADA, GIS, телеметрия ҳамда ягона биллинг тизимини кенг жорий этиш орқали сув йўқотишларини 35 фоиздан 25 фоизгача қисқартириш вазифаси қўйилди.

Тақдимотда, шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида насос ускуналари фаолиятини таҳлил қилиш, авариялар ва сув сизиб чиқиш ҳолатларини олдиндан аниқлаш, сув истеъмоли ҳажмини прогноз қилиш ҳамда фуқаролар мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга қаратилган лойиҳалар ҳам намойиш этилди.

Кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида алоҳида факультет очиш таклиф этилди. Шунингдек, ҳудудлардаги техникумлар базасида ичимлик ва оқова сув йўналишида дуал таълимни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, 2017 йилдан буён соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 баробар ошиб, 2,7 миллиард долларга етган. Марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти билан қамров даражаси эса 63 фоиздан қарийб 83 фоизгача ошган.

Шу давр мобайнида 7,7 миллион нафар аҳоли биринчи марта марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланди, 11 миллион нафарнинг сув таъминоти яхшиланди, яна 1,1 миллион нафар канализация тизимига уланди.

39 минг километр ичимлик суви тармоқлари ва 3,2 минг километр канализация тармоқлари қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Шунингдек, 3 400 та ичимлик суви иншооти, 295 та канализация иншооти ва насос станцияси барпо этилди ёки модернизация қилинди.

Келгуси йилларда аҳолини ичимлик суви билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, шаҳарларда канализация хизматлари билан қамровни эса 80 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун қўшимча 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *